17.11.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъати ўзининг қадимий тарихи, теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллайди.
Асрлар давомида улуғ шоир ва олимлар, моҳир бастакорлар, ҳофиз ва созандаларнинг машаққатли меҳнати ва фидойилиги, ижодий тафаккури билан сайқал топиб келаётган ушбу ноёб санъат нафақат юртимиз ва шарқ мамлакатларида, балки дунё миқёсида катта шуҳрат ва эътибор қозонган. Мақом санъатининг гултожи бўлган “Шашмақом” ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилгани ҳамда унинг Репрезентатив рўйхатига киритилгани бунинг яққол тасдиғидир.
Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда мақом санъатини ўрганиш ва ривожлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Айниқса, ўзбек “Шашмақом”и нота матнларининг нашр этилиши ва уларга мувофиқ равишда мақом куй-қўшиқларининг магнит ленталарга ёзиб олиниши улкан илмий-маданий аҳамиятга эга воқеа бўлди.
Ҳозирги кунда юртимизда Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли, ҳудудларда мақом жамоалари, Ўзбекистон давлат консерваториясида шу йўналишда махсус кафедра фаолият кўрсатаётгани, соҳага оид илмий изланишлар олиб борилаётганини қайд этиш лозим.
Айни вақтда миллий ўзлигимизни англаш, маданиятимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз, аввало, ёш авлодимизни юксак инсоний туйғулар руҳида тарбиялаш, унинг эстетик диди ва тафаккурини шакллантиришда мақом санъатининг кенг имкониятларидан етарлича фойдаланилмаяпти.
Мазкур йўналишда чуқур илмий-назарий тадқиқотлар, ўқув-услубий адабиётлар яратиш, мақом санъатини радио-телевидение, оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоғи орқали мамлакатимизда ва чет элларда тарғиб этиш, мақом устозлари, соҳа олимлари ва мутахассислари, иқтидорли ва истиқболли ёш ижрочилар фаолиятини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ишлари эътибордан четда қолиб келмоқда.
Юқорида зикр этилган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, ўзбек мақом санъатини чуқур ўрганиб, ўзига хос ижро мактаблари ва анъаналарни янги босқичда равнақ топтириш, унинг “олтин фонди”ни яратиш ва бойитиш, халқаро нуфузини ошириш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг давлат муассасаси шаклида Ўзбек миллий мақом санъати маркази (кейинги ўринларда – Мақом маркази) фаолиятини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантиришга доир чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси таркиби 1-иловага;
Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантиришга доир чора-тадбирлар дастури 2-иловага;
Ўзбек миллий мақом санъати марказининг таркибий тузилмаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбек миллий мақом санъати марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Ўзбекистонда мақом санъатини янада ривожлантириш, бу борада шаклланган ижро ва ижодий мактаблар ва анъаналарни, буюк бастакорлар, ҳофиз ва созандалар меросини чуқур илмий асосда ўрганиш ва қайта тиклаш;
ўзбек мақом санъати мумтоз ва замонавий ижро намуналарининг “олтин фонди”ни яратиш;
халқимиз, хусусан, ёш авлодни мақом санъати билан кенг таништириш орқали уларда миллий ўзликни англаш туйғуси юксак бадиий-эстетик дид ва тафаккурни камол топтириш;
мақом санъати бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш ва тарғиб қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;
мумтоз мусиқа меросимиз намуналарини нотага олиш, мавжуд ёзувларни такомиллаштириш ва амалиётга жорий этиш, мақом санъатининг ижтимоий-тарихий илдизлари, илмий-назарий негизлари, миллий ва умумбашарий қадриятлар билан боғлиқ жиҳатларини юртимиз олимлари ва чет эллик мутахассислар иштирокида чуқур ўрганиб, янги илмий тадқиқотлар яратиш;
мақом санъатининг кўп асрлик ижро йўлларини пухта ўзлаштириб, уларни янгича усуллар билан бойитиб, ёш авлод вакилларига ўргатиб келаётган мақомчилар, мақомшунос илмий-педагог олимлар ва мутахассислар, Мақом маркази ходимлари фаолиятини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
юртимизда мақом санъати бўйича хорижий етук ижрочиларнинг ўзаро тажриба алмашуви, маҳорат дарслари ҳамда турли халқаро мақом анжуманлари ва танловларини ташкил этиш;
республика ҳудудларида таниқли мақом ижрочиларининг концертларини ва маҳорат дарсларини ташкиллаштириш;
мақом санъатини радио-телевидение, оммавий ахборот воситалари ва Интернет орқали Ўзбекистон ва чет элларда кенг тарғиб этиш.
4. Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлигига:
Ўзбекистон давлат консерваториясининг Мусиқий шарқшунослик кафедраси негизида “Ўзбек мақоми тарихи ва назарияси” кафедрасини ташкил этиш, вилоятлардаги педагогик олий таълим муассасаларининг мусиқий таълим йўналишида мақом санъатини махсус фан сифатида ўқитишни жорий этиш;
мазкур таълим муассасаларига малакали мутахассислар, профессор-ўқитувчиларни жалб этиш, улар учун зарур шарт-шароитларни яратиш, тегишли дарслик, ўқув қўлланма ва илмий-услубий адабиётлар билан таъминлаш;
республикадаги мавжуд болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда маданият ва санъат коллежлари ва академик лицейларда мақом санъатини ўқитиш бўйича бўлимлар фаолиятини янада кучайтириш;
мақом санъатининг ижодий, илмий-услубий ва ижро анъаналарини пухта ўзлаштириш ва муносиб давом эттириш мақсадида, таълим муассасаларига моҳир мақомчи санъаткорларни бириктириш ва шу асосда “устоз-шогирд” мактабларини ташкил этиш вазифаси топширилсин.
5. 2018 йилдан бошлаб Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш белгилансин.
Республика комиссиясига:
Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда, бир ой муддатда Шаҳрисабз шаҳрининг Оқсарой майдонида мазкур анжуманни ўтказиш учун зарур маданий инфратузилма иншоотларини барпо этиш бўйича таклифлар киритиш;
Халқаро мақом санъати анжуманининг илмий-ижодий концепцияси ва Низомини ишлаб чиқиш;
Оқсарой майдонининг тарихий қисмида мақом санъатига бағишланган музей ва миллий созлар лабораториясини ташкил этиш;
Шаҳрисабз шаҳар маданият саройини капитал таъмирлаш, ҳозирги вақтда Оқсарой майдонидаги мавжуд Мақом маркази ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолиятларини такомиллаштириш;
Халқаро мақом санъати анжуманини юксак савияда ўтказиш учун ҳорижий давлатлардан таниқли мусиқашунос олимлар, санъаткорлар, ижодий жамоалар ва мутахассисларни таклиф этиш;
2018 йилдан бошлаб соҳада фаол ижод қилаётган санъаткорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида “Энг яхши мақом хонандаси”, “Энг яхши мақом созандаси”, “Энг яхши мақом устози”, “Энг яхши мақом тарғиботчиси”, “Энг яхши ёш мақомчи” каби номинациялар бўйича мукофотлар таъсис этиш;
Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантиришга доир чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш вазифалари юклатилсин.
6. Мақом маркази Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Тошкент радиоэшиттириш уйи” биносига ижара тўловисиз вақтинча жойлаштирилсин. (Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Махтумқули кўчаси 49-уй)
Маданият вазирлиги, “Давархитектқурилиш” қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги 1 ой муддатда Мақом маркази учун замонавий талабларга жавоб берадиган лойиҳа асосида янги бино қуриш бўйича таклиф киритсин.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўз тизими учун бюджетдан ажратилган йиллик маблағлари доирасида доимий равишда “Тошкент радиоэшиттириш уйи”да овоз ёзиш студиялари ва техник воситалардан Мақом маркази учун бепул фойдаланиш ва Мақом ансамбли томонидан ижро этиладиган мусиқий асарларни ёзиб олиш, эфирга бериш ва тарғибот қилишни таъминласин.
7. Мақом йўналишида ижод қилиб келаётган ижодий жамоалар, ансамбллар 2023 йилгача барча солиқ тўловларидан озод этилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Мақом марказига 1 та енгил автомобиль ва 1 та автобус харид қилиш учун маблағлар ажратсин.
“Тошкент радиоэшиттириш уйи”да Мақом марказига ажратилган хоналарни жорий таъмирлаш учун маблағ ажратсин.
Мақом санъатини тадқиқ қилиш билан боғлиқ илмий изланишлар, ўқув қўлланмалар, таржималар, илмий ва услубий адабиётларни нашр қилиш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг параметрларида ижтимоий соҳага назарда тутилган маблағлар доирасида молиялаштирилишини таъминласин.
9. Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари уч ой муддатда вилоятларда янги намунали мақом ансамблларини ташкил этсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига мақом санъатини ривожлантириш ва тарғиб қилиш бўйича хорижий давлатлар билан олиб бориладиган барча ҳамкорлик ишларини ўрнатилган тартибда ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатсин.
11. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Жаҳон” ахборот агентлиги мақом санъатини ривожлантириш бўйича бажарилган ишларни мунтазам равишда ёритиб бориш мақсадида алоҳида дастур ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда, бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев