29.10.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған Анқара шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашни таъсис этиш тўғрисидаги битимни имзоладилар.
Бундан ташқари, кўп қиррали ва узоқ муддатли шерикликнинг турли йўналишларини қамраб олувчи икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланди. Хусусан:
– Имтиёзли савдо битими доирасида товарлар рўйхатини кенгайтириш тўғрисидаги баённома;
– Ижтимоий таъминот тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ва уни амалга ошириш бўйича маъмурий битим;
– 2022 йил 29 мартда имзоланган давлат чегаралари орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ўтиши ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тўғрисидаги баённомага ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қўшимча баённома.
Имзоланган ҳужжатлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ишбилармон доиралар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда икки мамлакат фуқароларининг ижтимоий ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган.


