22.06.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 июнь куни мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини якунлаётган Озарбайжон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Гусейн Гулиевни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари Озарбайжон элчисининг самарали фаолияти ҳамда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Олий ва бошқа даражаларда жадал мулоқотлар йўлга қўйилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда сезиларли натижаларга эришилди: сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми каррасига ошди, Озарбайжон сармояси иштирокида 280 та корхона ташкил этилди, Қўшма инвестиция компанияси таъсис қилинди.
Айни пайтда геология, қишлоқ хўжалиги, транспорт, шаҳарсозлик, тўқимачилик, фармацевтика ва бошқа тармоқлардаги кооперация лойиҳалари фаол паллага кирган.
Маданий-гуманитар алмашинув соҳасида ҳам муҳим дастурлар амалга оширилмоқда.
Учрашув якунида давлатимиз раҳбари элчи Гусейн Гулиевга Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун “Меҳнат шуҳрати” орденини топширди.
Элчи, ўз навбатида, унинг дипломатик миссиясига берилган юксак баҳо ҳамда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорлик ривожини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун мамлакатимиз етакчисига чуқур миннатдорлик билдирди.


