23.09.2026
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи давомида Олтинкўл туманидаги чарм-пойабзал кичик саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Мамлакатимизда чарм хомашёсини чуқур қайта ишлаш, экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ички бозорни сифатли ҳамда ҳамёнбоп пойабзаллар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Олтинкўл туманидаги кичик саноат зонаси водийдаги чарм маҳсулотлари ва тайёр пойабзал ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар, косиблар ҳамда кластерларни бирлаштирувчи ягона саноат мажмуасидир. Бу ерда хомашёни қайта ишлашдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотишгача бўлган тўлиқ занжир шакллантирилмоқда.
Мажмуанинг умумий майдони 10,1 гектар, лойиҳалар қиймати эса 28 миллион долларни ташкил этади. Ҳудуднинг 5,5 гектарида замонавий ишлаб чиқариш бинолари, дуал таълим маркази ва савдо шохобчалари барпо этилган.
Саноат зонасида умумий ишлаб чиқариш қуввати 150 миллиард сўм бўлган 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 10 таси пойабзал ва тагчарм, 2 таси сунъий чарм, 2 таси пойабзал елими ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Қолган лойиҳалар доирасида резина пойабзал, махсус пойабзаллар учун устки қисмлар ишлаб чиқариш ва тери тайёрлаш йўлга қўйилади.
Бугунги кунга қадар мажмуада 2 минг 500 та янги иш ўрни яратилди.
Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистонга экспорт қилинмоқда. Ишлаб чиқаришга Туркия, Хитой ва Италияда малака оширган мутахассислар жалб этилган. Уларнинг тажрибаси маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Соҳа ривожини қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбиркорларга қатор имтиёз ва имкониятлар берилган. Жумладан, ишлаб чиқариш бино ва иншоотлари қийматини етти йилгача бўлиб тўлаш шарти билан сотилади.
Давлатимиз раҳбари мажмуада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намуналарини кўздан кечириб, лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги ва экспорт салоҳиятига алоҳида эътибор қаратди.
Тадбиркорлар билан мулоқотда маҳсулот сифатини ошириш, замонавий моделларни ўзлаштириш ва экспорт географиясини кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, маҳаллий косибчилик анъаналарини замонавий саноат усуллари билан уйғунлаштириш, соҳа вакиллари учун яратилган шароитларни янада яхшилаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.


