31.08.2026
Мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, парламентлар ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари, ишбилармон доиралар вакиллари, таниқли сиёсат, жамоат ва дин арбобларидан табрик мактублари келмоқда.
Хорижлик ҳамкорлар ўз мактубларида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ва аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида эришилган натижаларни қайд этмоқда. Мамлакатимизнинг Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, яхши қўшничилик муносабатлари ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришдаги фаол роли, шунингдек, долзарб халқаро масалаларни ҳал этишдаги конструктив иштироки алоҳида таъкидланмоқда.
Савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт, энергетика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги амалий ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётгани юксак баҳоланмоқда.
Ўзбекистон Президенти ва мамлакатимизнинг кўп миллатли халқига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаклари билдирилмоқда. Мактуб муаллифлари дўстлик муносабатлари ва ўзаро манфаатли шериклик бундан буён ҳам мустаҳкамланиб боришига ишонч билдирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан самимий табрикларимни қабул қилгайсиз.
Мамлакатингиз иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш йўлидан ишонч билан бормоқда ҳамда жаҳон майдонида ҳақли равишда юксак нуфузга эга.
Россия – Ўзбекистон муносабатлари стратегик шериклик ва иттифоқчилик хусусиятига эга. Москва ва Тошкент ўртасида барча асосий йўналишларда сермаҳсул шериклик, халқаро масалаларда самарали ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ишончим комилки, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан Россия ва Ўзбекистон дўст халқлари манфаатлари йўлида, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадида шериклик алоқаларининг бутун мажмуини янада кенгайтиришни таъминлаймиз.
Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлиқ ва муваффақиятлар, барча ватандошларингизга эса бахт-саодат ва равнақ тилайман.
Ҳурмат билан,
Владимир Путин,
Россия Федерацияси Президенти
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Президент Жаноблари!
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сизга ва дўст Ўзбекистон халқига самимий табрикларим ҳамда энг эзгу тилакларимни изҳор этмоқчиман!
Ўтган 35 йил давомида, айниқса, сўнгги ўн йилда Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистон ўз тараққиётида салмоқли муваффақиятларга эришди. Янги даврдаги дўст қўшни ва ҳар қандай шароитдаги ҳар томонлама стратегик шерик сифатида Хитой томони бундан самимий мамнун.
Ўтган йили биз Сиз билан икки бор учрашиб, Хитой – Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришнинг янги режаларини белгилаб олдик. Давлатларимиз ўртасидаги муносабатларга алоҳида эътибор қаратаман ва икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида Хитой – Ўзбекистон умумий тақдир ҳамжамиятини барпо этишни илгари суриш борасида Сиз билан биргаликда саъй-ҳаракат қилишга тайёрман.
Мамлакатингизга равнақ ва фаровонлик, Ўзбекистон халқига эса бахт-саодат, тинчлик ва осойишталик тилайман!
Си Цзиньпин,
Хитой Халқ Республикаси Раиси
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент Жаноблари!
Америка халқи номидан Сизга ва Ўзбекистон халқига мамлакатингиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан самимий тилакларимни йўллайман. Ушбу шонли сана Ўзбекистоннинг бой тарихи ва юксак маданиятини яна бир бор ёдга олиш учун муҳим ва айни муддао бўлган фурсатдир.
Ўзбекистон муҳим ва манзилли ислоҳотларни амалга ошираётгани сари стратегик шериклигимиз ҳам изчил равишда кенгайиб, ривожланиб бормоқда. Ўтган йил давомида биз умумий манфаатларимизни илгари суриш, жумладан, чегараларимиз хавфсизлигини таъминлаш, икки томонлама савдо ва инвестицияларни ошириш, энергетика соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий боғлиқликни кенгайтириш йўлида салмоқли ишларни амалга оширдик.
Қўшма Штатлар ҳамкорликнинг янги йўналишларини ўрганар экан, икки томонлама муносабатларимизни янада мустаҳкамлашдан умидвордир. Мустақиллик байрамини нишонлар экансиз, Сизга ва Ўзбекистон халқига энг эзгу тилакларимни билдираман.
Ҳурмат ила,
Дональд Трамп,
Америка Қўшма Штатлари Президенти
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Қозоғистон халқи номидан Сизни ва қардош Ўзбекистонни Мустақилликнинг 35 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман!
Мамлакатингизнинг суверен тараққиёти тарихидаги ушбу қутлуғ сана ҳақли равишда ўзбек халқининг алоҳида фахр-ифтихори ҳисобланади. У миллат бирлиги ва жипслигини, барқарор ўсиш ва тараққиёт сари ишончли ҳаракатни ифода этади.
Юртингизнинг давлатчилик асосларини мустаҳкамлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш ва халқаро майдонда ўз нуфузини қарор топтириш борасидаги улкан ютуқлари аслида Сизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган оқилона ва узоқни кўзлаган стратегиянгиз туфайли амалга ошмоқда.
Қозоғистонда қардош Ўзбекистоннинг барча ютуқлари самимий қувонч билан қабул қилинади. Биз халқларимизнинг кўп асрлик дўстлиги, яхши қўшничилиги ва ўзаро кўмагини юксак қадрлаймиз. Кўп қиррали ҳамкорлигимиз мисли кўрилмаган юксак даражада ривожланиб, стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига тўла мос келмоқда.
Ишончим комилки, келгусидаги биргаликдаги ишларимиз эришилган натижаларни янада кўпайтириш ва Қозоғистон – Ўзбекистон ҳамкорлигини давлатларимиз равнақи йўлида янги чўққиларга олиб чиқиш имконини беради.
Ушбу тантанали кунда, ҳурматли Шавкат Миромонович, Сизга масъулиятли давлат фаолиятингизда янги муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса фаровонлик ва равнақ тилайман.
Ҳурмат билан,
Қасим-Жомарт Тоқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Сизни ва қардош Ўзбекистон Республикаси халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман.
Сизнинг оқилона раҳбарлигингизда Ўзбекистон чуқур таркибий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириб, иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатларини таъминламоқда ва халқ турмуш даражасини оширишда салмоқли натижаларга эришмоқда.
Бугунги кунда Қирғизистон – Ўзбекистон муносабатлари стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг юксак даражасига етди. Сизнинг яқинда Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифингиз тарихий воқеа бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.
Бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида чегара масалалари ҳал этилди, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-транзит ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик эса сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Буларнинг барчаси, менинг фикримча, халқларимизнинг тарихий ва маънавий яқинлиги, шунингдек, қардош давлатларимиз ўртасидаги юксак ишонч самарасидир.
Келишилган муддатда Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифини амалга ошириш ва Қирғизистон – Ўзбекистон шериклигини янада мустаҳкамлаш имкониятини мамнуният билан кутаман.
Ҳурматли Шавкат Миромонович, Сизга мустаҳкам соғлиқ, фаровонлик ва масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар, Ўзбекистон Республикаси халқига эса тинчлик ва равнақ тилайман.
Ҳурмат билан,
Садир Жапаров,
Қирғиз Республикаси Президенти
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Азиз Шавкат Миромонович!
Тожик халқи ва шахсан ўз номимдан Сизга ҳамда дўст Ўзбекистоннинг биродар халқига мамлакат миллий байрами – Мустақиллик кунининг 35 йиллиги муносабати билан самимий табрикларимизни йўллаш менга улкан мамнуният бағишлайди.
Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик йилларида тараққиёт ва равнақ йўлида эришган ютуқлари кўлами, шунингдек, унинг жаҳон майдонидаги нуфузи юксалиши мислсиз ва таҳсинга сазовор.
Биз ташқи сиёсатимиздаги устувор йўналиш бўлиб келган ва шундай бўлиб қолаётган энг яқин қўшнимизнинг ушбу ютуқларидан самимий қувонамиз.
Тожикистонда мустаҳкам тарихий дўстлик ва ўзаро англашув анъаналарига асосланган, вақт синовидан ўтган илиқ ва мазмунли Тожикистон – Ўзбекистон муносабатлари юксак қадрланади ва уларга катта аҳамият берилади.
Биз барча ҳамкорлик соҳаларидаги икки томонлама муносабатларнинг конструктив муҳити, албатта, икки қардош халқнинг туб манфаатларига жавоб берадиган ўзаро манфаатли шериклигимизнинг жадал ривожланишидан мамнунмиз.
Ишончим комилки, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан икки томонлама муносабатларимизда мавжуд улкан салоҳиятдан тўлиқ фойдаланган ҳолда стратегик шериклик ва иттифоқчиликни бундан буён ҳам мустаҳкамлаб борамиз.
Ўз томонимиздан бу йўналишда барча зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёрмиз.
Ушбу қутлуғ кунда Сизга, азиз Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлиқ, фаровонлик ва барча ишларингизда янги муваффақиятлар, дўст Ўзбекистоннинг биродар халқига эса тинчлик, фаровонлик ва бардавом тараққиёт тилайман.
Юксак ҳурмат билан,
Эмомали Раҳмон,
Тожикистон Республикаси Президенти
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Туркманистон халқи ва Ҳукумати ҳамда шахсан ўз номимдан Сизга ва Сиз орқали Ўзбекистон Республикасининг бутун қардош халқига мамлакатингиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан самимий табриклар ва энг эзгу тилакларимни йўллаш шарафига муяссарман.
Мустақил тараққиёт йилларида Ўзбекистон Республикаси давлатчиликни мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини ошириш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришда салмоқли муваффақиятларга эришди.
Ҳозирги вақтда яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро кўмак тамойилларига асосланган Туркманистон – Ўзбекистон муносабатлари тобора жадал ва изчил тус олиб, юксак ўзаро ишонч, тенг ҳуқуқлилик ва очиқлик билан ажралиб тураётганини катта мамнуният билан таъкидламоқчиман. Стратегик хусусиятга эга Туркманистон – Ўзбекистон қардошлик муносабатлари биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан халқларимиз манфаати йўлида бундан буён ҳам ривожланиб, чуқурлашиб боришига қатъий ишонаман.
Ушбу ёқимли фурсатдан фойдаланиб, Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва фаровонлик, Ўзбекистон Республикасининг қардош халқига эса тинчлик, тараққиёт ва равнақ тилайман.
Чуқур ҳурмат билан,
Сердар Бердимуҳамедов,
Туркманистон Президенти
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Азиз биродарим!
Шахсан ўз номимдан ва Озарбайжон халқи номидан Сизга ҳамда Сиз орқали қардош халқингизга Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг қутлуғ 35 йиллиги муносабати билан самимий табриклар ва энг эзгу тилакларимни йўллашдан мамнунман.
Мустақилликка эришилганидан кейинги даврда қардош Ўзбекистон ҳар томонлама ва жадал тараққиёт йўлини босиб ўтди, улкан муваффақиятларга эришди, халқаро майдонда ва минтақада юксак нуфуз ва ҳурмат қозонди.
Сизнинг оқилона раҳбарлигингиз ва стратегик қарашларингиз туфайли мамлакатингизда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари муваффақиятли амалга оширилди, иқтисодий тараққиётга эришилди, аҳоли ижтимоий фаровонлиги таъминланди.
Ўзбекистоннинг белгиланган мақсад ва вазифаларга эришиши, барча муваффақиятлари замирида Сизнинг тинимсиз меҳнатингиз, шунингдек, халқингизнинг Сизга бўлган юксак ишончи ва олиб бораётган қатъий давлат сиёсатингизни қўллаб-қувватлаши мужассам. Қардош мамлакат ва иттифоқчи сифатида биз Ўзбекистоннинг ҳар бир ютуғини ўз ютуғимиз деб биламиз ҳамда бундан фахрланамиз. Ҳар гал бетакрор ва меҳмондўст мамлакатингизга ташриф буюрганимда, Ўзбекистоннинг муҳим ютуқларига гувоҳ бўламан. Қардош мамлакатга яқинда амалга оширган давлат ташрифим ва Сиз билан учрашувимни энг ёқимли таассуротлар билан эслайман.
Муштарак тарихий-маданий ришталар, бузилмас дўстлик ва қардошлик асосида қурилган Озарбайжон – Ўзбекистон муносабатлари бугун ўзининг энг юксак чўққисида. Ўзбекистон билан икки томонлама алоқаларимизни бундан буён ҳам ҳар томонлама ривожлантириш ва чуқурлаштириш биз учун устувор масалалардан биридир.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида давлатлараро алоқаларимиз ва иттифоқчилигимиз кундан-кунга янада мустаҳкамланиб, кўп қиррали ҳамкорлигимиз янги амалий мазмун билан бойиб бораётганидан мамнунман.
Ишончим комилки, биз бундан буён ҳам энг катта бойлигимиз бўлган Озарбайжон – Ўзбекистон бирлигини асраб-авайлаш, ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва иттифоқчилигимизни изчил мустаҳкамлаш борасида зиммамизга юкланган шарафли вазифани биргаликда муваффақиятли адо этишда давом этамиз.
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Ушбу тарихий кунда Сизнинг ва қардош Ўзбекистон халқининг қувончини баҳам кўриб, Сизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, олий давлат фаолиятингизда муваффақиятлар, Ўзбекистон Республикасига эса барқарор фаровонлик, равнақ ва тараққиёт тилайман.
Ҳурмат билан,
Илҳом Алиев,
Озарбайжон Республикаси Президенти
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент жаноблари, азиз қардошим!
Ўзбекистоннинг Мустақиллик байрами муносабати билан Сиз Олий Жаноблари ва Сиз орқали қардош ўзбек халқини энг самимий тилакларим билан муборакбод этаман.
Стратегик шеригимиз Ўзбекистоннинг мустақилликка эришганидан буён ўтган 35 йил ичида, хусусан, сўнгги йилларда Сизнинг оқилона раҳбарлигингизда эришган ютуқлари ва халқаро миқёсда қозонган обрў-эътиборидан биз ҳам фахрланамиз.
Сиз Жаноби Олийларининг катта ҳиссангиз ва саъй-ҳаракатларингиз билан яқин ҳамкорлигимиз ҳам икки томонлама, ҳам, аввало, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа кўп томонлама халқаро платформаларда кенгайиб, тобора ривожланаётганини кўриш қувонтиради. 2026 йил 29 январь куни Туркияда ўтказилган Туркия – Ўзбекистон Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг 4-йиғилиши мустаҳкам шериклигимизнинг муҳим натижасидир.
Шунингдек, Анқарада 2026 йил 29-30 октябрь кунлари ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммити ва Анталияда 2026 йил 11-12 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган COP31 раҳбарларининг олий даражадаги учрашуви доирасида Сиз, азиз биродаримни мамлакатимизда кутиб олишдан мамнун бўламан.
Шу фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистоннинг Мустақиллик байрами муносабати билан яна бир бор табриклаб, Сиз Жаноби Олийларига соғлиқ ва бахт, дўст ва қардош ўзбек халқига омонлик ва фаровонлик тилаб, энг эзгу ниятларимни такрор изҳор этаман.
Режеп Таййип Эрдоған,
Туркия Республикаси Президенти
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Сизни ва Ўзбекистон халқини Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табриклайман.
Ўтган йиллар давомида мамлакат суверенитетни мустаҳкамлашда улкан муваффақиятларга эришди. Сиз олиб бораётган сиёсий йўлнинг тўғри ва самарали эканидан давлатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, фуқаролар фаровонлигининг юксалиши ва республиканинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётгани далолат беради.
Минск ва Тошкент ўртасидаги бузилмас дўстлик ва ўзаро ишонч стратегик шериклик руҳидаги кўп қиррали Беларусь – Ўзбекистон ҳамкорлигини чуқурлаштириш ва кенгайтиришнинг бундан буён ҳам мустаҳкам гарови бўлишига ишонаман.
Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва масъулиятли давлат лавозимида янги муваффақиятлар, Ўзбекистон аҳолисига эса тинчлик ва равнақ тилайман.
Ҳурмат билан,
Александр Лукашенко,
Беларусь Республикаси Президенти
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари!
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик куни муносабати билан Миср халқи ва шахсан ўз номимдан Сиз Жаноби Олийларига ва дўст ўзбек халқига самимий табрикларим ва эзгу тилакларимни йўллашдан беҳад мамнунман.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги муносабатларнинг юксак даражасини алоҳида таъкидлайман. Халқларимиз манфаатлари йўлида турли соҳалардаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш учун қатор масалалар бўйича мувофиқлаштиришни давом эттиришга тайёрлигимни яна бир бор тасдиқлайман.
Ҳурматли Президент Жаноби Олийлари, Сизга бахт-саодат ва муваффақият ҳамда дўст Ўзбекистон халқига доимий фаровонлик ва равнақ тилаб қоламан.
Энг юксак эҳтиром билан,
Абдулфаттоҳ ас-Сиси,
Миср Араб Республикаси Президенти
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим.
Мамлакатингизнинг Мустақиллик куни муносабати билан Сиз Жаноби Олийларини, шунингдек, Ўзбекистон Ҳукуматини ҳамда дўст ва биродар халқини чин юракдан табриклайман.
Чуқур тарихий-маданий ва цивилизацион боғлиқликларга эга бўлган Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси доимо ўзаро ҳурмат ва умумий манфаатларга асосланган алоқаларни амалга ошириб келганлар.
Аминманки, ўзаро яқин маслаҳатлашувларни давом эттириш ва эришилган келишувларни амалга ошириш орқали Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик янада ривожланиб, савдо, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат, технологиялар, туризм, илмий ва маданий алмашув соҳаларидаги мавжуд кенг салоҳият икки халқнинг ўзаро манфаатларини таъминлаш ҳамда минтақада барқарорлик, фаровонлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш йўлида янада кўпроқ рўёбга чиқарилади.
Эрон Ислом Республикаси Ўзбекистон Республикасини Марказий Осиёдаги муҳим ва ишончли шерик деб билади ҳамда ўзаро алоқаларни ҳар томонлама чуқурлаштириш, икки томонлама, минтақавий ва халқаро даражалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган азму қарорини таъкидлайди.
Қодир Эгамдан Сиз Жаноби Олийларига соғлиқ ва муваффақиятлар, Ўзбекистон Республикасининг дўст ва биродар халқига эса доимий обрў-эътибор, шон-шараф, тараққиёт ва фаровонлик тилаб қоламан.
Масъуд Пезешкиён,
Эрон Ислом Республикаси Президенти
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни муносабати билан Покистон халқи ва Ҳукумати ҳамда шахсан ўз номимдан самимий табрикларимни йўллайман.
Покистон эътиқодимиз муштараклиги, чуқур тарихий ришталар ва абадий маданий яқинликка асосланган Ўзбекистон билан қардошлик муносабатларига катта аҳамият беради.
Сиз Жаноби Олийларининг жорий йил бошида Покистонга амалга оширган унутилмас ва самарали ташрифингизни мамнуният билан эслайман. Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгаши доирасида ўтказилган самарали музокаралар ва эришилган келишувлар савдо, инвестициялар, минтақавий ўзаро боғлиқлик, энергетика, таълим, туризм ва халқларимиз ўртасидаги алмашинув соҳаларидаги ҳамкорлигимизга янги суръат бағишлади.
Сиз Жаноби Олийларига Покистоннинг Ўзбекистон билан кўп қиррали стратегик шерикликни ўзаро манфаатли барча соҳаларда доимий ҳамкорлик ва яқин мувофиқлашув орқали янада мустаҳкамлаш борасидаги интилиши қатъий эканини яна бир бор таъкидламоқчиман.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз Жаноби Олийларига мустаҳкам саломатлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва равнақ тилаб, самимий дуолар қиламан.
Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак эҳтиромимни қабул қилгайсиз.
Шаҳбоз Шариф,
Покистон Ислом Республикаси Бош вазири
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Президент Шавкат Мирзиёев, қадрли дўстим!
Европа Иттифоқи номидан Сизга ва Ўзбекистон халқига Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан энг самимий табрикларимни йўллашга ижозат бергайсиз.
Ушбу муҳим сана Ўзбекистон эришган ютуқлар ва унинг халқи орзу-интилишларини тараннум этиш учун алоҳида фурсатдир. Сўнгги йилларда мамлакатингиз минтақадаги энг жадал ва тез суръатларда ривожланаётган иқтисодиётлардан бирига айланиб, Марказий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, фаровонлик ва ҳамкорликни кенгайтиришда тобора муҳим ўрин эгалламоқда.
Ушбу улкан ўзгаришларда Сизнинг шахсий раҳбарлигингиз муҳим аҳамият касб этди. Айниқса, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик алоқаларини таъминлаш борасидаги қатъий саъй-ҳаракатларингизни, шунингдек, кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва “яшил” тараққиётга ўтиш бўйича глобал саъй-ҳаракатларга қўшаётган конструктив ҳиссангизни юксак қадрлайман.
2025 йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган тарихий биринчи “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити доирасидаги илк учрашувимизни алоҳида илиқ хотиралар билан эслайман. Айнан ушбу саммитда муносабатларимизни стратегик шериклик даражасига кўтардик. Шунингдек, 2025 йил октябрь ойида Брюсселда бўлиб ўтган учрашувимиз ва Европа Иттифоқи ҳамда Ўзбекистон ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланганини катта мамнуният билан ёдга оламан. Мазкур битимнинг 2026 йил март ойидан вақтинча қўлланила бошланиши мустаҳкам шериклигимизга янги суръат бағишлаб, барқарор ўзаро боғлиқлик, муҳим хомашё ресурслари, “яшил” энергетика ва рақамлаштириш соҳаларида ҳамкорлик учун янги имкониятлар очди.
Стратегик шериклигимизни янада чуқурлаштириш, тинч, фаровон ва барқарор Марказий Осиё ҳамда Европа ҳақидаги муштарак қарашларимизни рўёбга чиқариш йўлида Сиз билан яқин ҳамкорликни давом эттиришни интиқлик билан кутаман.
Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак эҳтиромимни ҳамда Ўзбекистон халқига тинчлик ва фаровонлик бардавом бўлиши йўлидаги энг эзгу тилакларимни қабул қилгайсиз.
Антониу Кошта,
Европа Кенгаши Президенти
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Президент Жаноблари!
Қадрли Шавкат Миромонович!
Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлаётган ушбу қутлуғ айёмда Сизга ўзимнинг энг самимий табрикларимни, халқингизга эса фаровонлик ва равнақ тилакларимни йўллашдан мамнунман.
Ўзаро ташрифларимиз давоми сифатида Франция Ўзбекистон билан энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим ва шаҳар инфратузилмаси каби муҳим аҳамиятга эга соҳаларда ишончли ва узоқ муддатли ҳамкор сифатида елкадош бўлиб келмоқда.
Сиз билан ҳамкорлигимизнинг суръати ва кўламини янада кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлашга қатъий қарор қилганман. Шу муносабат билан жорий йилда ўзининг бир йиллигини нишонлаётган стратегик шериклигимизнинг амалий ифодасини мамнуният билан олқишлайман.
Сиз жаҳон миқёсида эътироф этилган буюк астрономлар Абу Райҳон Беруний ва Мирзо Улуғбекларнинг фаолиятининг узвий давоми сифатида космик дастурни ривожлантиришни устувор вазифалардан бири сифатида белгиладингиз. Ушбу тарихни Сиз билан биргаликда давом эттириш мақсадида жорий йилнинг 9-10 сентябрь кунлари Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган коинот масалаларига бағишланган халқаро саммит доирасида Сиз билан кўришиш шарафига муяссар бўлишдан умидворман.
Муҳтарам Президент Жаноблари, Сизга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромимни қабул қилишингизни сўрайман.
Самимий дўстона тилаклар билан,
Эммануэль Макрон,
Франция Республикаси Президенти
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Президент Жаноблари!
Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни муносабати билан Сизга ва ўзбек халқига самимий табрикларимни йўллайман.
Мени ҳамда делегациям аъзоларини самимий қабул қилганингиз учун Сизга яна бир бор миннатдорлик билдирмоқчиман. Сиз билан бўлиб ўтган очиқ ва конструктив фикр алмашинуви мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг янада чуқурлашувига муҳим ҳисса қўшди.
Сизнинг раҳбарлигингизда олиб борилаётган ислоҳотлар сиёсатида Сизга келгусида ҳам катта муваффақиятлар тилайман ва ишонтириб айтаманки, Германия бу борада келажакда ҳам Сизга шерикларча ҳамроҳлик қилади.
Сизга энг эзгу тилакларимни йўллаган ҳолда, ўзбек халқига эркинлик, хавфсизлик ва фаровонликда осойишта келажак тилайман.
Франк-Вальтер Штайнмайер,
Германия Федератив Республикаси Президенти
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги эълон қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан Сиз, муҳтарам Президент Жаноблари, ва дўст ўзбек халқига энг самимий табрикларим ҳамда эзгу тилакларимни йўллашдан мамнунман.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги стратегик шериклик тарихий дўстлик ришталарига таянган ҳолда турли йўналишларда изчил ривожланиб, олий даражадаги сиёсий мулоқот имкониятларининг кенгайиши туфайли янги суръат касб этмоқда.
Минтақавий ҳамкорлик ҳам, шубҳасиз, Тошкент ва Рим ўртасидаги юксак даражадаги муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Шу муносабат билан ўзаро мулоқотни чуқурлаштириш ва янги қўшма ташаббусларни илгари суришнинг муҳим воситаси бўлган “Италия – Марказий Осиё” формати доирасидаги келгуси ишларга муваффақият тилайман.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг изчил мустаҳкамланиб бораётгани ҳам хизмат қилади. Яқинда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши бунинг ёрқин тасдиғидир.
Шу эзгу тилаклар билан, муҳтарам Президент Жаноблари, ушбу қутлуғ сана муносабати билан Сизга ва Ўзбекистон Республикасининг барча фуқароларига яна бир бор энг самимий табрикларимни йўллайман.
Сержо Маттарелла,
Италия Республикаси Президенти
* * *
Шунингдек, қуйидагилар ўз қутловларини йўллади:
Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев,
Озарбайжон Республикасининг Биринчи вице-президенти Меҳрибан Алиева,
Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян,
Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд,
Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди, Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд,
Малайзия Подшоҳи Султон Иброҳим,
Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим,
Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён,
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум,
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири ўринбосари, Президент девони раиси Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён,
Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён,
Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич,
Словения Республикаси Президенти Наташа Пирц-Мусар,
Словакия Республикаси Президенти Петер Пеллегрини,
Латвия Республикаси Президенти Эдгарс Ринкевичс,
Албания Республикаси Президенти Байрам Бегай,
Болгария Республикаси Президенти Илияна Йотова,
Австрия Республикаси Президенти Александр Ван дер Беллен,
Швейцария Конфедерацияси Президенти Ги Пармелен,
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Қироли Чарльз III,
Швеция Қироли Карл XVI Густав,
Нидерландия Қироли Виллем-Александр,
Рим-католик черкови раҳбари Лев XIV,
Сан-Марино Республикаси капитан-регентлари Аличе Мина ва Владимиро Сельва,
Япония Императори Нарухито,
Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух,
Вьетнам Социалистик Республикаси Президенти То Лам,
Сингапур Республикаси Президенти Тарман Шанмугаратнам,
Жазоир Халқ Демократик Республикаси Президенти Абдулмажид Теббун,
Фаластин Давлати Президенти Маҳмуд Аббос,
Мавритания Республикаси Президенти Муҳаммад аш-Шайх ал-Ғазвоний,
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Нурлан Ермекбаев,
Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев,
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Асад Мажид Хон,
Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа,
Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Анда Филип,
ЮНЕСКО Бош директори Ҳолид ал-Ананий,
БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе,
“Марказий Осиё – Хитой” формати Бош котиби Сунь Вэйдун,
Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати Раиси Бакитжан Сагинтаев,
ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Уларбек Шаршеев,
Халқаро миграция ташкилоти Бош директори Эми Поуп,
Америка Қўшма Штатлари Конгресси Сенати аъзоси Стив Дейнс,
Америка Қўшма Штатлари Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари Кэрол Миллер, Жо Вильсон, Дон Бэкон, Ронни Линн Жексон, Рон Эстес, Брайан Маст, Адам Смит ва Ами Бера,
Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати, Ўзбекистон маданияти элчиси Гунай Афандиева.
Қутловлар келишда давом этмоқда.


