19.09.2026
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 сентябрь куни Нукус шаҳрида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда ҳудудни ривожлантириш учун катта маблағлар ажратилиб, алоҳида имтиёз ва шароитлар яратилди. Фойда, ер ва мол-мулк солиқлари 2 карра, саноат корхоналари учун электр тарифи 15 фоизга пасайтирилди, ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланди. Ўтган йили 1 миллиард 700 миллион доллар инвестиция киритилди. Бу 2021 йилдагидан 22 карра кўп. Жорий йилнинг биринчи ярмида иқтисодиёт 10,2 фоиз ўсиб, Қорақалпоғистон Тошкент шаҳридан кейинги иккинчи ўринни эгаллади.
Бу ўзгаришларда барқарор энергия таъминоти муҳим ўрин тутмоқда. Сўнгги йилларда 860 мегаваттли янги қувватлар ишга туширилди. Беруний ва Қораўзакда шамол станциялари қурилиши ҳисобига “яшил” энергия улуши 23 фоизга етди. Электр ишлаб чиқариш 4 карра ошиб, 5 миллиард 330 миллион киловатт-соатни ташкил этди. Бу аҳоли ва корхоналарнинг йиллик талабидан қарийб 3 баробар кўп.
Ташриф давомида 7 миллиард долларлик 47 та лойиҳа қурилишига старт берилди. Жумладан, Қўнғиротда 2 миллиард 600 миллион долларлик, қуввати 1,5 минг мегаваттли шамол станцияси барпо этилади. Лойиҳа доирасида 1,5 минг километр юқори кучланишли тармоқ ва 500 киловольтли 3 та подстанция қурилади. 2030 йилгача жами 3 минг 300 мегаваттли шамол станцияларини ишга тушириш, “яшил” энергия улушини 76 фоизга етказиш ва 400 мегаваттли энергия сақлаш қувватини яратиш режалаштирилган.
Транспорт ва ижтимоий инфратузилмада ҳам катта лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бўзатовда санаторий, Нукусда онкология ва радиология маркази, Қўнғиротда болалар шифохонаси ва туғуруқхона, Амударё ва Тўрткўлда амфитеатрлар, Нукус шаҳрида гимнастика маркази ҳамда Консерватория филиали фойдаланишга топширилди.
А-380 магистрал йўлининг Қўнғиротдан ўтган 240 километри 384 миллион доллар ҳисобига бетон қопламага ўтказилди. Йўлнинг Тўрткўл, Элликқалъа ва Берунийдан ўтган яна 92 километрида 233 миллион долларлик қурилиш бошланди. Натижада транзит 1,5 карра ошиб, юклар Тўрткўлдан Қозоғистон чегарасига бир сутка ўрнига 10 соатда етиб боради. Келаси йил март ойидан Тошкент – Нукус тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилиб, сафар вақти 16 соатдан 7 соатга қисқаради.
“Туямўйин” сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш ва Қўнғиротдан Мўйноққа 100 километр ичимлик сув тармоғи тортиш бошланади.
Йиғилишда мавжуд ер, минерал ва энергетика ресурсларини юқори қўшилган қийматли маҳсулотларга айлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. “Ресурсдан тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида янги саноат ва инвестиция харитаси яратилади. “Қўнғирот – Қораўзак – Тахиатош” йўналиши “яшил саноат йўлаги” – “интеллектуал иқтисодиёт учбурчаги”га айланади.
Сунъий интеллект ва дата марказлар учун ташкил этилган махсус зонада 8 миллиард долларлик 6 та лойиҳа амалга оширилади. Беш йиллик дастур ишлаб чиқиб, инвесторлар учун 1 гигаваттли барқарор электр таъминотини йўлга қўйиш топширилди. Уч йилда Нукус шаҳри, Қўнғирот, Қораўзак ва Тахиатошда 1,5 минг юқори даромадли иш ўрни яратиш, булутли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида йиллик экспортни 600 миллион долларга етказиш белгиланди
“Яшил” энергияни “карбон кредит”га айлантириш орқали йилига 50-100 миллион доллар даромад олиш имконияти қайд этилди. Бир ойда ушбу механизмни йўлга қўйиш ва йирик импортёр давлатлар билан музокаралар ўтказиш вазифаси қўйилди. Экспортдан тушадиган маблағлар инфратузилмага ажратилаётган ресурсларга қўшимча бўлиб, Қорақалпоғистоннинг ўзида қолади. Йил якунигача Оролнинг 50 минг гектарида “ўрмон карбон кредити” дастури бошланади.
Ҳудуднинг атиги 20 фоизида геология ишлари ўтказилгани, инвесторлар учун хомашё захиралари ҳақидаги маълумотлар етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Бир ойда 1 минг иш ўрнига эга олтин қазиб олиш ва қайта ишлаш кластерини ташкил этиш, комплекс геология-қидирув дастурини ишлаб чиқиб, конлар захираларини қайта баҳолаш топширилди.
Туманлар кесимида тўқимачилик ва чарм саноатида камида 150 миллион, электротехникада 200 миллион, энергия тежамкор қурилиш материалларида 100 миллион, автомобиль эҳтиёт қисмларида 120 миллион ва фармацевтикада 50 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади. Италиянинг “Bonifika Ferrarizi” компанияси билан Тахтакўпирда 50 миллион долларлик лойиҳа бошланмоқда. Унда 2 минг гектарда помидор ва ғалла етиштирилиб, чуқур қайта ишланади ҳамда Европага экспорт қилинади.
Ҳар бир туман бўйича инвестиция тақдимотлари ўтказиш, вилоят ҳокимлари иштирокида 2-3 минг юқори даромадли иш ўрни яратадиган лойиҳаларни бошлаш топширилди. Келаси йил Қорақалпоғистонга 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишда тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятлари кенгайтирилади.
Банкларнинг ишончли мижозлари учун 16 фоизли 300 миллиард сўмлик кредит линияси очилмоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси 4 фоизлик қисмини қоплаши ҳисобига тадбиркор учун ставка 12 фоизга тушади.
Оилавий тадбиркорлик кредитлари ставкаси 17,5 фоиздан 12 фоизга туширилади. Келаси йили ресурслар 2 карра оширилиб, “драйвер” лойиҳаларга 100 миллион доллар йўналтирилади. Шу ҳисобдан камида 50 минг одамни даромадли қилиш белгиланди.
Туманларда иқтисодий ўсиш ва бандликка туртки берадиган яна иккитадан лойиҳа учун 100 миллиард сўм ажратилиб, 10 минг одамнинг даромад манбаи яратилади.
Қишлоқ хўжалигидаги имкониятлардан фойдаланиш, аввало, сув йўқотишларини камайтиришга боғлиқ экани қайд этилди. Ҳудуддаги 417 минг гектарни суғоришга 5 миллиард 700 миллион куб метр сув сарфланмоқда. Йўқотишлар 38 фоизни – 2 миллиард 100 миллион куб метрни ташкил этмоқда.
Тўрткўлдаги “Ёнбош” ва Бўзатовдаги “Эркиндарё” каналларини бетонлаш, сув иншоотлари ва артезиан қудуқлар қуришга 135 миллиард сўм ажратилади. Икки канални 1 мартгача бетонлаш, келаси йил 17 минг гектарда озуқа экиб, 2 минг одамни даромадли қилиш топширилди. Сув объектларини модернизациялаш учун жалб қилинадиган грантлар 100 миллион долларга етказилади. 1 апрелгача Қорақалпоғистондаги 59 та, бошқа вилоятлардаги 200 та сув насоси янгиланади.
Чорвачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш учун фойдаланилмаётган яйлов ва ерлар ўзлаштирилади. Қўнғирот, Беруний ва Чимбойда 2 минг гектар ер тикланмоқда, келаси йили яна 5 минг гектар ўзлаштирилади. Бўзатовда 7,5 минг гектарни озуқага мослаштиришга 100 миллиард сўм ажратилади. Озуқа етиштиришга ҳар гектар учун 500 минг сўм субсидия берилади.
Йирик чорва комплекслари учун кредит миқдорини 50 миллиард сўмгача ошириш таклифи қўллаб-қувватланди. Самолётда олиб келинадиган наслли буқалар қийматининг 10 фоизи, ҳар бир бош учун 4 миллион сўмгача субсидия қилинади. Бир ойда камида 100 минг бошли комплекс лойиҳаларини шакллантириш топширилди.
Тахтакўпирда Шинжон тажрибаси асосида озуқа етиштириш ташкил этилиб, хориждан 5 минг бош қўй-эчки олиб келинади. Йил якунигача 10-15 минг гектарда лойиҳаларни шакллантириб, бир йилда 100 минг бош қўй-эчки боқишни йўлга қўйиш белгиланди. “Кегейли наслли парранда” корхонаси қувватини 2-3 карра ошириб, холдингга айлантириш, техникумда паррандачилик курслари очиш топширилди.
Боғдорчиликда 30 минг гектарда шўрга чидамли олхўри ва кечки ўрик плантацияларини ташкил этиш бўйича уч йиллик дастур амалга оширилади. 10 минг гектарда ишлар шу йил бошланади. Вилоятларга ер ажратилиб, кафолатли сув таъминоти яратилади, иқлимга мос кўчат ва технологиялар етказилади. Уста деҳқон ва агрономлар жалб қилиниб, қайта ишлаш қувватлари барпо этилади. Натижада 20 минг одамни ишли қилиш ва уч йилда мева экспортини камида 500 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Келгуси баҳордан Нукус туманидаги 10 минг гектарда қовун етиштириш бошланади. Испания, АҚШ, Нидерландия ва Хитойдан энг яхши навлар ва мутахассислар жалб этилиб, қайта ишлаш ҳамда экспорт билан шуғулланадиган холдинг ташкил қилинади. Тумандаги техникум лаборатория ва синов полигони билан таъминланиб, қовунчилик бўйича тажриба алмашиш методик марказига айлантирилади.
Йиғилишда аҳоли учун қулай шаҳар ва маҳалла муҳитини яратиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Нукуснинг “Ашшикўл” ҳудудида 50 минг аҳолига мўлжалланган “Нукус сити” қурилиши бошланди. 270 гектарда энергия тежамкор бинолар, бизнес, савдо ва сервис марказлари, яшил хиёбонлар барпо этилади.
Нукусдаги Нур ва Элобод маҳаллалари Қичқириқ маҳалласи намунасида обод қилинади. Кегейлида 3,5 километр зовурни ёпиб, 100 та сервис объекти ва 320 та иш ўрни яратиш ишлари бошланган. Вилоят ҳокимларига Наврўз байрамигача бириктирилган туманларда биттадан маҳалла ва марказий кўчада шундай лойиҳаларни амалга ошириш топширилди.
Ёшларни замонавий касбларга йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бир йилда 1 минг, келгуси икки йилда яна 5 минг ёшни ахборот технологиялари ва логистика соҳасида юқори даромадли иш билан таъминлаш белгиланди. Олис ҳудудлардаги ёшларга ахборот технологияларини ўргатиш учун камида 10 нафар иқтидорли ватандошни жалб этиб, лойиҳалар бошлаш топширилди.
Нукус шаҳридаги 1-сон техникумда “Pearson BTEC” халқаро дастури жорий этилган, битирувчиларга 70 та давлат тан оладиган касб сертификати берилади. Бу ерда 37 турдаги кичик ускуна ишлаб чиқарилиб, ёшлар ускунасозликка ўргатилмоқда. Янги йилдан Амударё, Беруний, Чимбой ва Қўнғиротдаги биттадан техникумда ушбу тажриба йўлга қўйилади. 1 октябрдан асбоб-ускуна учун ссуда 20 миллиондан 50 миллион сўмга оширилади, “уста-шогирд” асосида касб ўрганиш харажатларини қоплашда ёш чегараси 30 ёшдан 40 ёшга кўтарилади.
Мактабгача таълим қамрови 84 фоизга етгани, бироқ еттита туманда бу кўрсаткич пастлиги қайд этилди. Қорақалпоғистонда хусусий боғча очадиган тадбиркорларга 15 йил муддатга, 5 йиллик имтиёзли давр билан 7 фоизли кредит берилади.
Тиббиётда юқори технологик хизматлар кенгаймоқда. Нукусда жигар ва буйрак трансплантацияси амалга оширилмоқда, Оролбўйи болалар шифохонасида 150 турдаги юқори технологик хизмат кўрсатилмоқда.
Жорий йил мураккаб йўналишларда 1,5 мингта операция ўтказилди. Тиббий суғурта жорий этилиб, муассасаларга 10 миллион долларлик жиҳозлар олиб берилди.
Нукус тиббиёт илмий академияси, Болалар клиникаси, Онкология маркази ва янги кўп тармоқли шифохона бирлаштирилиб, Университет тиббий кластери ташкил қилинади. Мўйноққа келиб ишлаётган шифокорларга берилаётган 200 фоизгача ойлик устама 1 январдан Бўзатов ва Тахтакўпирда ҳам жорий этилади.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир шаҳар ва овулда қулай турмуш шароитини яратишда кўча ва маҳалла бийлари, нуронийларнинг тажрибаси, ёшларнинг ғайрати ва аҳоли ташаббускорлигини бирлаштириш муҳимлигини таъкидлади. Раҳбарлар ишини ҳудудларни айланиш ва аҳоли билан мулоқотдан бошлаши, тозалик ва ободлик кундалик маданиятга айланиши зарурлиги қайд этилди.
Келаси йили қорақалпоқ халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Бердақ Қарғабай ўғли таваллудининг 200 йиллигини муносиб нишонлаш таклифи билдирилди. Давлатимиз раҳбари шоирнинг “Ҳамиша сен хизмат этгил халқ учун, ўзим дема ғамхўрлик қил халқ учун” деган ҳикматли сўзлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини таъкидлади. Шоирнинг илмий-ижодий меросини ўрганиш, рақамлаштириш, асраб-авайлаш ва ёшларга етказишни қамраб олган дастурни бир ойда ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилиш якунида ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларининг ахборотлари тингланди, Қорақалпоғистон фаоллари билан мулоқот қилинди.
Шу билан Президентимиз Қорақалпоғистонга ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.


