21.09.2026
Президент Шавкат Мирзиёев транспорт-логистика соҳасидаги йирик лойиҳаларнинг бориши юзасидан тақдимот билан танишди.
Мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал ўсиши, саноат ишлаб чиқариши ва ташқи савдо ҳажмининг кенгайиши транспорт инфратузилмасини изчил ривожлантиришни тақозо этмоқда. Ўзбекистонни Тинч океанидан Европагача бўлган энг қисқа қуруқлик йўлагининг асосий бўғинига айлантириш, халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш бу борадаги устувор вазифалардандир.
2030 йилга қадар транспорт хизматлари ҳажмини икки баробар ошириш, соҳага 9,1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва хизматлар экспортини 5,7 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Тақдимотда ушбу мақсадларга эришиш учун амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳалари, уларнинг муддатлари ва ҳал этилиши лозим бўлган масалалар кўриб чиқилди.
Аввало, аэропортлар қурилиши ва модернизацияси бўйича ахборот берилди.
Тошкент ва Бухорода умумий қиймати қарийб 3 миллиард доллар бўлган янги аэропорт мажмуаларини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Янги Тошкент халқаро аэропорти дастлабки босқичда йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Лойиҳа доирасида давлат-хусусий шериклик битимлари имзоланиб, ҳудудни қурилишга тайёрлаш ва муҳандислик тармоқларини кўчириш ишлари амалга оширилмоқда.
Янги Бухоро халқаро аэропортида аэродром инфратузилмаси барпо этилмоқда. Йўловчи терминалини қуриш ва бошқаришга хусусий шерикни жалб қилиш бўйича халқаро тендер ўтказилмоқда.
Шунингдек, Урганч, Наманган аэропортларини давлат-хусусий шериклик асосида, Андижон аэропортини хусусий операторни жалб қилган ҳолда модернизация қилиш лойиҳаларининг бориши кўриб чиқилди. Натижада аэропортларнинг ўтказувчанлиги оширилиб, йўловчиларга халқаро стандартлар асосида хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаяди.
Автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Ўтган ойда қиймати 2,2 миллиард доллар бўлган Тошкент – Самарқанд пулли автомобиль йўли қурилишига старт берилди. Урганч ва Хива шаҳарларини боғловчи илк пулли йўл ишга туширилди.
Тақдимотда Тошкент – Самарқанд лойиҳасининг кейинги босқичларини молиялаштириш, Тошкент – Андижон ва Тошкент – Бўстонлиқ пулли йўллари бўйича инвесторларни аниқлаш ҳамда амалий ишларни бошлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Темир йўл тармоғининг ўтказувчанлигини ошириш бўйича таклифлар тақдим этилди.
Бугунги кунда асосий транзит йўналишларидаги қатор темир йўл участкалари юқори юклама билан ишламоқда. Саноат юклари ҳажмининг ортиши ва янги юқори тезликдаги поездлар қатновининг йўлга қўйилиши мавжуд инфратузилмага талабни янада оширади.
Шу боис, Мактаарал – Сирдарё, Ангрен – Поп, Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон, Тошкент – Самарқанд ва Тўқимачи – Ангрен йўналишларини модернизация қилиш чоралари кўриб чиқилди. Ушбу ишларга 200 миллион доллар йўналтириш ҳисобига участкаларнинг ўтказувчанлигини 25-30 фоизга ошириш мумкинлиги қайд этилди.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши, Тошкент – Самарқанд йўналишида алоҳида юқори тезликдаги темир йўл барпо этиш, ҳудудлардаги темир йўл тармоқларини кенгайтириш ва электрлаштириш лойиҳалари юзасидан ахборот берилди. Юк вагонлари паркини янгилаш, мазкур жараёнга хусусий секторни кенг жалб қилиш таклифлари ҳам муҳокама қилинди.
Халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш ва денгиз портлари орқали жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.
Каспий денгизидаги Оқтау, Туркманбоши ва Боку, Қора денгиздаги Поти ва Анаклия портларида Ўзбекистон иштирокида логистика инфратузилмасини яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар тақдимот қилинди. Хусусан, Поти портида логистика марказини ташкил этиш бўйича битим имзоланган, лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилмоқда. Анаклия портини ривожлантиришда, шунингдек, Туркиянинг Самсун ва Истанбул портларига чиқишга хизмат қилувчи Нахичеван темир йўли қурилишида иштирок этиш имкониятлари ўрганилмоқда.
Мазкур лойиҳалар тўқимачилик, кимё, қишлоқ хўжалиги ва кон-металлургия маҳсулотларини ташқи бозорларга етказиб бериш йўналишларини диверсификация қилишга хизмат қилади.
Халқаро йўлаклардан самарали фойдаланиш учун юртимиздаги логистика марказлари тармоғини ҳам кенгайтириш зарурлиги билдирилди.
Хонобод ва Ангрен шаҳарлари, Янгийўл, Оҳангарон, Олот ва Термиз туманларини транспорт-логистикага ихтисослаштириш бўйича берилган топшириқлар ижроси юзасидан ахборот берилди. Тошкент шаҳри, Тошкент, Андижон, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида жами 17 та логистика маркази ва терминал лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Уларни жойлаштириш, инвесторларни жалб қилиш, молиялаштириш ва зарур инфратузилма билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тақдимотда юк ташувларини рақамлаштириш ва соҳада яширин иқтисодиётни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Юк ташиш соҳасида кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши ҳали ҳам 42 фоиздан юқори экани кўрсатиб ўтилди. Маҳаллий юк транспортларининг ягона реестри, электрон буюртмаларни шакллантириш ва барча транспорт хизматларини бирлаштирувчи электрон тизим мавжуд эмаслиги бу борадаги асосий муаммолардан ҳисобланади.
Шу боис, ягона рақамли транспорт тизимини яратиш, ташувчилар реестрини шакллантириш, электрон йўл варақаси ва буюртмаларни қабул қилувчи агрегатор хизматини жорий этиш таклиф қилинди. Халқаро ташувларда электрон рухсатномалар алмашинувини кенгайтириш ва юк ҳаракатини реал вақтда кузатиш имкониятларини йўлга қўйиш чоралари ҳам кўриб чиқилди.
Бу орқали ташувчилар учун қулайлик яратиш, норасмий хизматларни қонуний фаолиятга ўтказиш ва соҳада шаффофликни ошириш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари тақдим этилган лойиҳаларнинг муддатлари, молиялаштириш манбалари ва кутилаётган натижаларини аниқ белгилаб, уларни ўзаро уйғун ҳолда амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. Мутасаддиларга муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли топшириқлар берилди.


