02.07.2026
Грузияга давлат ташрифи доирасида Тбилиси шаҳридаги Орбелиани саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Президенти Михаил Кавелашвилининг музокаралари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон – Грузия кўп қиррали муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари Грузия Президентига самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, ушбу мамлакатга давлат ташрифи сўнгги 23 йилда илк бор амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.
Парламентлар, ҳукуматлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқалар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 270 миллион долларга етди, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони ортиб бормоқда. Мамлакатимизда Грузиянинг биринчи рақамли банки – “TBC” муваффақиятли фаолият юритмоқда. Тошкент билан Тбилиси ва Батуми шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон пойтахтида Грузия маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди.
Ўзаро савдо ҳажмини, жумладан, Поти ва Батуми портлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали янада ошириш масалаларига устувор эътибор қаратилди.
Фармацевтика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, рақамли технологиялар ва туризм соҳаларида кооперацияни ривожлантириш учун имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.
Ишбилармонлик, туристик ва гуманитар алмашинувларни йўлга қўйиш учун ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Михаил Кавелашвилини мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.


