icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Атом электр станцияси қурилиши ва атомчилар шаҳарчаси лойиҳаси кўриб чиқилди

02.09.2026

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятида интеграциялашган атом электр станцияси ҳамда унга ёндош замонавий шаҳарча барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди.

Атом энергетикасини ривожлантириш мамлакатимиз энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш, барқарор базавий электр генерациясини яратиш ва энергия манбаларини диверсификация қилишда стратегик аҳамиятга эга.

Интеграциялашган атом электр станцияси лойиҳаси жорий йил 4 июндан қурилишнинг фаол босқичига ўтди. Бугунги кунга қадар реактор биноси учун котлован қазиш ишлари тўлиқ якунланиб, 1 миллион куб метрдан ортиқ тупроқ қазиб олинди. Пойдевор плитасининг бир қисмига 916 куб метр бетон қуйилди. Қурилиш-монтаж базасидаги 100 гектар майдонда ер ишлари бажарилди.

Айни пайтда қурилиш майдонида 450 нафар ишчи ва мутахассис, 100 дан зиёд махсус техника фаолият юритмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 9,5 миллиард долларни ташкил этади. Жараёнда 3 мингга яқин турдаги маҳсулот ва ускуналардан фойдаланилади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳада маҳаллий маҳсулотлар улуши 21 фоиз ёки 1,9 миллиард долларни ташкил этади. Давлатимиз раҳбари бу кўрсаткич етарли эмаслигини таъкидлади.

Лойиҳада маҳаллий маҳсулотлар улушини камида 30 фоизга етказиш, қурилиш-монтаж ишларининг 65 фоизини миллий корхоналар томонидан бажариш ҳамда 7 минг нафар маҳаллий ишчи ва мутахассисни жалб этиш вазифаси қўйилди.

Шу мақсадда Фориш туманида 200 гектар майдонда қурилиш материалларига ихтисослашган саноат зонасини ташкил этиш таклиф қилинди. Унда камида 100 та қўшма корхонани жойлаштириш ва технологиялар трансфери орқали 15 та йўналишда маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўзда тутилган.

Президентимиз ушбу таклифни маъқуллаб, саноат зонаси иштирокчиларига солиқ ва божхона имтиёзларини татбиқ этиш бўйича қарор лойиҳасини йил якунига қадар киритишни топширди.

Бунда қурилиш сифати ва хавфсизлиги энг устувор масала бўлиши шартлиги, барча ишлар МАГАТЭ талаблари ва халқаро стандартларга тўлиқ мувофиқ амалга оширилиши таъкидланди.

Тақдимотда жорий йил 22-26 июнь кунлари МАГАТЭнинг комплекс баҳолаш миссияси ўтказилиб, Ўзбекистон миллий ядровий инфратузилмасининг ривожланиш ҳолатига юқори баҳо берилгани қайд этилди.

Станциянинг ташқи муҳандислик инфратузилмасини барпо этиш доирасида 388 километр электр тармоқлари, 110 киловольтли подстанция, 21 километр ичимлик ва 120 километр техник сув қувурлари, 39,5 километр автомобиль ҳамда 11 километр темир йўл қурилади.

Давлатимиз раҳбари ушбу объектлар қурилишида маҳаллий маҳсулот ва хизматлар улушини 60-70 фоиз даражасида таъминлаш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Қурилиш даврида ишчи ва мутахассислар ҳамда уларнинг оилаларини муносиб яшаш шароити билан таъминлаш мақсадида атомчилар шаҳарчасини барпо этиш режаси ҳам кўриб чиқилди.

Икки юз гектар майдонда қарийб 33 минг аҳолига мўлжалланган 10 мингга яқин, шу жумладан, биринчи босқичда 3 мингта хонадонли турар жойлар қурилиши кўзда тутилган.

Шаҳарчада энергия самарадор кўп қаватли уйлар, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, тиббиёт, спорт ва маданият объектлари, дам олиш масканлари ҳамда кенг яшил ҳудудлар бўлади. Қурилишда замонавий иссиқлик ҳимояси, муқобил энергия ва “ақлли” ёритиш ечимларидан фойдаланилади.

Лойиҳани бошқариш ва техник назоратни кучайтириш, технологик ечимларни мустақил экспертизадан ўтказиш учун етакчи хорижий инжиниринг компаниялари иштирокида қўшма корхона ташкил этиш таклифи билдирилди. Шунингдек, қарийб мингта соҳавий стандартни миллий тизимга мослаштириш ва амалиётга жорий этиш белгиланди.

Станцияни келгусида бошқарадиган юқори малакали операторлар, муҳандислар ва радиация хавфсизлиги мутахассисларини ҳозирдан мақсадли тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.

Россия миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиалини 2023 йилдан буён 216 нафар талаба битирган. Уларнинг 83 нафари Хитой, Венгрия, Франция, Италия ва Кореянинг етакчи олийгоҳларида магистратура ва аспирантурада таҳсилни давом эттирмоқда. Яна 100 нафар мутахассис мамлакатимизнинг тўртта олий таълим муассасасида тайёрланмоқда.

“Ўзатом” агентлиги ва АЭС қурилиши дирекциясининг вазифалари кенгайиб бораётганидан келиб чиқиб, уларнинг ташкилий ва кадрлар салоҳиятини босқичма-босқич мустаҳкамлаш таклифлари ҳам кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари атом станцияси ва атомчилар шаҳарчаси қурилишини юқори сифатда, хавфсиз ва белгиланган муддатларда амалга ошириш, маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш, инфратузилма ҳамда кадрлар тайёрлаш ишларини уйғун ташкил этиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • «Ўзбекистон — 2030» стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo