28.08.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди 29-30 август кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.
Бўлажак музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон – Ҳиндистон стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Тизимли сиёсий мулоқот ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш, савдо, энергетика, кимё, геология, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида аниқ дастурлар ва кооперация лойиҳаларини илгари суришга устувор эътибор қаратилади.
Халқаро сиёсат ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари ҳамда кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилади.
Учрашув якунида икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини имзолаш кўзда тутилган.


