icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди

14.07.2026

Президент Шавкат Мирзиёев пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Ўн йилда мамлакатимизда пенсия миқдори 3,3 баробар оширилди, унинг энг кам миқдори минимал истеъмол харажатлари даражасидан юқори белгиланди. 2021 йилгача 1,1 миллион нафар фуқаронинг пенсияси 400 минг сўмдан кам бўлган. Бугунги кунда энг кам пенсия миқдори 878 минг сўмни, минимал истеъмол харажатлари эса 715 минг сўмни ташкил этмоқда.

Тақдимотда жамғариб бориладиган пенсия тизими ривожланган мамлакатларда пенсия маблағлари иқтисодиёт учун узоқ муддатли ресурс вазифасини ўтаётгани қайд этилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда пенсия тизими тўғри йўлга қўйилса, иқтисодиётга узоқ муддатли маблағларни жалб қилиш мумкин. Буни Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари ҳам тасдиқламоқда.

Шу боис пенсия тизимини илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш, жамғариб бориладиган, хусусий ва корпоратив пенсия тизимларини ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Ҳозирда фуқаролар иш ҳақининг 0,1 фоизи жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказилади. Ушбу маблағларга ҳисобланадиган йиллик 10 фоизлик даромад банк омонатларидан қарийб икки баробар кам.

Шу муносабат билан мазкур тизимнинг жозибадорлигини ошириш ва аҳолини унда фаол иштирок этишга рағбатлантириш бўйича янги механизмлар таклиф қилинди.

Хусусан, ойлик иш ҳақи 7,6 миллион сўмгача (пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 баравари) бўлган фуқаро жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига иш ҳақининг 5 фоизини ўтказса, давлат томонидан қўшимча яна 2,5 фоиз миқдорида маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.

Ойлик иш ҳақи 7,6 миллион сўмдан юқори бўлган фуқаролар учун эса тўланган ижтимоий солиқнинг шу миқдордан ошган қисмининг 1 фоизини уларнинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказиш таклиф этилди.

Пенсия миқдорини ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Амалда пенсия охирги ўн йиллик меҳнат фаолиятидаги беш йиллик иш ҳақидан ҳисобланади. Шунингдек, иш ҳақининг 6 миллион сўмдан юқори қисми ҳисобга олинмайди. Бу айрим ҳолларда фуқаролар пенсиясининг ўртача миқдори пасайишига олиб келмоқда.

Шу боис пенсия ҳисобланадиган иш ҳақи даврини 5 йилдан 20 йилгача узайтириш ҳамда паст даромад олинган айрим даврларни ҳисобдан чиқариш таклиф қилинди.

Шунингдек, 2027 йилдан бошлаб пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегарасини ҳозирги 6 миллион сўмдан 6,6 миллион сўмга ошириш кўзда тутилмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, янги тартиб асосида пенсияга чиқадиган фуқароларнинг пенсия миқдори ҳозиргига нисбатан 8 фоизга ошиши мумкин.

Давлатимиз раҳбари пенсия тизимидаги ўзгаришлар миллионлаб фуқароларнинг ҳаёти ва келажагига дахлдор эканини таъкидлаб, ҳар бир таклифнинг ижтимоий ва иқтисодий таъсирини пухта ҳисоб-китоб қилиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Бундай масалаларни аҳоли, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ва блогерларни жалб қилган ҳолда очиқ муҳокама қилиш, ислоҳотларнинг мақсади ва кутилаётган натижаларини фуқароларга аниқ тушунтириш вазифаси қўйилди.

Мутасаддиларга хорижий тажрибани ҳар томонлама пухта ўрганиб, хусусий ва корпоратив пенсия тизимларини яратиш бўйича қонун лойиҳасини киритиш вазифаси қўйилди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • «Ўзбекистон — 2030» стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo