icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли даромадларини оширишнинг устувор вазифалари белгиланди

25.11.2026

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш юзасидан тақдимот билан танишди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, аҳолининг иқтисодий фаоллигини ошириш ва тадбиркорликни кенг қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли натижаларга эришилди. Хусусан, 2017 йилдан буён 11 миллион нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилди.

Эришилган натижалар одамларни барқарор ва юқори даромад билан таъминлаш, ўрта синф қатламини янада кенгайтириш бўйича ислоҳотларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Шу билан бирга, бу борада ҳали ишга солинмаган катта имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Бугунги кунда микро, кичик ва ўрта бизнес иқтисодиётда банд аҳолининг 75 фоизини қамраб олган бўлса-да, ялпи ички маҳсулотнинг 55 фоизи ушбу сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса корхоналарда меҳнат унумдорлиги ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш зарурлигидан далолат беради.

Йирикроқ тоифага ўтаётган микрокорхоналар улуши атиги 4 фоизни ташкил этиб, халқаро мезонлардан қарийб 4 баробар паст. Ажратилаётган кредитларнинг корхоналар ўсишига таъсири ҳам етарли эмас.

Ахборот технологиялари, логистика, молия ва суғурта каби юқори даромадли соҳаларда кичик бизнеснинг улуши атиги 8 фоизни ташкил этмоқда.

Шу боис, тақдимотда тадбиркорликни ривожлантириш ва сифатли бандликни таъминлашнинг яхлит институционал тизимини шакллантириш, бизнесни қўллаб-қувватлашнинг замонавий молиявий ва номолиявий механизмларини жорий этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Хусусан, тадбиркорларга бизнесни бошлашдан тортиб, уни кенгайтириш ва ташқи бозорларга олиб чиқишгача бўлган барча босқичларда комплекс хизматлар кўрсатилади. Бу жараёнда корхонанинг ривожланиш босқичи ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, кредит, кафолат, кафиллик, лизинг, факторинг, венчур молиялаштириш ҳамда капиталга инвестиция киритиш каби инструментларни қўллаш кенгайтирилади.

Шунингдек, тадбиркорларни ўқитиш, уларга маслаҳат бериш, бизнесни бошқариш, замонавий технологияларни жорий этиш, инвесторлар жалб қилиш ва экспорт бозорларига чиқишда кўмаклашиш назарда тутилган.

Тақдимотда тижорат кредитлашини рағбатлантириш, банклар ва бошқа молия ташкилотлари ўртасида рақобатни кучайтириш, тадбиркорларнинг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича Марказий банкнинг таклифлари ҳам кўриб чиқилди.

Жумладан, кредитга лаёқатлиликни баҳолашнинг муқобил усулларини жорий этиш, банклар ва молиявий технологиялар компаниялари ўртасида хавфсиз маълумот алмашинувини йўлга қўйиш, тадбиркорларга бир ариза орқали бир нечта банкнинг кредит таклифларини олиш имкониятини яратиш назарда тутилмоқда. Молиявий низоларни суддан ташқари ҳал этиш ва молиявий хатарларни бошқаришнинг янги механизмлари ҳам таклиф этилди.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг республикадан маҳаллагача бўлган самарали вертикал тизимини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудудларда бизнес инкубаторлари ва лойиҳа офислари, туманларда микро, кичик ва ўрта бизнесга кўмаклашиш марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, тадбиркорларга “бир дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш таклиф этилди.

Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини баҳолашда миқдор кўрсаткичларидан сифат кўрсаткичларига ўтилади. Бунда ташкил этилган корхоналарнинг барқарор фаолият юритиши, яратилган иш ўринларининг доимийлиги ва тадбиркорлар товар айланмасининг ўсиши асосий мезон бўлади.

Аҳоли даромадларини бевосита оширишга қаратилган лойиҳалар ҳақида ҳам ахборот берилди. Жумладан, ҳудудларда умумий қиймати 81 триллион сўмлик мингта лойиҳани амалга ошириш орқали 320 мингта иш ўрни яратиш, маҳаллаларнинг ихтисослашуви асосида кооперацияни ривожлантириш, томорқа ва ижара ерларида юқори даромадли маҳсулотлар етиштириш режалаштирилган.

Таклиф этилаётган чора-тадбирлар натижасида 2030 йилга қадар микро, кичик ва ўрта корхоналарнинг йирикроқ бизнес тоифасига ўтиш суръатларини икки баробар ошириш, ушбу секторнинг аҳоли бандлигидаги улушини 80 фоизга, ўрта синф улушини 90 фоизга етказиш, норасмий бандликни янада қисқартириш мақсад қилинган.

Тадбиркорликка ажратилаётган кредитларда кафолат ва кафиллик асосида берилган кредитлар улушини 1 фоиздан 12 фоизга, халқаро молия институтлари маблағлари ва бозордан жалб қилинадиган қарзлар улушини 17 фоиздан 35 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Шулар билан бир қаторда тақдимотда меҳнат бозорида талаб ва таклифни мувофиқлаштириш, бандлик хизматларини тўлиқ рақамлаштириш, касбий малакани баҳолаш ва халқаро сертификатлаш тизимини ривожлантириш, расмий иш ўринларини кўпайтиришга устувор эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.

Меҳнат муносабатларини тартибга солиш соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, иш берувчи ва ходимлар ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни шакллантириш, меҳнат муносабатларини расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш ҳамда давлат меҳнат назоратини яхшилаш бўйича таклифларни киритиш топширилди.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга ташаббусларни янада пухта ишлаб чиқиб, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган ислоҳотларнинг янги босқичида вазирлик-идоралар вазифалари ва ўзаро ҳамкорлик механизмларини аниқ белгилаш бўйича топшириқлар берди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • «Ўзбекистон — 2030» стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo