23.12.2017
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғида бунёд этилаётган «Tоshkent Сity» халқаро ишбилармонлик марказининг такомиллаштирилган лойиҳасини кўздан кечирди.
Мамлакатимизда хорижлик сармоядорларни жалб қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жаҳон тажрибасида ишбилармонлар учун умумий мажмуа сифатида бизнес марказлари яратиш тажрибаси кенг қўлланилади. Пойтахтимизда барпо этилаётган халқаро ишбилармонлик маркази ҳам замонавийлиги ва қулайлиги жиҳатидан ноёб лойиҳадир.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 28 октябрь куни “Tоshkent Сity” халқаро ишбилармонлик маркази барпо этилаётган ҳудудда бўлиб, буюртмачи ва қурувчилар олдида турган вазифалар, ташкилий ва молиявий масалаларни жойида муҳокама қилган, лойиҳаларни янада такомиллаштириш, қурилишни жадаллаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берган эди.
Давлатимиз раҳбари такомиллаштирилган лойиҳаларни яна бир бор кўздан кечирди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июлдаги “Тошкент шаҳрининг марказий қисмини ободонлаштириш ва архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Tоshkent Сity” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудидаги объектларни қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича дирекция тузилган.
Давлатимиз раҳбари халқаро ишбилармонлик марказининг маъмурий биносида бўлди. Бу ерда яратилаётган лойиҳалар, иш жараёни билан танишди.
“Tоshkent Сity” халқаро ишбилармонлик марказининг такомиллашган концепциясига кўра, бино ва иншоотлар турли қурилиш ташкилотлари томонидан барпо этилмоқда. Лойиҳаларни мамлакатимиз ишбилармонлари Хитой, Туркия, Жанубий Корея каби мамлакатлардан келган инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширмоқда.
Президент қурилишга жалб қилинган инвесторлар билан суҳбатлашди. Уларнинг фикрлари ва ташаббуслари билан қизиқди.
Бугун халқ тилида “шаҳар ичидаги шаҳар” деб ном олган марказ қурилиши икки босқичда тўрт йилда якунига етказилади.
Президент Шавкат Мирзиёев “Tоshkent Сity” халқаро ишбилармонлик марказида қурилаётган бино ва иншоотларнинг бир-бирига уйғун бўлиши, дизайн жиҳатидан бири иккинчисини тўлдириши кераклигини таъкидлади.