icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Самарқанд зафаридан жаҳон шахмат маркази сари: Президентимиз чемпионлар билан учрашди

29.09.2026

Президент Шавкат Мирзиёев шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари, уларнинг яқинлари, устоз ва мураббийлари билан учрашди.

Давлатимиз раҳбари шахматчиларимизни Самарқандда ўтказилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги тарихий ғалаба билан яна бир бор табриклади.

– Икки карра Олимпиада чемпиони деган юксак ва шарафли унвон барчамизга, бутун Ўзбекистон халқига муборак бўлсин! – деди Президентимиз.

Самарқанддаги Олимпиадада 200 дан ортиқ мамлакатдан 2 мингга яқин шахматчи, жумладан, кучли гроссмейстерлар ва амалдаги чемпионлар иштирок этди. Ана шундай рақобатда юртдошларимиз Ўзбекистон байроғини энг баландга кўтарди. Ғалабанинг ўз юртимизда, халқимиз кўз ўнгида қўлга киритилгани унга алоҳида маъно бағишлади.

Мусобақани бевосита кузатиш учун Самарқандга 60 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижлик меҳмон келди. Қарийб 500 минг киши жойлардаги мухлислар учун ҳудудларда, телеэкран ва интернет орқали эса миллионлаб ватандошларимиз баҳсларни ҳаяжон билан кузатди.

Мамлакатимиз етакчиси ҳал қилувчи ўйинларга тўхталиб, амалдаги Олимпиада чемпиони Ҳиндистонга қарши учрашувни алоҳида эслади. Нодирбек Ёқуббоев Ниҳал Саринга қарши партияда оғир вазиятга тушганига қарамай, курашни охиригача давом эттирди. Рақибнинг хатосидан фойдаланиб амалга оширган тактик юришлари жамоамизга ҳал қилувчи ғалабани олиб келди.

Шундан сўнг Ўзбекистон якка пешқадамга айланди. Шахматчиларимиз Хитой терма жамоасини 3:1 ҳисобида енгди, жаҳон рейтингида биринчи ўринда турган, олти карра Олимпиада чемпиони АҚШ жамоасидан ҳам устун келди.

Нодирбек Абдусатторов мусобақани бирорта мағлубиятсиз ўтказиб, биринчи тахтада олтин медалга сазовор бўлди. Унинг жаҳон рейтингида учинчи ўринда турган Фабиано Каруанага қарши мураккаб эндшпилда қозонган ғалабаси ҳам алоҳида эътироф этилди.

Давлатимиз раҳбари Жавоҳир Синдоровнинг Номзодлар турниридаги тарихий муваффақиятини ёдга олди. У Олимпиадада ҳам совуққонлик ва барқарорлик кўрсатди. Президентимиз Жавоҳирга жаҳон тожи учун бўлажак беллашувда бутун Ўзбекистон халқи ишонишини таъкидлади.

Олимпиадада илк бор қатнашган Муҳиддин Мадаминов ҳал қилувчи кунда украиналик Роман Дехтиаровни қора доналарда енгиб, жамоага олтин медаль учун зарур очкони келтирди. Шамсиддин Воҳидов эса амалдаги жаҳон чемпиони Гукешга қарши қора доналарда тенгма-тенг курашди. Таъкидланганидек, бу ғалабада жамоанинг ҳар бир аъзоси ҳиссаси бор.

Ўзбекистон Олимпиадада эркаклар ва аёллар ўртасида жами олтита терма жамоа билан иштирок этди. Эркаклар ўртасидаги иккинчи жамоамиз жаҳон рейтингида олтинчи ўринда турган Нидерландияни йирик ҳисобда мағлуб этди. Учинчи жамоа аъзоси, 17 ёшли Асроржон Омонов саккизта ўйиннинг еттитасида ғалаба қозонди.

– Бизда 2-3 нафар шахматчи эмас, балки бутун бошли кучли авлод бор десак, бу ҳам ҳақиқат, – деди Президентимиз.

Аёллар терма жамоалари ҳам матонат кўрсатди. Биринчи жамоа 11 турнинг еттитасида ғалаба қозониб, кучли рақиблар билан тенгма-тенг ўйнади. Афруза Ҳамдамова, Гулрухбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова, Нилуфар Имомқўзиева, Гулдона Каримова ва бошқа шахматчи қизларнинг меҳнати эътироф этилди. Давлатимиз раҳбари келгусида ўзбек шахматчи қизлари ҳам Олимпиада шоҳсупасининг энг юқори поғонасига кўтарилишига ишонч билдирди.

Самарқандда ўтган учинчи ФИДЕ парашахмат олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси илк бор бронза медалини қўлга киритди. Селби Какишова етти ўйинда олти очко жамғариб, ўз тахтасида кумуш медалга сазовор бўлди. Абдулазиз Баҳодиров шахсий ҳисобда бронза медалини олди, Аҳадхон Кимсанбоев эса мусобақани мағлубиятсиз якунлади. Президентимиз парашахматчиларнинг иродаси ва меҳнатини юксак баҳолади.

Учрашувда ушбу натижалар ортида спортчиларнинг ота-оналари, биринчи устозлари, мураббийлари ва уларни қўллаб-қувватлаган жамоалар тургани таъкидланди. Президентимиз жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов тажриба ва билимини янги авлодга етказиб келаётганини алоҳида эътироф этди.

– Устознинг энг катта ғалабаси – шогирдларининг ундан ҳам баланд марраларга чиқишидир! – деди давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистон шахмат федерациясининг ФИДЕ томонидан “Энг яхши федерация” деб эътироф этилгани, Рустам Қосимжонов ФИДЕнинг фахрий вице-президенти, Ҳулкар Тоҳиржонова эса Марказий Осиё бўйича минтақавий президенти этиб сайлангани мамлакатимизнинг жаҳон шахматидаги нуфузи юксалаётганидан далолат экани қайд этилди.

– Бу натижалар тасодифий эмас. Бу – мактаб, бу – тизим, бу – ўзбек шахматининг янги даражаси, – деди Президентимиз.

2018 йилда қабул қилинган қарор асосида мактабларда шахмат ўқитиш, мураббийлар тайёрлаш ва клубларни ривожлантириш йўлга қўйилди. Сўнгги ўн йилда 17 нафар шахматчимиз халқаро гроссмейстер унвонига эга бўлди, уларнинг беш нафари аёллардир.

Давлатимиз раҳбари навбатдаги мақсадни белгилаб берди: Янги Ўзбекистонни нафақат Олимпиада чемпиони, балки дунё шахмат марказига айлантириш. Бунинг учун мамлакатимизда тажриба, натижа ва ёшларга намуна бўладиган чемпионлар борлиги таъкидланди. Улардан илҳомланган минглаб болаларнинг шахматга кириб келиши янги истеъдодларни кашф этиш учун мустаҳкам замин яратади.

Шу мақсадда ҳар бир вилоят, туман ва маҳаллада иқтидорли болаларни эрта аниқлаш, уларни кучли устозларга бириктириш ва халқаро турнирларда мунтазам қатнашишига шароит яратиш вазифаси қўйилди. Қизлар шахмати ва парашахматни ривожлантириш бўйича алоҳида тизим ташкил этилади.

Тошкент халқаро шахмат академиясининг Самарқанд, Хоразм ва Фарғонада минтақавий филиаллари очилади. Академияда олий тоифали мураббийлар тайёрлаш йўлга қўйилади. ФИДЕ рейтингида 1 минг 500 дан юқори балл тўплаган шахматчиларнинг хусусий клубларда ўқиш харажатлари ярми давлат томонидан қопланади.

Шунингдек, “Oʻzbekiston Grand chess” миллий бренди остида халқаро турнирлар мунтазам ўтказиб борилади. Президентимиз Янги Тошкентда 500 кишилик ўйин зали, ётоқхона ва спорт майдончаларига эга замонавий шахмат саройини барпо этишни таклиф қилди.

Учрашувда шахмат ва парашахмат олимпиадалари ғолиб ва совриндорларини, уларнинг мураббийларини рағбатлантириш тўғрисида қарор қабул қилингани маълум қилинди. Унга мувофиқ, чемпионларга уй-жой ҳамда автомобиль берилди. Бронза медалини қўлга киритган парашахматчилар ҳам уй-жой ва автомобиль билан тақдирланди. Терма жамоалар бош мураббийлари Рустам Қосимжонов ва Самандар Шермухаммадов автомобиль билан мукофотланди.

Олимпиада чемпиони бўлган ҳар бир шахматчига 200 минг доллардан, уларнинг мураббийларига 50 минг доллардан пул мукофоти ажратилди. Бронза медалини қўлга киритган ҳар бир парашахматчига 50 минг доллардан, уларнинг мураббийларига 12 минг 500 доллардан берилди.

Президент фармонига мувофиқ, Ватанимиз шуҳратини юксалтиришга қўшган ҳиссаси, маҳорати ва жасорати учун бир гуруҳ шахматчилар, уларнинг устозлари ва соҳа вакиллари давлат мукофотларига сазовор бўлди. Учрашувда мазкур мукофотларни топшириш маросими ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари мукофотлар спортчиларнинг бугунги ғалабасига берилган баҳо билан бирга уларнинг келгуси ютуқларига билдирилган ишонч рамзи эканини таъкидлади.

Спортчилар, уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийлари сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарига шахмат соҳасига қаратилаётган эътибор ва яратилган кенг шароитлар, юксак эътироф учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Учрашув якунида Президентимиз терма жамоалар аъзолари ва уларнинг ота-оналари билан биргаликда суратга тушди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • «Ўзбекистон — 2030» стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo