24.07.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Қирғизистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни муносабати билан самимий қутлаб, унга чин дилдан мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик ва равнақ тилади.
Садир Жапаров Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳамда Шавкат Мирзиёевнинг икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини юксак баҳолади.
Барча йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик суръати тобора ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажми жадал ўсмоқда, саноат кооперацияси лойиҳалари, жумладан, ишга туширилган Қўшма жамғарма доирасида амалга оширилмоқда. Йирик минтақавий инфратузилма лойиҳалари бўйича амалий ишлар давом эттирилмоқда.
Бўлажак олий даражадаги саммит кун тартибини, аввало, савдо-иқтисодий соҳада пухта тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.


