13.10.2026
Президент Шавкат Мирзиёев иссиқхоналар фаолиятига “яшил” технологияларни жорий қилиш ва уларнинг экологик хавфсиз фаолият юритишини таъминлаш юзасидан тақдимот билан танишди.
Аввало, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхоналар ҳолати таҳлил қилинди. Ўтган йили махсус комиссия томонидан иссиқхоналар хатловдан ўтказилиб, муайян қисмига экологик тоза энергия манбаларига ўтишига кўмаклашилди. Шу билан бирга, айрим хўжаликларда ҳали ҳам кўмирдан фойдаланилмоқда.
Куз-қиш ойларида шамол сустлашиши ва ҳарорат инверсияси туфайли иссиқхоналардан чиқадиган ташламалар пойтахт ва унинг атрофида тўпланиши мумкин.
Шу боис, Тошкент шаҳри ва унга туташ бешта туманда иссиқхоналар учун “яшил” технологияларга асосланган махсус экологик тартиб жорий этиш таклиф қилинди. Иситишда табиий газ, электр, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр станцияларининг иккиламчи иссиқлигидан фойдаланишга рухсат берилади. Шина, пластмасса, битум, мазут, ишлатилган мой ва чиқиндиларни ёқишга йўл қўйилмайди.
Қаттиқ ёқилғида ишлаётган иссиқхоналарга жорий йил 1 декабрга қадар ушбу манбаларга ўтиш таклиф қилинади. Ёқилғини ёпиқ жойда сақлаш, автоматлаштирилган қозонлар ва самарали чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилган бўлиши, кул ва шлакни хавфсиз йиғиш учун шароит, захира генератори мавжудлиги, тутун мўриси минимал баландлик меъёрига мувофиқлиги каби қатъий техник талабларга мос бўлган иссиқхоналаргагина қаттиқ ёқилғидан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин.
Жорий йил 15 октябрдан келгуси йил 15 мартга қадар иссиқхоналарда доимий экологик мониторинг олиб борилади. Унда чанг-газ тозалаш ускуналарининг ишлаши, ҳавога чиқарилаётган ташламалар миқдори ва ёқилғи турларига қўйилган талабларга риоя этилиши назорат қилинади. Ўлчов ускуналари ва видеокузатув воситаларидан олинадиган маълумотлар Экология қўмитасининг ахборот тизимига реал вақт режимида узатилади. Мониторингда дронлардан фойдаланилади, жамоатчилик назорати вакиллари ҳам иштирок этади.
Чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилмагани, ташламалар меъёрдан ошгани ёки тақиқланган ёқилғи ишлатилгани аниқланса, белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилади. Зарур ҳолларда иссиқхона фаолияти тўхтатилади.
Иссиқхона хўжаликларининг янги талабларга мослашиши учун молиявий кўмак чоралари ишлаб чиқилган. Экологик ва энергия тежамкор ускуналарни ўрнатишга ҳар гектар учун 50 миллион сўмгача субсидия, етти йил муддатга 3 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратиш таклиф этилди. Мониторинг ускуналарини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларини енгиллаштириш ҳам назарда тутилган.
Шахсий томорқалардаги иссиқхоналарни янгилашга кўмаклашиш бўйича алоҳида таклифлар тайёрланган.
Хусусан, 2030 йилгача ер ва мол-мулк солиқларини 50 фоизга камайтириш, айланмадан олинадиган солиқдан озод қилиш ҳамда энергия тежамкор тизимлар истеъмол қилган электр энергияси харажатининг ярмини қоплаш таклиф этилмоқда. Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги хонадонларга “яшил” энергия манбалари ва самарали ускуналарни жорий этиш учун 100 миллион сўмгача грант ажратиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Янги “яшил” иссиқхона қуришга 300 миллион сўмгача, мавжудини қайта жиҳозлашга 150 миллион сўмгача имтиёзли кредит бериш назарда тутилмоқда. Иссиқхоначиликка ихтисослашган 50 та маҳаллада эҳтиёжманд оилалар учун экологик хавфсиз иссиқхоналар ташкил этиш режалаштирилган.
Иссиқхоналарда ҳосил бўладиган ифлосланган дренаж ва фильтр сувларини йиғиш, тозалаш ҳамда қайта ишлатиш масаласи ҳам кўтарилди. Бунинг учун махсус оператор фаолиятини йўлга қўйиш ва Оҳангарон туманида зарур инфратузилмани ташкил этиш таклиф қилинди.
Тақдимотда иқлими қулай ҳудудларда замонавий иссиқхоначиликни ривожлантириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Шеробод туманидаги “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонасига 940 гектар ер ажратилган ва унинг мастер режаси ишлаб чиқилган. Зонада иссиқхоналар ва агрологистика объектларини барпо этиш, шу жумладан, банклар балансидаги иссиқхоналарни бу ерга кўчириш таклиф этилди.
Эркин иқтисодий зонада инвесторлар учун ер ижарасига беш йил давомида ноль ставка қўлланилмоқда, канализация ва ер ости сувлари билан боғлиқ тўловлар бўйича уч йиллик имтиёз берилган. Қўшимча равишда ер участкаларини норматив қийматининг 10 фоизи миқдоридаги бошланғич нарх билан аукционга чиқариш, қиймати 10 миллион доллардан юқори бўлган лойиҳалар ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятидан иссиқхоналарини кўчирадиган тадбиркорлар учун эса ушбу кўрсаткични 1 фоиз этиб белгилаш таклиф қилинди.
Шунингдек, зона иштирокчиларини беш йилга ер, мол-мулк ва фойда солиқларидан, олиб келинадиган иссиқхона ускуналарини божхона божидан озод қилиш таклифи кўриб чиқилди. 400 гектар майдонда иссиқхоналар ва агрологистика объектларини барпо этиб, инвесторларга тайёр лойиҳа сифатида сотиш режалаштирилмоқда. Инфратузилмага 220 миллиард сўм, лойиҳаларни молиялаштиришга 200 миллиард сўм йўналтириш ҳамда 2027 йилда 100 миллион доллар инвестиция жалб этиш вазифаси қўйилди.
Мутасаддиларга иссиқхоналарнинг жойлашуви, энергия ресурслари манбалари ва уларни етказиб бериш ҳажмини акс эттирувчи рақамли харитани тайёрлаш топширилди. Шунингдек, иссиқхона маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда сотиш имкониятларини кенгайтириш бўйича чоралар ишлаб чиқилади.


