02.09.2017
Давлатимиз раҳбари «Тошкесган» фермер хўжалигининг пахта даласини кўздан кечирди. Фермер ва деҳқонлар билан агротехник тадбирларни тўғри ва сифатли амалга ошириш, ҳосилни ўз вақтида йиғиб-териб олиш хусусида суҳбатлашди.
Биз қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамма нарсани биламиз, деб ўйлаймиз. Аслида биз билмаган нарсалар жуда кўп. Шундай экан, бу борада ўқиш, изланишдан тўхтамаслигимиз, фермерларнинг ўқишини ташкил этишимиз керак. Уларга етук мутахассислар дарс бериши зарур, деди давлатимиз раҳбари.
Жиззах вилоятида пахта йиғим-теримига пухта тайёргарлик кўрилди. Вилоятда 481 минг гектар экин майдони бўлиб, унинг 261 минг гектари суғориладиган ерлардир. 12 мингдан ортиқ фермер хўжалигининг 3 минг 978 таси ғўза парваришламоқда.
Давлатимиз раҳбарига «Ўзпахтасаноат» АЖ томонидан 2017 йилги пахта хомашёсини электрон тарози орқали “Е-тарози” дастурида қабул қилиш ва ушбу жараёнга “Фотофиксация” тизимини самарали жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
«Ўзпахтасаноат» тизимидаги 98 та пахта тозалаш корхонасига қарашли барча пахта тайёрлов масканларида ўтган йили ўрнатилган электрон тарозилар ва кузатув камералари мавсумга шай қилиб қўйилган. 2017 йилги пахта ҳосилини қабул қилишда, шунингдек, пахта қабули кўрсаткичлари бўйича тайёрланадиган ҳисоботлар очиқлигини таъминлаш ҳамда ушбу жараёнда инсон омилини қисқартириш мақсадида замонавий ахборот технологиялари кенг жорий этилмоқда.
Бундай ахборот тизимида қабул қилинаётган пахта хомашёси электрон тарози орқали “Е-тарози” дастурида ўлчаниб, пахта ташиб келтирган транспорт воситаси кузатув камералари орқали синхрон тарзда тасвирга олинади, яъни фотофиксация қилинади. Тасвирда сана, транспорт воситасининг рақами, фермер хўжалигининг номи, топширилган хомашёнинг вазни акс эттирилади. Бу ҳосилни қабул қилиш жараёнида моддий жавобгар шахсларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Кунлик қабул қилинган пахта хомашёси тўғрисидаги маълумотлар марказий базага онлайн тарзда киритиб борилади. Бу, ўз навбатида, республика, вилоятлар, туманлар, секторлар (ҳоким, прокурор, ички ишлар ва солиқ идоралари), фермер хўжаликлари кесимида қабул қилинган пахта хомашёсининг марказлашган ҳисоботи шаклланиши тезкорлигини, маълумотлар очиқлигини таъминлаб, терим отрядлари самарадорлигини ҳам таҳлил қилишга замин яратади.
Жорий йилги пахта ҳосилини йиғиб олиш мавсумида барча пахта тайёрлов масканлари лабораторияларига кузатув камералари ўрнатилди. Энди фермерлар ёки уларнинг ишончли вакиллари лабораториядаги иш жараёнини жонли тарзда кузатиш ва овозини эшитиш имконияти эга бўлди.
Пахта тайёрлов масканларида татбиқ этилган “Е-тарози” дастури маълумотлар базасининг “Агробанк” АТБ марказий сервери билан интеграцияси (маълумот алмашинуви) жонли тарзда йўлга қўйилди.
Мутасаддиларга ушбу замонавий тизимни янада такомиллаштириш ва амалиётга кенг татбиқ этиш бўйича топшириқлар берилди.
Шавкат Мирзиёев «Тараққиёт манзараси» фермер хўжалиги дала шийпонида вилоят мутасаддилари, фермерлар билан учрашди.
Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида ҳудудларни Тошкент шаҳри, вилоятлар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларга бўлиш кўзда тутилган.
Учрашувда вилоятдаги мазкур сектор вакилларининг ўз ҳудудлари бўйича фаолияти муҳокама қилинди.
Президентимиз секторлар фаолияти бугунги кун талаблари даражасида ташкил қилинмаганини қайд этди.
Тадбирда вилоятда пахта йиғим-терими мавсумини самарали ташкил қилиш, такрорий экинлар мониторинги, қишлоқ хўжалиги соҳасида кутилаётган ҳосил ва даромад, барча тоифадаги хўжаликлар учун 2018 йилда экиладиган сабзавот экинлари ҳамда улардан олинадиган маҳсулот миқдори ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.