21.09.2026
Президент Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янги босқичга олиб чиқиш, маҳаллаларда аҳоли учун қулай экологик муҳит яратиш ва инновацион ечимларни жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишди.
Мамлакатимизда яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахтзор ва боғлар барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, экилган кўчатларни сақлаб қолиш, уларни суғориш ва парваришлашни тизимли ташкил этиш борасида камчиликлар мавжуд.
Ўтган йил баҳорда экилган кўчатларнинг маълум қисми қуриб қолган. Ҳудуд иқлими ва тупроғига мос келмайдиган дарахтларни танлаш, сув таъминоти бўлмаган жойларга кўчат экиш, касаллик ва зараркунандаларга қарши чораларнинг етарли эмаслиги бунга сабаб бўлмоқда. Орол денгизининг қуриган тубида барпо этилган ўрмонларни парваришлаш ва ҳимоя қилишда ҳам муаммолар борлиги кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари ишлар самарадорлигини экилган кўчатларнинг бир, уч ва беш йилдан кейинги ҳолати асосида баҳолаш зарурлигини таъкидлади.
Шу муносабат билан кўкаламзорлаштириш ишларини илмий асосда ташкил этиш, ерни тайёрлашдан бошлаб суғориш тизимини яратиш ва кўчатларни камида уч йил парваришлашгача бўлган жараёнларни қамраб олувчи ёндашувлар тақдимот қилинди. Экиш муддатларини ҳар бир ҳудуднинг об-ҳаво шароити ва олимлар хулосаси асосида белгилаш, маҳаллий иқлимга мос, иссиқлик, совуққа ва сув танқислигига чидамли турларга устуворлик бериш кўзда тутилмоқда.
Экология қўмитасига ҳар бир маҳалла кесимида кўчат тури, экиладиган жойи ва суғориш тизими акс этган “яшил харита”ларни ишлаб чиқиб, аҳолига эълон қилиш топширилди. Маҳалла раислари билан биргаликда ҳар бир кўчадаги дарахт ва кўчатлар ҳолатини мунтазам кузатиш, қуриш сабабларини аниқлаб, бартараф этиш вазифаси қўйилди.
Дарахт экиш ишларини, аввало, аҳоли гавжум жойларда, пиёдалар йўлаклари ва туну кун ишлайдиган кўчаларда ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди. Бундай ҳудудларда соя берувчи дарахтларни кўпайтириш орқали одамларнинг юриши ва дам олиши учун қулай шароит яратиш зарурлиги қайд этилди.
Тақдимотда “Яшил” маҳаллам” дастури доирасида маҳаллаларга комплекс хизматлар кўрсатиш таклифлари кўриб чиқилди. Маҳалла буюртмаси асосида сифатли кўчатлар, органик ўғит ва сув тежовчи суғориш воситаларини етказиб бериш, дарахтларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш хизматларини йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.
Ҳар бир маҳаллага ўрмончи-мураббий бириктириб, аҳолига кўчат экиш, суғориш ва парваришлашни ўргатиш, уйлар, мактаб ва боғчалар оралиғида кичик дарахтзорлар ҳамда жамоат боғларини барпо этиш режалаштирилган. Бу ишларга маҳалла фаоллари ва ёшлардан иборат кўнгиллилар ҳаракатларини кенг жалб қилиш вазифаси белгиланди.
Маҳаллаларнинг “яшил рейтинги”ни жорий этиш таклифи ҳам муҳокама қилинди. Бунда яшил майдонлар улуши, аҳоли сонига нисбатан дарахтлар сони, янги кўчатларнинг тутиб кетиши ва аҳолининг иштироки асосий мезонлар бўлади. Юқори натижага эришган маҳаллаларни ободонлаштириш учун қўшимча маблағлар ва “яшил” лойиҳаларга мақсадли микрогрантлар ажратиш орқали рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш топширилди.
Ҳудудларни кўкаламзорлаштиришда “3-30-300” тамойилига асосланган дастурларни амалга ошириш таклиф этилди. Бунда ҳар бир инсон яшаш, ишлаш ёки ўқиш жойидан камида учта дарахтни кўра олиши, аҳоли яшаш ҳудудининг камида 30 фоизи дарахтлар сояси билан қопланиши, уйидан 300 метр масофада яшил дам олиш ҳудуди бўлиши кўзда тутилади.
Ушбу ёндашувларни турли табиий ва шаҳарсозлик шароитларида қўллаш бўйича Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт, Бухоро вилоятининг Олот ва Самарқанд вилоятининг Ургут туманлари учун ишлаб чиқилган лойиҳалар тақдим этилди.
Янгиҳаётда маҳалла ва жамоат боғлари, соя-салқин сайр кўчалари ҳамда саноат корхоналари атрофида “яшил белбоғ”лар барпо этиш режалаштирилган. Сизот сувларини тўплаб, суғоришда қайта ишлатиш, сув ўтказувчан қопламалардан фойдаланиш, органик қолдиқлардан компост тайёрлаш каби ечимлар назарда тутилмоқда. Кўкаламзорлаштириш ишлари саноат ташланмаларини камайтириш, ҳаво сифатини автоматик назорат қилиш ва чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш билан биргаликда олиб борилади.
Олот туманида чўл шароитига мос, сувни кам талаб қиладиган ўсимликлар ҳисобига яшил қопламани кенгайтиришга эътибор қаратилади. Маҳаллий кўчатчиликни ривожлантириш, дендрология боғи ва шўрга чидамли ўсимликлар боғини ташкил этиш, йўл ва каналлар бўйида ҳимоя дарахтзорларини барпо қилиш таклиф этилган.
Ургутда тоғ ва тоғолди ҳудудларига мос кўкаламзорлаштириш, дендрология боғи ва жамоат паркларини яратиш, саноат зонаси ҳамда темир йўл атрофида “яшил белбоғ”лар ташкил этиш кўзда тутилмоқда. “Омонқўтон” миллий табиат боғида маҳаллий дарахт ва бута уруғлари асосида табиий ўсимлик қопламини тиклаш чоралари ҳам кўрилади.
Лойиҳанинг илмий таъминотини кучайтириш ва замонавий технологияларни жорий этиш масалалари кўриб чиқилди. Ҳудудларга мос соғлом кўчатларни кўпайтириш учун “ин-витро” лабораториялари ва замонавий кўчатхоналарни ташкил этиш, сувни кўп талаб қиладиган манзарали газонларни босқичма-босқич қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар билан алмаштириш таклифлари билдирилди.
“Yashil AI” модулини тажриба тариқасида ишга тушириш режалаштирилган. Сунъий интеллект ёрдамида тупроқ, иқлим ва сув таъминоти таҳлил қилиниб, кўчат экиш учун мақбул майдонлар ва дарахт турлари бўйича тавсиялар шакллантирилади. Кўчатларнинг қуриши, сув танқислиги, касаллик ва зараркунандалар хавфини эрта аниқлаш, масъулларни огоҳлантириш ҳамда натижаларни ягона харитада очиқ кузатиш имконияти яратилади.
Чўлланишга қарши курашиш, деградацияга учраган ерларни тиклаш ва бу йўналишда халқаро грантларни жалб қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Чўл ҳудудларидаги ер ресурслари ва доривор ўсимликлар имкониятларидан самарали фойдаланиш, хусусий сектор иштирокида яйловларда қўшилган қиймат яратадиган лойиҳаларни бошлаш зарурлиги таъкидланди. 2027 йил 1 июлга қадар ҳар бир ҳудудда шундай намунавий лойиҳани йўлга қўйиш топширилди.
Мутасаддиларга тақдим этилган таклифларни билдирилган фикрлар асосида такомиллаштириш, маҳаллаларда дарахт экиш ва парваришлаш маданиятини юксалтириш, яшил ҳудудларни сақлаш бўйича масъулият ва назоратни кучайтириш юзасидан топшириқлар берилди.


