icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида

09.06.2026

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Аҳолининг суд ҳимоясида бўлиш кафолатларини янада кучайтириш, судларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг профессионал тизимини жорий этиш, шунингдек, суд тизимида 2026 йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича эълон қилинган “фавқулодда ҳолат”дан келиб чиқадиган вазифаларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:

I. Мақсадлар

1. Қуйидагилар мазкур Фармоннинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:

(а) судларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, замонавий комплаенс назорат тизимини жорий этиш орқали коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт бартараф этиш;

(б) суд аппарати ходимларини ишга қабул қилиш жараёнини шаффоф тартиб-таомиллар ва очиқ танловга асосланган тарзда ташкил этиш, уларнинг салоҳияти, иқтидори, касбий сифатлари ҳамда алоҳида хизматларини одилона ва ҳаққоний баҳолаш (меритократия) асосида касбий ўстириш;

(в) суд тизимига жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва суднинг нуфузи ва обрўсини ошириш, суд органларини Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларнинг кўмакчисига айлантириш.

II. Суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олиш

2. Олий суднинг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

(а) суд тизимининг мавжуд бошқарув штат бирликлари доирасида суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олиш, шу жумладан, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш ва тартибга солиш учун масъул бўлган Комплаенс назорат хизматини ташкил этиш;

(б) суд аппарати ходимлари касб масъулиятини янада чуқур ҳис этишлари мақсадида мансаб даражасига эга бўлган суд аппарати ходимлари учун ихтисослашган хизмат кийимини жорий этиш.

3. Белгилансинки, суд тизимида коррупциянинг олдини олиш:

(а) судьялар корпусига нисбатан – Судьялар олий кенгашининг Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси томонидан;

(б) суд аппарати, шу жумладан, Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ходимларига нисбатан – Олий суднинг Комплаенс назорат хизмати томонидан амалга оширилади.

4. Қуйидагилар Комплаенс назорат хизматининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

(а) суд аппарати фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш чораларини кўриш;

(б) суд аппарати ходимлари томонидан касб этикаси ва қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини мониторинг қилиш, коррупция ва суд тизими обрўсига путур етказувчи бошқа ҳолатларнинг олдини олиш;

(в) суд аппаратига ишга қабул қилиш жараёнларида шаффофлик ва холисликни таъминлаш чораларини кўриш, шунингдек, белгиланган тартибда суд аппарати лавозимларига номзодларни коррупцияга қарши текширувдан ўтказиш ва хулоса бериш;

(г) суд аппарати ходимларида коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмалари узлуксиз ошириб борилишини мувофиқлаштириш;

(д) суд аппарати ходимлари, улар оила аъзоларининг (турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандлари) даромадлари ва мол-мулки, шунингдек, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини декларация қилиш тизимларини ишга тушириш ҳамда юритиш, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик ҳолатларига йўл қўймаслик;

(ж) халқаро стандартлар асосида коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берган ходимларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, пора таклиф этиш ҳолатлари ҳақида ходим томонидан хабар бериш тизими, шунингдек, фуқаролар учун хавфсиз алоқа каналларини жорий этиш;

(з) қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларни амалга ошириш.

5. Қуйидагилар:

(а) Олий суднинг аппаратида Олий суд раисига тўғридан-тўғри бўйсунувчи 3 та штат бирлигидан иборат Комплаенс назорат хизмати ташкил этилсин;

(б) Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида Комплаенс назорат хизматига тўғридан-тўғри бўйсунадиган жами 15 та штат бирлигидан иборат комплаенс назорат бўйича инспектор лавозимлари жорий этилсин.

6. Белгилансинки:

(а) Комплаенс назорат хизмати раҳбари Олий суд раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий таъминот ва ижтимоий ҳимоя шартлари бўйича Олий суд департамент бошлиғига тенглаштирилади;

(б) комплаенс назорат бўйича инспекторлар Олий суд раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий таъминот ва ижтимоий ҳимоя шартлари бўйича Олий суд бош консультантига тенглаштирилади;

(в) комплаенс назорат бўйича инспекторлар Ҳарбий суд, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида жойлаштирилади;

(г) Комплаенс назорат хизмати лавозимларига ҳалол, пок ва бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлган олий юридик маълумотли, шунингдек, қоида тариқасида, суд-ҳуқуқ соҳасида камида 5 йиллик иш стажига эга номзодлар тайинланади;

(д) Олий суди раисига Комплаенс назорат хизмати ходимларига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қонунчиликда белгиланган тартибда қўшимча устамалар тўлаш ҳуқуқи берилади;

(ж) Комплаенс назорат хизмати ходимларига юклатилган вазифалар доирасида суд аппарати ходимларининг одоб-аҳлоқи ҳамда хизмат вақтида ва хизматдан ташқари ҳолатларда ўзини тутиши, умумэътироф этилган одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этиши билан боғлиқ масалаларда хизмат текширувларини ўтказиш ваколати берилади.

7. Олий суд:

(а) 2026 йил 1 сентябрга қадар суд аппарати фаолиятида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастури ва суд аппаратидаги коррупциявий хавф-хатар юқори бўлган лавозимлар рўйхатини тасдиқласин;

(б) 2027 йил 1 мартга қадар суд аппарати ходимларининг коррупциявий хавф-хатар даражаси юқори бўлган вазифа ва функцияларини рақамлаштириш, уларни амалга оширишда инсон омилини камайтириш чораларини кўрсин.

8. Олий суд уч ой муддатда суд аппарати ходимларини ишга қабул қилиш ва уларнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ чекловларни белгиловчи низомни ўрнатилган тартибда тасдиқласин. Низомда қуйидагиларга нисбатан чекловлар назарда тутилсин:

(а) муқаддам коррупцияга оид жиноятларни содир этишда суд томонидан айбдор деб топилган шахсларни ишга қабул қилиш;

(б) нотариус, адвокат, судья, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки бошқа давлат органи фаолиятида ножўя хатти-ҳаракатлари учун лавозимдан бўшатилган шахсларни уч йил мобайнида ишга қабул қилиш;

(в) педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланиш;

(г) тадбиркорлик субъектини таъсис этиш, унда ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажариш (бундан акциядорлик жамиятлари эркин муомалада бўлган акцияларига қонунчиликда белгиланган талаблар доирасида эгалик қилиш ҳоллари мустасно);

(д) ўз хизмат вазифаларини сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини кўзлаб бажариш;

(ж) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очиш ва уларга эга бўлиш, кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкка эгалик қилиш.

9. Олий суднинг HR-менежмент механизмларидан кенг фойдаланган ҳолда судлар аппаратининг кадрларини бошқариш ва назорат қилишнинг самарали ва замонавий тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. Унга кўра 2026 йил якунига қадар:

(а) номзодларнинг шахсий ва касбий фазилатлари, шу жумладан, уларнинг маънавий-ахлоқий ва ҳалоллик сифатларини ҳаққоний баҳолаш имконини берувчи очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш тизимини жорий этиш. Бунда малакали кадрларни жалб этиш ва жамоада ишлаш кўникмаларини ривожлантиришнинг замонавий усулларидан кенг фойдаланишни назарда тутиш;

(б) инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантиришда рақамли технологиялар, шу жумладан сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда вакант лавозимларни эълон қилиш, номзодларни саралаш, танлаш ва ишга қабул қилиш жараёнларини рақамлаштиришга мўлжалланган “vacancy.sud.uz” портали ҳамда суд тизимида ходимлар билан ишлаш ва кадрлар маъмурчилигининг замонавий услубларини жорий этишга қаратилган “SudHR” электрон платформасини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш;

(в) замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда суд аппарати ходимларининг касбий маҳорати ва касб билан боғлиқ чақириқларга бардошлилиги, аҳиллик ва жамоада ишлаш кўникмаларини ривожлантириш, янгиликларга мослашишига қодир жамоани шакллантириш;

(г) судларга олий юридик маълумот ва илмий салоҳиятга эга бўлган кадрларни жалб қилишда республиканинг етакчи олий таълим муассасалари ҳамда Бошқарув самарадорлиги агентлиги билан ҳамкорликни йўлга қўйиш таъминлансин.

10. Олий суд икки ой муддатда Олий суд ва қўйи судлар тузилмасини белгиланган штат бирликлари доирасида мустақил тасдиқлаш ҳуқуқини Олий суд раисига беришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритсин.

III. Судьялар корпусида коррупцияга муросасизликни шакллантириш

11. Судьялар олий кенгаши ва Бошқарув самарадорлиги агентлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари маъқуллансин:

(а) Одил судлов академияси ва Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳузуридаги Раҳбар кадрларни баҳолаш марказининг моддий-техника базаси ва илмий-амалий ресурсларидан фойдаланган ҳолда
2026 йил якунига қадар суд тизимида коррупцияга қарши барқарорлик даражасини диагностикадан ўтказиш;

(б) Одил судлов академиясида номзодларни судьялик касбига тайёрлашда қўшимча равишда шахсий-профессионал ва коррупцияга қарши барқарорлик даражасини диагностикадан ўтказиш амалиётини жорий этиш.

12. Олий суд уч ой муддатда суд ишларини автоматик тақсимлаш дастурини янада такомиллаштириш чораларини кўрсин. Бунда:

(а) ишларни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш мезонларининг тугал асосларини белгилаш, мазкур жараёнлар шаффофлигини таъминлаш;

(б) ишни бир судьядан бошқа судьяга асоссиз равишда ўтказиш ҳолатларининг олдини олиш назарда тутилсин.

13. Судьялар олий кенгаши 2026 йил сентябрга қадар Одил судлов академиясида судьялар ва суд аппарати ходимлари фаолиятида манфаатлар тўқнашуви ва коррупциянинг бошқа кўринишларининг олдини олиш бўйича “реал кейслар”га асосланган ўқув-амалий модулини жорий этсин.

14. Судьялар олий кенгаши:

(а) 2026 йил 1 сентябрга қадар Одил судлов академиясида мавжуд бошқарув штат бирликлари доирасида ички хавфсизлик назорати хизматини ташкил этиш;

(б) 2027 йил 1 июнга қадар Одил судлов академиясини ISO 37001 коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими халқаро стандарти бўйича аудитдан ўтказиш чораларини кўрсин.

15. Судьялар олий кенгаши Олий суд, Одил судлов академияси билан биргаликда судьялар ва суд аппарати ходимларининг ҳар уч йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқув курсларида малакасини ошириш чораларини кўриб борсин.

16. Қуйидагилар:

(а) Судьялар олий кенгаши – 2026 йил 1 сентябрга қадар судьялар томонидан манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ҳамда даромадлар ва мол-мулки тўғрисидаги декларацияни Кенгашга тақдим этиш, шунингдек, уларни текшириш ва таҳлил қилишнинг автоматлаштирилган электрон тизимини;

(б) Олий суд 2027 йил 1 майга қадар:

(i) суд аппарати ходимлари томонидан манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ҳамда даромадлар ва мол-мулки тўғрисидаги декларацияни Олий судга тақдим этиш, шунингдек, уларни текшириш ва таҳлил қилишнинг автоматлаштирилган электрон тизимини;

(ii) суд аппарати ходимлари фаолиятидаги коррупция, шубҳали схемалар ва интизом бузилишларига олиб келувчи бўшлиқларни аниқлаб, уларни бартараф этиш, суд аппарати ходимлари фаолиятини мониторинг қилиш имконини берувчи коррупциявий хавф-хатарларни бошқариш электрон ахборот тизимини ишга туширсин.

IV. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

17. Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари бўйича “йўл харита”си иловага мувофиқ тасдиқлансин.

18. Олий суд уч ой муддатда Комплаенс назорат хизматини малакали кадрлар билан тўлдириш ва уларнинг самарали фаолиятини йўлга қўйишни таъминласин.

19. Олий суд Судьялар олий кенгаши, Адлия вазирлиги ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

20. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Комплаенс хизмати ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Олий судга Комплаенс назорат хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш, ходимларнинг малакасини оширишда услубий жиҳатдан кўмаклашиб борсин.

21. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Олий суд раиси Б.Д. Исламов ва Судьялар олий кенгаши раиси Х.Б. Ёдгоров белгилансин.

22. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Н.Ж. Хакимова зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • «Ўзбекистон — 2030» стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo