
23.12.2016
2016 йил 23 декабрь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари Самарқанд азалдан дунёга машҳур экани, бугун бу қадимий замин халқимизнинг улуғ фарзанди, мустақиллигимиз асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов туғилиб ўсган ва мангу ором топган жой сифатида ҳар биримиз учун янада қадрдон масканга айланганини таъкидлади.
Мустақиллик йилларида Самарқанд ўзининг ривожланган саноати ва қишлоқ хўжалиги, табиий бойликлари, улкан сайёҳлик салоҳияти билан мамлакатимизнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида муҳим ўринга эга бўлди.
Вилоят иқтисодиёти 2010 йилдан буён 1,7 баробар ўсди, деди Президентимиз. Ялпи ҳудудий маҳсулотда саноатнинг улуши 2011 йилда 18 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йил якунида бу кўрсаткич қарийб 24 фоизга етиши кутилмоқда.
Бугунги кунда жаҳондаги энг юксак стандартлар асосида жиҳозланган Самарқанд автомобиль заводида ўнлаб турдаги машиналар ишлаб чиқарилмоқда. Кейинги беш йилда вилоятда 100 дан ортиқ янги қўшма ва хорижий корхоналар ташкил этилиб, айни пайтда уларнинг сони 259 тага етди. Ушбу корхоналарда йилига 2,5 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланмоқда.
Самарқанд вилоятининг иқтисодий ривожи унинг экспорт салоҳиятида ҳам намоён бўлаётир. Жорий йилда ҳудудий экспорт миқдори 393 миллион долларга етди.
Вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда. Мазкур соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 78 фоиздан ошгани ва меҳнат билан банд аҳолининг 84 фоиздан зиёди шу соҳада фаолият кўрсатаётгани эътиборга лойиқ.
Қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ этиш ва модернизация қилиш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Кейинги беш йилда 16 минг гектардан зиёд пахта майдонлари қисқартирилиб, мева-сабзавот ва полиз экинлари экилмоқда. Юртимизда мавжуд интенсив боғларнинг 7500 гектардан ортиғи ёки 43 фоизи Самарқанд вилоятида ташкил этилган, деди давлатимиз раҳбари.
Сессияда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, истиқболли янги саноат объектлари барпо этиш, ижтимоий инфратузилмани янада яхшилаш борасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди. Енгил саноат соҳасида туманларда пахтани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш, мавжудларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, шу орқали ҳудудлар экспорт салоҳиятини юксалтириш лозимлиги таъкидланди. Ургут туманининг ресурс базасидан самарали фойдаланиш, саноат ва экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш, инвестиция ва илғор технологияларни жалб этиш мақсадида “Ургут” эркин индустриал зонаси ташкил этилмоқда.
Президентимиз вилоятда туризмни янада ривожлантириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратди. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва шу ҳужжат асосида ишлаб чиқилган дастурда Самарқанднинг бу борадаги салоҳияти ва туристик потенциалини ошириш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланган.
Вилоят қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни изчил давом эттириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. 2017 йилда 4400 гектар пахта майдонини қисқартириш эвазига мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлашга мўлжалланган корхоналар ташкил этиш, лалми ерларга жаҳон бозорида талаб юқори бўлган экспортбоп экинлар экиш, тоғолди ҳудудларда доривор ўсимликлар етиштириш, чорвачиликни ривожлантириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Давлатимиз раҳбари 2017 йилнинг мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани муносабати билан бу борада маҳаллий ҳокимлик ва бошқарув органлари олдида турган вазифаларга алоҳида эътибор қаратди. Раҳбарларнинг халқ ичига кириб, аҳоли билан самимий мулоқот қилиши, уларнинг дарду ташвишларини тинглаб, муаммоларга ечим топиши халқимизнинг давлатдан рози бўлиши ва турмуши фаровонлигига хизмат қилиши таъкидланди.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Ҳиммат Оқбўтаев Самарқанд вилояти ҳокими этиб сайланди.
“Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Ф.Тошев, Каттақўрғон туманидаги “Пайшанба” шаҳарча фуқаролар йиғини раиси Қ.Аҳмедов, меҳнат фахрийси З.Зиёев ва бошқалар Президентимиз нутқида баён этилган фикрлардан келиб чиқиб, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган долзарб вазифаларни муваффақиятли адо этиш йўлида вилоят аҳли астойдил меҳнат қилади ва кўзланган марраларга албатта эришади, деб таъкидлади.