10.09.2017
Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳийм
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу
Қозоғистон Республикаси Президенти муҳтарам Нурсултон Назарбоев Жаноби Олийлари!
Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби, муҳтарам доктор Аҳмад ал-Усаймин Жаноби Олийлари!
Ҳурматли давлат ва ҳукумат раҳбарлари!
Хонимлар ва жаноблар!
Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ушбу нуфузли саммитининг мавзуси, яъни “Фан, технологиялар, инновациялар ва ислом оламини модернизация қилиш” деган ғоя бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.
Таъкидлаш керакки, Ислом олами жаҳон фани ва цивилизациясига қўшган беқиёс ҳиссаси билан фахрланишга тўла ҳақлидир.
Хусусан, Марказий Осиё ҳудуди Шарқ Ренессансининг йирик марказларидан бири сифатида бутун дунёда маълум ва машҳур бўлган.
Бу ҳақда гапирганда, аввало, улуғ ватандошларимиз – алгоритм асосчиси Ал-Хоразмий, қомусий олим Ал-Фарғоний, геодезия ва минералогия фанлари ривожига улкан ҳисса қўшган Абу Райҳон Беруний, Ғарбда Авиценна номи билан танилган Ибн Сино, давлат арбоби ва буюк астроном Мирзо Улуғбек сингари мутафаккир зотларнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.
Бугунги нотинч ва таҳликали замонда тараққиёт ва ижтимоий барқарорликни таъминлашда буюк аждодларимиз қолдирган, бутун инсониятнинг маънавий бойлиги бўлган бебаҳо мероснинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Ана шундай эзгу мақсад билан ўтган йили Тошкентда ўтказилган ташкилотимизнинг Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ғоясини илгари сурган эдик ва ҳозирда бу борада мамлакатимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, ташкилотимизга аъзо давлатлар раҳбарларига, хусусан, Ислом тараққиёт банкининг президенти Бандар Ҳажар Жаноби Олийларига ташаббусимизни қўллаб-қувватлаганлари учун миннатдорчилик билдираман.
Бугунги кунда Ўзбекистон китоб фондларида 100 мингдан зиёд қўлёзмалар сақланмоқда, уларнинг асосий қисми ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.
Айни вақтда биз Ўзбекистон пойтахти Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ишларини бошладик. Ва Ташкилотга аъзо мамлакатларни фаол ҳамкорликка чақирамиз.
Бу марказни “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида барпо этишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислиги даврида “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” ғоясини илгари сургани албатта бежиз эмас.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 300 дан ортиқ илмий-тадқиқот муассасаси, илмий-ишлаб чиқариш корхоналари ва инновация марказлари фаолият олиб бормоқда.
Кейинги пайтда мамлакатимизда янги илмий-инновацион тузилмалар – Геномика ва биоинформатика маркази, Халқаро қуёш энергияси институти, Юқори технологиялар маркази, Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация маркази ташкил этилди.
Биз Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик бўйича Доимий қўмитаси фаолиятини юксак баҳолаймиз ва унинг ишида янада фаол иштирок этишни режалаштирганмиз.
Ташкилотимизнинг мазкур йўналишда 2005-2015 йилларга мўлжалланган Ўн йиллик ҳаракатлар дастури натижалари белгиланган мақсадларга эришилганидан далолат беради.
Айни вақтда кўплаб мусулмон мамлакатлари илм-фан ва технологиялар соҳасида ривожланган давлатлардан сезиларли даражада орқада қолаётганини тан олиш лозим.
Масалан, аъзо давлатларнинг фақатгина 11 та олий таълим муассасаси жаҳоннинг 500 та энг яхши университети рейтингидан ўрин олган, холос.
Ёки 2015 йилда дунё бўйича патент олиш борасидаги мурожаатларда бу мамлакатларнинг ҳиссаси атиги биру ўндан тўққиз фоизни ташкил этган. Ташкилотга аъзо давлатларда 2016 йилда эълон қилинган илмий мақолаларнинг қарийб 80 фоизи 7 та давлат ҳиссасига тўғри келган.
Аксарият мусулмон мамлакатлари бой табиий захираларга, катта молиявий салоҳиятга эга бўлса-да, иқтисодиётга инновацион ғоя ва технологияларни жорий этишда фаоллик кўрсата олмаётганини афсус билан қайд этиш лозим.
Ўйлайманки, фундаментал фан соҳаларини ривожлантириш, даврнинг долзарб муаммоларига илмий ечимлар топишга қаратилган ҳамкорликни йўлга қўйиш ислом оламининг илмий-технологик салоҳиятини ошириш учун мустаҳкам замин яратади.
Мирзо Улуғбекнинг астрономия фани ривожидаги бебаҳо ҳиссасини эътиборга олиб, Самарқанд шаҳрида замонавий телескоп ўрнатиш тўғрисидаги таклифни биз миннатдорлик билан қабул қиламиз.
Биз Ислом ҳамкорлик ташкилотининг 2016-2025 йилларга мўлжалланган Ўн йиллик ҳаракатлар дастури ва унинг устувор йўналишларини тўла қўллаб-қувватлаймиз ҳамда қуйидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратиш керак, деб ҳисоблаймиз.
Биринчидан, глобал иқлим ўзгаришлари муаммоси. Аксарият минтақаларда тупроқ емирилиб, унумдор ерлар қисқариб бормоқда, чўлланиш, сув тақчиллиги, қурғоқчилик, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш жиддий муаммога айланмоқда.
Оролбўйидаги экологик фалокат туфайли бу таҳдидлар бизнинг минтақамиз учун янада катта хавф туғдирмоқда. Биз "персоналлаштирилган қишлоқ хўжалиги" концепциясини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилишни таклиф этамиз.
Бу концепция қишлоқ хўжалиги экинларининг муайян муҳит, тупроқ, ўғит, сув ва биостимуляторларга нисбатан реакциясини инобатга олиб, уларнинг аниқ генотипларига эътибор қаратишни назарда тутади.
Иккинчидан, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграциялашган ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Шу муносабат билан Қозоғистон Президенти муҳтарам Нурсултон Абишевич Назарбоевнинг барқарор ва инклюзив иқтисодий тараққиётга эришиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган мусулмон давлатлари ўртасида инфратузилмалар бўйича интеграцияни ташкил этиш ҳақидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз.
Учинчидан, юқорида зикр этилган Доимий қўмитанинг аъзо давлатлар ҳудудида олтита Юқори самарали компьютер марказини ташкил этиш тўғрисидаги тавсиясига мувофиқ, шундай марказлардан бирини Ўзбекистонда жойлаштиришга тайёр эканимизни билдирамиз.
Биз ёш олимларга билим ва тажриба алмашиш, биргаликда тадқиқотлар ўтказиш имконини берадиган Мусулмон олами ёш олимлари халқаро марказини тузишни таклиф этамиз.
Тўртинчидан, Доимий қўмита ҳомийлигида Ўзбекистонда Ал-Хоразмий хотирасига бағишлаб, ёш математиклар ўртасида Халқаро олимпиадани ташкил этишни таклиф қиламиз.
Бешинчидан, мусулмон дунёсида эришилаётган илм-фан ютуқларини муносиб тақдирлаш ҳамда уларни халқаро миқёсда оммалаштириш учун Ислом ҳамкорлик ташкилотининг махсус мукофотини таъсис этиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.
Олтинчидан, муқобил энергия манбаларини кенг миқёсда ўзлаштириш барчамиз учун ғоят долзарб аҳамиятга эга. Шу боисдан бу йўналишдаги илмий-тадқиқот ишлари ва тажриба-инновацион лойиҳаларни биргаликда, хусусан, инвестициялар киритиш ҳисобидан амалга оширишга тайёр эканимизни билдирамиз.
Еттинчидан, аъзо давлатларнинг барқарор иқтисодий ривожланиши, аҳолининг муносиб ҳаёт даражасини таъминлаш мақсадида Фан ва технологиялар бўйича саммитни ҳар уч йилда бир марта ўтказишни ва ушбу таклиф қўллаб-қувватланган тақдирда, кейинги саммитни 2020 йилда Ўзбекистонда ўтказишга тайёр эканимизни билдирмоқчиман.
Муҳтарам анжуман иштирокчилари!
Бугунги саммит мусулмон умматининг бирдамлигини мустаҳкамлаш, халқларимизнинг равнақи ва фаровонлиги йўлидаги тарихий қадам, десак, айни ҳақиқат бўлади.
Ишончим комил, ушбу анжуман буюк аллома Мирзо Улуғбек Бухоро шаҳрида бунёд этган мадраса пештоқига битилган “Илм эгаллаш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир”, деган ҳадиси шарифни ҳаётимиз қоидасига айлантиришга хизмат қилади.
Фурсатдан фойдаланиб, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби, доктор Юсуф бин Аҳмад ал-Усаймин Жаноби Олийларига, Ташкилотимизнинг Фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик бўйича Доимий қўмитаси раиси, Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун ҲусайнЖаноби Олийларига мусулмон оламидаги илмий ҳамкорликни кучайтириш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлари учун ташаккур билдираман.
Қозоғистон Республикаси Президенти муҳтарам Нурсултон Абишевич Назарбоевни гўзал Остона шаҳрида "ЭКСПО – 2017" халқаро кўргазмасининг муваффақиятли ўтгани билан самимий табриклайман ҳамда бугунги саммит юксак савияда ташкил этилгани учун чуқур миннатдорчилик изҳор этаман.
Эътиборингиз учун ташаккур.