03.11.2026
Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро туманидаги “Tekhnochem” корхонасида бўлиб, нефть-кимё кластерининг фаолияти ва истиқболли режалари билан танишди.
Табиий ресурсларни чуқур қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш мамлакатимиз саноат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Бухоро туманидаги кластер нефть ва газ конденсати, нафта, метанол ҳамда пиролиз дистиллятини қайта ишлашга ихтисослашган. Ушбу йўналишдаги мажмуа республикада ягона ҳисобланади.
Корхона 69 гектар майдонни эгаллаган. Бу ерда 500 нафарга яқин киши меҳнат қилмоқда. Мажмуада йилига 100 минг тонна пиролиз дистилляти, шунингдек, 160 минг тонна нафта ва газ конденсатини қайта ишлаш қуввати мавжуд. Бу ёқилғи билан бир қаторда кимё саноати учун зарур маҳсулотлар олиш имконини беради. Жумладан, октанбустер бензин сифатини оширишда, эритгичлар эса бўёқ, лак, елим ва маиший кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қўлланади.
Президентимизга кластерни кенгайтиришнинг навбатдаги босқичи тўғрисида ахборот берилди.
2028 йил якунига қадар 292 миллион долларлик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. У газ конденсати ва нафтани қайта ишлаш, ароматик углеводородлар ҳамда эритгичлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни назарда тутади. Натижада йиллик қайта ишлаш қуввати қўшимча 400 минг тоннага ошиши ва 700 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Янги қувватлар ишга тушиши билан технологлар, муҳандислар, кимёгарлар ва лаборатория мутахассисларига эҳтиёж ҳам ортади. Давлатимиз раҳбари шу муносабат билан ҳудудда касбий таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратди.
Корхона Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон ва Европа Иттифоқи мамлакатларига йилига 180 минг тоннага яқин нефть-кимё маҳсулотлари, автобензин ва дизель ёқилғисини экспорт қилишни режалаштирмоқда. Шунингдек, 2028–2030 йилларда 150 минг тонна суюлтирилган газни қайта ишлаш лойиҳаси юзасидан хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда.
Президентимиз кластернинг экспорт салоҳиятини ошириш ва янги қувватлар учун малакали кадрлар тайёрлаш бўйича тавсиялар берди.


