23.12.2017
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бўлиб, бу ерда амалга оширилган қурилиш ва таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари билан танишди.
Улуғ шоир ва мутафаккир номи билан аталадиган бу даргоҳ Алишер Навоийга муносиб бўлиши учун бу ерда талабаларга ҳар томонлама пухта билим беришга қаратилган шарт-шароит яратилган. Университет олдида шеърият мулкининг султони Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилиб, унинг атрофи ободонлаштирилди.
Университет таркибида ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, ўзбек-инглиз таржима факультетлари, шунингдек, Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти ва Ўзбек тили ва адабиёти музейи фаолият олиб бормоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев бу ерда жаҳон тажрибаси асосида замонавий воситалар билан ташкил қилинган ўқитиш методикаси билан танишди. Яъни, талабалар Навоий асарларини фақат китоб орқали эмас, балки замонавий мультимедиа технологияларидан фойдаланган ҳолда ўрганади.
Давлатимиз раҳбари Университетнинг илмий салоҳиятини кўтариш, мавқеи ва нуфузини ошириш, таълим бериш ҳамда талабаларнинг билим савияси, техник ва технологик жиҳозланиш ва бошқа мезонлар бўйича бошқа олий таълим муассасаларига ўрнак ва ибрат бўладиган масканга айлантириш зарурлигини қайд этди.
Жиҳозлаш масаласи ҳақида сўз борар экан, университетнинг конференция залига алоҳида тўхталиш жоиз. Бу ерда талабалар нафақат мамлакатимиздаги балки, хориждаги олий таълим даргоҳлари билан бевосита онлайн тарзда мулоқот қилиш, видеоконференциялар ўтказиш имкониятига эга.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев лингофон хонаси, синхрон таржима хонаси, хаттотлик лабораториясида яратилган замонавий шароит ва имкониятлар билан танишиб, ўқув жараёнини янада такомиллаштириш бўйича ўзининг тавсияларини берди.
Давлатимиз раҳбари бу ерда ўқитувчилар билан суҳбатлашар экан, тарихий ва замонавий адабий меросимизни хорижий тилларга таржима қилиш, тилимизнинг жаҳон миқиёсидаги нуфузини юксалтириш борасида ўзининг мулоҳазаларини билдирди.
Шунингдек, Навоий ижодини тарғиб қилиш Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги обрў-эътиборини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.