03.05.2018
Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги, шаҳар ва туманларда унинг марказлари ташкил этилди.
Олдинги “ягона дарча” марказлари фақат тадбиркорларга хизмат кўрсатган бўлса, давлат хизматлари марказлари аҳолига ҳам турли енгилликлар тақдим этмоқда. Уларнинг Халқ қабулхоналари билан бир жойда фаолият олиб бориши фуқаролар муаммоларини жойида ҳал қилиш, жисмоний ва юридик шахсларга тез, қулай, шаффоф хизмат кўрсатишда қўл келмоқда.
Наманган шаҳар давлат хизматлари марказида кунига 800 дан ортиқ шахсга 60 га яқин хизмат кўрсатиш имконияти яратилган. Бу ерда Халқ қабулхонаси, нотариус, ФҲДЁ, паспорт бўлимлари, суғурта, кадастр, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш, тез тиббий ёрдам хизматлари, банк шохобчаси жойлашган.
Келувчилар учун тиббиёт хонаси, болалар майдончаси, ошхона ташкил этилган.
Президент марказдаги шароитлар билан танишди. Аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатиладиган хизматлар турлари, сифати ва тезкорлиги билан қизиқди. Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш жараёнини кўздан кечирди.
Муассаса ходимлари билан мулоқотда хизмат турларини янада кўпайтириш, аҳолининг интернет хизматларидан фойдаланиш даражасини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Бу тизимдан энг катта мақсад - одамларнинг оғирини енгил қилиш. Ҳамма ҳудудларни ва хизматларни шу тизимга қамраб олсак, сарсончилик, адолатсизлик, коррупция бўлмайди, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари ушбу марказ биносида жойлашган “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бўлими ҳамда Наманган инновация маркази фаолияти билан ҳам танишди.