31.08.2017
Мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарларидан самимий қутловлар келмоқда. Уларда давлатимиз раҳбарига бахт-саодат, омонлик ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, равнақ ҳамда фаровонлик тилаб, чин дилдан эзгу истаклар изҳор этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Жаноби Олийлари!
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва халқига Мустақиллик куни муносабати билан ўзимнинг самимий тилакларимни изҳор этиш менга катта мамнуният бағишлайди.
Биз буюк орзу-умидлар билан бирга, турли талотўплар даврида яшаяпмиз. Мен бу йилни бутун жаҳонда тинчликни таъминлашга даъват билан бошладим. Инсоният интилаётган барча неъматлар – қадр-қиммат, одил судлов, тараққиёт ва фаровонлик бевосита тинчлик билан боғлиқ. Бу қадриятлар БМТ Низомида мустаҳкамлаб қўйилган ва бизни бирлаштириб туради.
Сизнинг байрам қувончингизга шерик бўлар эканман, БМТнинг кўп миллатли ташкилот экани бутун жаҳонда бир-биридан узоқлашиш ҳодисаси кузатилаётган бир пайтда умумий саъй-ҳаракатларимизни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани, умуман, инсонийлигимизни белгилаб бераётганини таъкидламоқчиман.
Ушбу қутлуғ кунда Сиз раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон БМТни мустаҳкамлаш, барчага тинчлик, тараққиёт ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлидаги умумий саъй-ҳаракатларимизни янада фаоллаштиришга муносиб ҳисса қўшишига ишонаман.
Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак ҳурматимни қабул қилгайсиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент Жаноблари!
Сизни ва Ўзбекистон халқини ўзим ва ватандошларим номидан Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни муносабати билан самимий муборакбод этаман.
Жорий йилда биз Ўзбекистон ва Германия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигини нишонламоқдамиз. Ўтган чорак асрда биз сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик, маданият соҳаларида, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлигимизни ривожлантиришга эришдик. Ишонаманки, бундан буён ҳам ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаймиз.
Германия Ўзбекистонда давлат бошқаруви, адлия соҳаси, иқтисодиёт ва жамиятни ривожлантириш борасидаги муҳим ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашишга тайёр. Шунингдек, Сизни ишонтириб айтаманки, Германия Ўзбекистоннинг минтақадаги давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.
Сиз ва оилангизга сиҳат-саломатлик ва фаровонлик, Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик ва тараққиёт тилайман.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Сиз, Жаноби Олийларига Миллий байрам – Мустақиллик куни муносабати билан эзгу тилакларимни изҳор этиш ҳамда Ўзбекистон халқига келгуси йилда бахт-саодат ва фаровонлик тилашдан бағоят бахтиёрман.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Миллий байрам – Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик куни муносабати билан самимий тилакларимни қабул қилгайсиз.
Сиз давлат раҳбари сифатида фаолият бошлаганингиздан буён халқларимиз ўртасида асрлар давомида шаклланган дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари янги босқичга кўтарилганини чуқур мамнуният билан қайд этаман. Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик бундан буён ҳам ривожланиб, мазмун жиҳатдан бойиб бораверади.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, давлат раҳбари сифатидаги фаолиятингизда мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва улкан муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига тинчлик, эзгулик ва фаровонлик тилайман.
Ҳурмат билан
Шунингдек, қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:
Австралия Генерал-губернатори Питер Косгроув
Австрия Республикаси Федерал Президенти Александр Ван дер Беллен
Мьянма Президенти Тхин Чжо
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев
Словакия Республикаси Президенти Андрей Киска
Украина Президенти Петр Порошенко
Осиё инфратузилма инвестициялари банки президенти Цзинь Лицюн
ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов
МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев
Миграция бўйича халқаро ташкилот Бош директори Уильям Лейси Свинг
Қутловлар келиши давом этмоқда.