26.08.2026
Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ ватандошларимизни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда давлатимиз раҳбари йиғилганларни улуғ ва мўътабар айём – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табриклади.
– 35 йил – тарих учун жуда қисқа давр. Лекин ортда қолаётган йиллар ўзининг кўлами, ютуқ ва натижалари билан асрга татигулик давр бўлди, десак, асло муболаға бўлмайди, – деди давлатимиз раҳбари.
Президентимиз таъкидлаганидек, мазкур ўзгаришларнинг ҳақиқий муаллифи – меҳнаткаш ва олижаноб халқимиздир.
Мустақилликнинг қадр-қиммати қишлоқда ризқ-рўз яратаётган фермер ва деҳқонлар, фарзандларга таълим-тарбия бераётган устозлар, инсон ҳаётини асраётган шифокорлар, янги ғоя ва кашфиётлар устида изланаётган олимлар, замонавий корхоналар барпо этаётган саноатчи ва тадбиркорлар меҳнатида намоён бўлади.
Шунингдек, шаҳар ва қишлоқларни обод қилаётган қурувчи ва архитекторлар, маданият, санъат ва спорт соҳаси вакиллари, ислоҳотлар ижросини маҳалла ва хонадонларга етказаётган давлат хизматчилари, жойларда одамларни эзгу мақсадлар атрофида бирлаштираётган нуронийлар ва маҳалла фаоллари, юрт тинчлиги ва халқ осойишталигини таъминлаётган ҳарбийлар ҳамда ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ҳиссаси алоҳида қайд этилди.
Сўнгги ўн йилда мамлакатимизга 160 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция кириб келди, иқтисодиёт ҳажми 2,5 баробардан зиёд ошди. Жорий йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 180 миллиард доллардан ошириш мақсад қилинган. Саноат, сервис ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 5 миллион 700 мингта доимий иш ўрни яратилди.
Давлат ва хусусий сектор иштирокида 1 миллион 500 минг ўринли мактаблар, 342 минг ўринли мактабгача таълим ташкилотлари ва 62 минг ўринли шифохоналар барпо этилди. 83 минг километр умумий фойдаланишдаги ички йўллар қурилди ҳамда таъмирланди. 8 миллион аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор марказлашган ичимлик суви етказиб берилди, яна 11,5 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланди. Ўтган ўн йилда 650 минг оила янги уй-жойга эга бўлди.
– Янги Ўзбекистоннинг энг катта натижаси бу ўзгарган инсон, ўз кучига ишонган фуқаро, эртанги кунга дахлдорлигини ҳис қилаётган жамиятдир, – деди Президентимиз.
Ана шу эзгу ўзгаришларга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонларнинг 558 нафари мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди.
– Ҳар бирингизнинг машаққатли меҳнат йўлингиз, эришган ютуқларингиз, юртимиз тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссангизни жуда яхши биламан, – деди Президентимиз.
Мукофотланганлар орасида Хоразм вилоятида кўп йиллар давомида бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшиб, бугун нуронийларга бошчилик қилаётган Рустам Султонов, Сурхондарёда чўлларни ўзлаштириш ва деҳқончиликни ривожлантиришга умрини бағишлаган меҳнат фахрийси Абдусаттор Қурбонов бор.
Бекобод металлургия комбинатида узоқ йиллардан буён пўлат эритувчи бўлиб ишлаётган Ғуломжон Туроновнинг “Хизмат кўрсатган саноат ходими” фахрий унвони билан тақдирлангани бутун металлурглар меҳнатига берилган юксак баҳодир.
Пахтачилик ва ғаллачиликда юксак натижаларга эришиб, ўз мактабини яратган наманганлик Илҳом Зиёвуддинов, йил давомида пилладан юқори ҳосил олаётган бухоролик Жамила Худойбердиева, чорвачиликда илғор технологияларни жорий этиб, наслчиликни ривожлантираётган қорақалпоғистонлик Эсенбай Айтимуратов ҳамда сув йўқотишларини камайтириш ва энергия тежамкор тизимларни татбиқ этишга ҳисса қўшаётган самарқандлик ирригатор Асланқул Каримқуловнинг меҳнати муносиб эътироф этилди.
Президентимиз давлат мукофотини олган ҳар бир инсоннинг меҳнати ва кўрсатган жасорати алоҳида эътирофга муносиб эканини таъкидлади.
Шу кунларда жойларда унвон, орден ва медалларни қабул қилиб олаётган юртдошларимизга ҳам самимий табриклар айтилди.
Маросимда мамлакатимиз етакчиси мукофотларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди.


