24.07.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот ўтказди.
Суҳбат аввалида Туркия Президенти давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва давлатчилик фаолиятида янги зафарлар тилади.
Қардош мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилгани, ҳамкорликнинг юқори суръатларда ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Товар айирбошлаш ҳажми ўсмоқда, қўшма корхоналар сони ва мунтазам авиақатновлар кўпайиб, истиқболли лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Шунингдек, маданий-гуманитар тадбирлар ҳам фаол давом этяпти. Жумладан, Хатайда Ўзбекистонга бағишланган мажмуалар очилди, Намангандаги Халқаро мақом санъати фестивали ва Ислом цивилизацияси форумида Туркия томони юқори даражада қатнашди.
Мулоқотда олий даражадаги келишувлар доирасида олдинда турган улкан режа ва мақсадларни биргаликда рўёбга чиқариш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилди.
Давлатимиз раҳбари Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғанга расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишни таклиф этди.


