09.10.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 октябрдаги ПФ-5199-сон фармони
Ўтган давр мобайнида қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, мулкдорлар синфини шакллантириш ҳамда уларнинг мустақиллигини таъминлаш бўйича босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилди.
Ислоҳотларнинг дастлабки босқичида фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда уларни етакчи кучга айлантириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда зарур шарт-шароитлар яратилди.
Қабул қилинган “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги ва “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунлар ернинг ҳақиқий эгаси сифатида фермер ва деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаб берди ҳамда уларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи асосий субъектлар сифатида шаклланиши ва ривожланишини таъминлади.
Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, фермер ва деҳқонларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.
Ўтказилган ислоҳотлар натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 99 фоизидан ортиғи фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер майдонларида етиштирилишига эришилди.
Шу билан бирга, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда, тизимда бозор механизмларини жорий этишда, кўп тармоқли фермер хўжаликларини янада ривожлантиришда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларини барқарор ошириб боришда ҳамда ер майдонларидан самарали фойдаланишда қатор муаммо ва камчиликлар кузатилмоқда. Хусусан:
биринчидан, фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон фермерлари кенгаши ўз зиммасига юклатилган вазифаларни етарли даражада бажара олмади;
иккинчидан, аҳоли ихтиёридаги 480 минг гектардан ортиқ томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги паст даражада қолмоқда. Узоқ йиллар фойдаланилмаётган томорқа ер эгаларининг ерга нисбатан муносабатини тубдан ўзгартириш бўйича тизимли иш олиб борилмаяпти;
учинчидан, фермер ва деҳқон хўжаликларининг ер майдонлари ҳамда томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш устидан парламент, вакиллик ва жамоатчилик назорати лозим даражада ўрнатилмаган;
тўртинчидан, фермер хўжаликларининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан чекланиб қолмоқда, уларнинг қайта ишлаш, сақлаш, тайёр маҳсулотларни сотиш ва хизматлар кўрсатиш каби кўп тармоқли фаолиятини йўлга қўйишда мавжуд имкониятлардан фойдаланилмаяпти;
бешинчидан, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини моддий-техника ресурслари билан таъминлаш ва уларга хизмат кўрсатишда зарур инфратузилмалар яратилмаган ҳамда соҳада бозор механизмлари етарли даражада шаклланмаган;
олтинчидан, аксарият фермер хўжаликларининг бугунги молиявий аҳволи замонавий, ресурстежовчи қишлоқ хўжалиги техника воситаларини харид қилиш, ишлаб чиқаришда илғор агротехнология, инновация ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш имконини бермаяпти;
еттинчидан, фермер, деҳқон хўжаликлари аъзолари ва томорқа ер эгаларининг қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини етиштириш соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, уларни зарур маълумот ва ахборотлар билан таъминлаш ҳамда бошқа хизматлар кўрсатиш тизими, шунингдек фермер хўжаликларида меҳнат муносабатларини ташкил этиш ҳолати бугунги кун талабларига жавоб бермайди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини янада қўллаб-қувватлаш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини таъминлаш, пировард натижада ер эгаларининг даромадларини кўпайтиришга бўлган муносабатларини тубдан ўзгартириш мақсадида:
1. Қуйидагилар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг ҳозирги босқичдаги устувор йўналишлари этиб белгилансин:
биринчидан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали тизимини яратиш, ушбу соҳада норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
иккинчидан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланишдаги шахсий манфаатдорлиги ва масъулиятини ошириш, бу борада парламент, вакиллик ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан тизимини яратиш;
учинчидан, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг экин ер майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича вазифаларини аниқ белгилаш ҳамда уларнинг жавобгарлигини кучайтириш;
тўртинчидан, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини кучайтириш;
бешинчидан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, уларнинг тайёрлов, қайта ишлаш, таъминот ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ўзаро муносабатларида замонавий бозор механизмларини жорий этиш;
олтинчидан, “Томорқа – қўшимча даромад манбаи!” шиорини қишлоқ аҳолиси орасида кенг тарғиб қилиш ҳамда ер эгаларининг кундалик фаолиятига сингдириш;
еттинчидан, ер эгаларининг билим ва тажрибаларини ошириш, уларни зарур маълумот ва ахборотлар билан таъминлаш тизимини ривожлантириш, соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш, фермер хўжаликларининг меҳнат муносабатларини ташкил этиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш.
2. Ўзбекистон фермерлари кенгаши конференциясининг қарорига мувофиқ Ўзбекистон фермерлари кенгаши Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермерлар кенгашлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари сифатида қайта тузилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. 2018 йил ҳосилидан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга кўра:
фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар чоракда халқ депутатлари туман Кенгашларида, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар ойда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиб борилади;
ер майдонларидан самарасиз фойдаланган, қишлоқ хўжалиги экинларини тўлиқ экмаган, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширмаган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига нисбатан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилинишигача бўлган қатъий жавобгарлик чоралари кўрилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
ва Сенатига:
ҳудудларда, биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги шароитлари оғир бўлган туманларда, экин экиш аҳволини ҳар ойда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ўрганиш ҳамда аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида амалий чоралар кўриш;
қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигининг халқ депутатлари туман Кенгашларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиниши аҳволини доимий равишда сенаторлар томонидан ўрганиш ҳамда ҳар чоракда Олий Мажлис Сенатининг мажлисларида кўриб чиқиш амалиётини жорий этиш тавсия этилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография
ва давлат кадастри давлат қўмитаси:
Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда 2018 йил 1 октябрга қадар барча деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказсин ҳамда уларнинг ягона реестрини шакллантирсин;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда шакллантирилган ягона реестрнинг назорат ҳолатида юритилишини, ундаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги, тўлиқлиги ва доимий равишда янгиланиб борилишини таъминласин.
6. Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича республика комиссиясининг 2018-2021 йилларда фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Белгилаб қўйилсинки, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўймаган фермер хўжаликлари билан ер ижараси шартномалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (З.Мирзаев, Ж.Қўчқоров) ҳар йили фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш бўйича фермер хўжаликлари кесимида ҳудудий дастурларнинг ишлаб чиқилишини ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят Кенгашларида тасдиқланишини таъминласин, шунингдек ҳудудий дастурлар асосида ишлаб чиқилган республика миқёсидаги дастурларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (А.Арипов, З.Мирзаев):
икки ой муддатда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, мева-сабзавотчилик, асаларичилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа муҳим йўналишларини янада ривожлантириш, фермер хўжаликларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш ва унинг самарадорлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорлари лойиҳаларини киритсин;
уч ой муддатда қишлоқ хўжалиги самарадорлиги ва рентабеллигини оширишда, айниқса пахта йиғим-теримини механизациялаштиришда бозор инфратузилмаларини, инновацияларни, фан ютуқлари ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек соҳада меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
икки ой муддатда 2018-2020 йилларда республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига киритсин.
8. Деҳқончилик маданиятини оширишда муносиб ҳисса қўшган ва ишлаб чиқаришда юксак натижаларга эришган фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгаларига тақдим этиладиган “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари таъсис этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 22 октябрдаги ПФ–4478-сон “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т.Мирзаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев