icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Петербург халқаро иқтисодий форумидаги нутқи

05.06.2026

Ҳурматли Владимир Владимирович!

Ҳурматли давлат ва ҳукумат раҳбарлари!

Хонимлар ва жаноблар!

Авваламбор, Россия Федерацияси Президенти, ҳурматли Владимир Владимирович Путинга мазкур форумга таклиф этгани ва самимий меҳмондўстлик учун чин дилдан миннатдорлик билдираман.

Шунингдек, Танзания Президенти Самия Сулуҳу Ҳасан хонимни, Хитой Халқ Республикаси Раиси ўринбосари Хан Чжэн жанобларини қутлайман.

Ўзининг ўттиз йиллик фаолияти давомида жаҳон миқёсидаги энг муҳим масалалар юзасидан фикр алмашиш бўйича нуфузли ва зарур мулоқот майдонларидан бирига айланган Петербург халқаро иқтисодий форумида иштирок этиш мен учун катта шарафдир.

Ўзбекистон билан тарих, маънавий яқинлик ва инсоний тақдирлар орқали боғланган Россиянинг маданий пойтахти – Санкт-Петербург шаҳрида бугун яна бир бор бўлиб турганимдан ғоят хурсандман.

Урушнинг оғир йилларида кўплаб ўзбекистонликлар Ленинград мудофаасида қатнашган, Тошкент эса бир ярим миллион нафардан ортиқ эвакуация қилинган болалар, аёллар ва кексаларга бошпана берган эди. Бу ҳақдаги хотира умумий маънавий маконимизнинг бир қисми бўлиб қолмоқда.

Ҳурматли форум иштирокчилари!

Бугун айнан шу ерда, Нева бўйида биз ўтмишни ёд этиб, келажак ва глобал иқтисодиётнинг янги архитектурасига оид масалаларни муҳокама қилмоқдамиз.

Дунё чуқур қайта қуриш жараёнларини бошидан кечирмоқда. Транспорт йўналишлари ўзгармоқда, янги ишлаб чиқариш занжирлари шаклланмоқда. Замонавий технологик платформалар пайдо бўлиб, барча соҳаларда сунъий интеллект жорий этилмоқда. Энергетик, озиқ-овқат ва рақамли хавфсизлик масалалари тубдан қайта кўриб чиқилмоқда. Рақобат нафақат бозорлар ва табиий ресурслар учун курашда намоён бўлмоқда, балки технологиялар, логистика ва инфратузилма соҳаларида ҳам унинг таъсири сезилмоқда.

Жаҳон иқтисодиётида беқарорлик ҳукм сураётган шароитда бирлаштирувчи роль ўйнайдиган ва ўз атрофида кооперация, барқарорлик ҳамда ўзаро манфаатдорлик маконини шакллантиришга қодир бўлган давлатлар ва минтақаларнинг аҳамияти ортиб бормоқда.

Ўзбекистон минг йиллар давомида Буюк ипак йўлининг юраги бўлиб келган. Самарқанд, Бухоро ва Тошкент орқали нафақат маҳсулотлар ташилган, балки ғоя ва билимлар, маданий ва диний анъаналар бир-бирини ўзаро бойитиб келган. Шунинг учун ҳам очиқлик биз учун доимо танлов эмас, балки ҳаётий зарурат ва цивилизация коди ҳисобланган. Ҳозирги кунда у янгича маъно-мазмун касб этиб бормоқда.

Ўзбекистон ва умуман, Марказий Осиё мустақил иқтисодий ўсиш марказига айланмоқда. Бу минтақада келажакнинг транспорт, технология ва демография соҳаларидаги қиёфаси намоён бўлмоқда. Ушбу маконда Шимол ва Жануб, Ғарб ва Шарқ ўртасидаги асосий коммуникациялар чорраҳаси шаклланмоқда.

Кучайиб бораётган айни тенденцияни янада мустаҳкамлаш учун бизга сифат жиҳатидан янги даражадаги боғлиқлик ниҳоятда зарур. Бу ўринда нафақат анъанавий транспорт-логистика ва энергетика йўлакларини бирлаштириш, балки рақамли, тўлов ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини интеграция қилиш ҳақида ҳам сўз бормоқда. Кучли, бирлашган, иқтисодий жиҳатдан боғланган, очиқ ва барқарор Марказий Осиё барча шерикларимизнинг стратегик манфаатларига жавоб беради.

Хонимлар ва жаноблар!

Ўзбекистон учун Россия минтақадаги шунчаки қўшни эмас. Бу давлат бизнинг вақт синовидан ўтган стратегик шеригимиз ва иттифоқчимиздир.

Бугунги кунда ўзаро муносабатларимиз янги даврга қадам қўйди. Ҳамкорлик кўп даражали ва кўп қиррали тус олди.

Биз маҳсулотларнинг оддий савдо-сотиғидан мураккаб саноат занжирлари, технологик альянслар, биргаликда лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қадар бўлган йўлни босиб ўтдик. Бизнинг статистик маълумотларимизга кўра, сўнгги 10 йилда ўзаро маҳсулот айланмаси уч баробардан кўпроқ – 4 миллиард доллардан 13 миллиард долларга ошди. Россия билан ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг умумий портфели 50 миллиард доллардан ортади.

Икки давлат ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил кенгаймоқда. Бу жараёнга бизнинг асосий ҳамкорларимиз – Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари, Москва ва Ленинград вилоятлари, Татаристон ва Бошқирдистон, Красноярск ва Перм ўлкалари, шунингдек, Россиянинг бошқа кўплаб ҳудудлари фаол жалб қилинган.

Амалга оширилаётган ҳудудлараро лойиҳалар ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этади, яна 5 миллиард долларлик инвестициялар пакети тайёрланмоқда. Ўзаро ҳамкорлик барча муҳим соҳаларни, жумладан, энергетика, кимё ва нефть-кимё, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, логистика, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларни қамраб олмоқда. Лойиҳалар қаторида Ўзбекистоннинг бешта ҳудудидаги қўшма саноат парклари ва Тошкентда ташкил этилган қўшма вагонсозлик кластери алоҳида эътиборга лойиқдир.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Инвестиция лойиҳалари, жумладан, Россия иштирокидаги лойиҳалар ҳисобидан биз электр энергияси ишлаб чиқаришни бир ярим баробар – 58 миллиард киловатт-соатдан 87 миллиард киловатт-соатга оширдик. 2030 йилгача генерацияни 120 миллиард киловатт-соатгача кўпайтиришни режалаштирмоқдамиз. Унинг 54 фоизини қайта тикланадиган энергия манбалари ташкил этади.

Бизнинг энергетика соҳасидаги қувватларимиз, шунингдек, Ўзбекистонда Россия иштирокида биринчи гибрид атом электр станциясининг ишга туширилиши ҳисобидан ҳам ортади. Кеча биз Владимир Владимирович билан АЭС қурилишининг биринчи пойдеворини қўйиш маросимида қатнашдик. Биз учун бу узоқ муддатли ривожланиш, янги муҳандислик мактабини тайёрлаш ва илғор технологияларни ўзлаштиришга қаратилган лойиҳадир.

Атомдан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича бошқа соҳалар – тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, саноат ва илм-фанда ҳам ҳамкорликда иш олиб бориш ниятидамиз.

Азиз дўстлар!

Ҳозирги шароитда Ўзбекистон ва Россиянинг технологиялар ва саноат соҳасидаги ҳамкорлиги фақат икки томонлама алоқалар доирасида чекланиб қолмаслиги керак.

Биз саноат бўйича салоҳиятни, ресурслар, бозорлар ва компетенцияларни бирлаштиришга қодир бўлган улкан кооперация маконини яратишни мўлжал қиляпмиз. Айнан шунинг учун биз “Евроосиё технологик саноатлаштириш камари”ни шакллантириш ташаббуси билан чиқмоқдамиз. Бу саноат кооперациясининг ягона рақамли платформаси билан бирлаштирилган  ишлаб чиқариш ва технологик кластерларнинг ўзаро боғлиқ тизимидир. Бу ўринда технологияларни ишлаб чиқиш ва кадрлар тайёрлашдан тортиб, саноат ишлаб чиқаришини маҳаллийлаштириш ва ташқи бозорларга чиқишгача бўлган тўлиқ циклли занжирларни яратиш ҳақида сўз бормоқда.

Ушбу ташаббусни синовдан ўтган, ҳар йили Тошкентда ўтказиладиган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” инновацион-саноат кўргазмаси платформаси базасида амалга оширишни таклиф этамиз. Бундай ёндашув бизнес учун ҳамкорларни тўғридан-тўғри топиш ва ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш имконини беради.

Хонимлар ва жаноблар!

Ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши, ҳеч шубҳасиз, иқтисодиётнинг янги мулоқот воситаси, таъбир жоиз бўлса, тилига айланган рақамлаштиришдир.

Агар илгари инфратузилма деганда, йўллар, қувурлар ва электр узатиш тармоқлари тушунилган бўлса, бугунги кунда  бу, аввало, рақамли платформалар демакдир. Улар ўз атрофида яхлит экотизимни – иш ўринлари, логистика, тўлов хизматлари, янги экспорт имкониятларини шакллантирмоқда.

Ўзбекистон бизнеси рақамли ечимларни фаол ривожлантирмоқда ва айни пайтда кенг доирадаги мамлакатлар билан технологик ҳамкорлик учун очиқдир. Масалан, Россия маркетплейслари ва рақамли сервислари орқали маҳсулотларимиз савдоси ҳажми сўнгги бир неча йилда 3,5 баробар ўсиб, бир ярим миллиард доллардан ошди.

Ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида қўшма Рақамли экотизимни шакллантиришга киришишни таклиф этамиз. Илк босқичда у рақамли савдо ва шаҳар сервисларини тартибга солиш қоидаларини яқинлаштириш, Ўзбекистон ва Россия брендларини ҳамкорликдаги платформаларда илгари суриш, бандлик бўйича ягона рақамли профилни яратиш, сунъий интеллект асосида маҳсулотларни ривожлантиришни ўзида қамраб олиши мумкин. Бу бизнес учун янги бозорлар, фуқаролар учун эса даромад топишда қўшимча  имкониятлар яратади.

Айни пайтда рақамлаштиришни кенг қўллашга интилар эканмиз, ҳар қандай ўзгаришлар негизида доимо инсон туришини ёдда тутиш муҳимдир.

Бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг энг ёш мамлакатларидан бири бўлиб, аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Бу шунчаки оддий статистика эмас. Бу – ривожланиш учун қувват, энергия манбаи. Бу – янги талаб. Бу – бизнинг келажагимиз.

Шу боис, бизнинг вазифамиз фақат ёшларга замонавий билим беришдан иборат эмас. Ёшлар илғор компетенцияларни ўзлаштириши ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун имкон берадиган шароитларни яратиш муҳимдир. Бу ўринда таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистонда хорижий олийгоҳларнинг 32 та, жумладан, Россия олий таълим муассасаларининг 15 та филиали фаолият юритмоқда. Бу Россиянинг хориждаги энг йирик университетлар тармоғи ҳисобланади.

Шу билан бирга, касбий таълим, айниқса, амалиётга йўналтирилган кадрлар тайёрлаш дастурларини жорий этиш муҳим аҳамиятга  эга. Бизда бу борада аллақачон муваффақиятли мисоллар бор. Олмалиқ ва Тошкентда биринчи қўшма муҳандислик мактаблари ишга туширилди.

Онлайн таълим сервислари мазкур соҳадаги самарали ҳамкорлик механизми бўлиши мумкин. Бундай сервисларнинг ишга туширилиши ёшларга ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам зарур билимларни олиш имконини беради. Бу меҳнат мобиллиги моделини тубдан ўзгартиради ва уни ташкил этишни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқади.

Шу муносабат билан биз Инсон капиталини ривожлантириш қўшма онлайн-платформасини яратишни таклиф этамиз. Унинг вазифаси – таълим, касбий тайёргарлик ва меҳнат бозорини ўзаро боғлашдан иборат.

Ушбу тизимда таълим дастурлари, тил ўргатиш ва ахборот технологиялари курслари, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва иш берувчилар билан боғланиш имкониятлари бирлаштирилиши мумкин.

Ёшлар учун бу янги иқтисодиёт сари аниқ-равшан йўналиш бўлади. Бизнес учун тайёр кадрлар базасидан фойдаланиш имкониятидир. Университетлар ва коллежлар учун бозорнинг реал талаби билан алоқа воситасидир. Ўзбекистон ва Россия учун эса энг олий қадрият бўлган инсонларга узоқ муддатли сармоядир.

Агар ҳурматли Владимир Владимирович ушбу ташаббусни қўллаб-қувватласа, соҳавий идораларимизга бундай платформани имкон қадар тезроқ ишга тушириш вазифасини топширамиз.

Ҳамкорлигимизнинг гуманитар асоси сифатида туризмни алоҳида кўрсатиб ўтишни истар эдим. Ушбу тармоқ ишонч иқтисодиётини ҳаммадан кўра яхшироқ шакллантиради.

Одамлар Ўзбекистонга келар экан, нафақат тарихий ёдгорлик ва шаҳарларни, балки маданиятни, меҳмондўстлик, ишбилармонлик муҳити ва бизнес учун имкониятларни ҳам кўради. 2025 йилда бизнинг мамлакатимизда қарийб бир миллион россиялик меҳмон бўлди, бу йил эса биз янада кўпроқ сайёҳни қабул қилишга тайёрмиз. Бунинг учун нафақат туристик инфратузилмани, балки креатив иқтисодиётни ҳам ривожлантиряпмиз. 2030 йилга бориб, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 5 фоизни ташкил этади. Бу эса ушбу ижодий соҳани иқтисодий ўсишнинг драйверларидан бирига айлантиради.

Ҳамкорлигимизнинг маданий-гуманитар йўналишини мустаҳкамлаш мақсадида “Самарқанддан Петербурггача” креатив-туристик йўлаги лойиҳасини ишга туширишни таклиф этамиз. Ушбу ташаббус санъат ва кино фестиваллари, музей кўргазмалари, гастрономия ҳафталиклари ва мусиқий тадбирларни биргаликда ташкил этишни назарда тутади.

Кеча Мариинский театри ва “Эрмитаж” давлат музейида Ўзбекистон маданияти ва санъатига доир лойиҳалар бошланди.

Ҳурматли форум иштирокчилари!

2026 йил мамлакатимиз учун алоҳида аҳамиятга эга. Биз тизимли ислоҳотларнинг муҳим маррасига яқинлашмоқдамиз. Бундан ўн йил олдин очиқлик, инклюзивлик ва прагматизмга таянган ҳолда, Янги Ўзбекистонни барпо этишни бошлаган эдик. Ўтган даврда узоқ муддатли ўсиш учун мустаҳкам асос – қулай ишбилармонлик муҳити, барқарор саноат базаси ва янги инфратузилма яратилди.

Иқтисодиётимиз ҳажми 50 миллиард доллардан 147 миллиард долларга ошди, жорий йил эса 8 фоиздан юқори ўсишни прогноз қилмоқдамиз. Ислоҳотлар бошланганидан буён мамлакатимизга 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб қилинди, минглаб замонавий корхоналар ишга туширилди. Товар ва хизматлар экспорти қарийб 3 баробар ошди.

Ўзбекистон ҳатто ҳозирги глобал беқарорлик шароитида ҳам барқарор ўсиш динамикасини намойиш этмоқда. Иқтисодиётимиз янада кўп қиррали бўлиб бормоқда, ички бозор кенгаймоқда, замонавий технологиялар, инфратузилма ва сифатли иш ўринларига талаб ортмоқда.

Ёш, фаол ва тез ўсиб бораётган аҳоли Ўзбекистоннинг муҳим устунликларидан биридир. Бу тадбиркорлик, технологиялар, сервислар ва саноатни ривожлантиришнинг узоқ муддатли базасидир.

Аммо демографик ўсиш ўз-ўзидан муваффақиятни кафолатламайди. Бу салоҳиятни кучли интеллектуал ресурс – компетенцияларга, унумдорликка, юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ва технологиялар яратиш қобилиятига айлантиришимиз керак.

Биз ислоҳотларимизнинг илк давриданоқ бозор самарадорлиги ва ижтимоий масъулиятни уйғунлаштиришга ҳаракат қилиб келяпмиз. Ўзбекистон иқтисодий ривожланиш моделининг ўзига хослиги айнан шу жиҳат билан белгиланади. Ўсиш нафақат тез суръатларда, балки барқарор, инклюзив ва одамларнинг ҳаёт сифатини оширишга йўналтирилган бўлиши лозим.

Фақат сўнгги 5 йилда аҳолининг умумий даромадлари 2,5 баробар ошди. Биз учун асосий мезон бу юқори ҳаёт сифати, инсон қадр-қиммати ва ҳар бир одамнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришдир.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси айнан шу мақсадга эришишга  хизмат қилади. Ушбу даврга қадар биз аҳоли даромадларини ўртачадан юқори даражага кўтариш, барча соҳаларни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, иқтисодиёт ҳажмини яна бир ярим баробар – 240 миллиард доллардан кўпроққа ошириш ниятидамиз.

Ҳурматли форум иштирокчилари!

Ўзбекистонда глобал инвестициялар учун барча шарт-шароитлар изчил шакллантирилмоқда. Қулай ишбилармонлик муҳити яратилмоқда, бозор институтлари такомиллаштирилмоқда, рақобат даражаси ва ишлаб чиқариш салоҳияти ортмоқда.

Ушбу форумда иштирок этаётган инвесторларни юқори қўшимча қийматли янги саноат занжирларини яратишга таклиф этамиз.

Компетенцияларни, ишлаб чиқариш ва ишланмаларни чуқур маҳаллийлаштириш, шунингдек, замонавий инжиниринг ва янги экспорт йўналишларини ривожлантириш бизнинг устувор вазифамиздир. Бу бугунги кунда саноат усулида қайта ишлаш, агротехнологиялар, биокимё, робототехника, рақамли ечимлар ва сунъий интеллект каби янги иқтисодиёт шаклланаётган соҳаларда айниқса муҳимдир.

Энергетика, авиация, таълим, геология ва бошқа кўплаб соҳаларда давлат-хусусий шериклик тамойили шаклида амалга оширилаётган лойиҳаларда биз ҳамкорлик учун катта салоҳиятни кўрмоқдамиз.

Манфаатдор шерикларимизга нафақат ўсиб бораётган ички бозоримиз, балки қўшни мамлакатлар ва минтақаларга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятини ҳам таклиф этамиз.

Азиз дўстлар!

Ўзбекистон глобал ишбилармонлар ҳамжамияти учун ишончли ва барқарор мамлакатдир. Иқтисодиётимизнинг юқори даражада очиқлик сари ҳаракат қилаётгани етакчи рейтинг агентликлари томонидан холис тасдиқланмоқда. Фақат шу йилнинг ўзида мамлакатимиз Иқтисодий эркинлик индексида яна 14 поғона юқори кўтарилди.

Сўнгги йилларда биз халқаро бозорларга 16 миллиард долларлик суверен ва корпоратив облигацияларни жойлаштирдик. Ўтган ойда Лондон фонд биржасида энг йирик давлат компанияларининг активларини бирлаштирган Ўзбекистон Миллий инвестиция фондининг акциялари биринчи маротаба оммавий савдога чиқарилди.

Капитал бозорини янада ривожлантириш, барқарор молиявий ва инвестициявий платформани шакллантириш мақсадида энг яхши стандартлар асосида ишлайдиган Тошкент халқаро молия марказини ташкил этишга киришдик. Марказнинг махсус ҳуқуқий мақомга ва солиқ имтиёзларига эга экани инвесторларга бизнес юритиш учун қулай восита ва ишончли кафолатларни тақдим этади.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни 16-18 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форумига таклиф этаман. Ушбу анжуман доирасида Янги Ўзбекистоннинг янги имкониятлари ва истиқболлари билан бевосита танишиш мумкин бўлади.

Хонимлар ва жаноблар!

Албатта, бугунги форумнинг “Прагматик мулоқот – барқарор келажак сари йўл” деган шиори рамзий маънога эга. Чиндан ҳам айнан очиқ ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқот ҳозирги кунда барқарор ривожланишнинг асосий шартига айланмоқда. Ишонч, ҳамкорликка тайёрлик ва биргаликда ечим излашга интилиш бор жойда янги имкониятлар пайдо бўлади. Ўзбекистон ва Россия шериклиги бундай ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.

Россия Федерацияси Президенти, ҳурматли Владимир Владимирович Путинга ушбу кенг кўламли халқаро форумга таклиф этгани ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналишларини тақдим этиш имкониятини яратгани учун яна бир бор самимий миннатдорлик билдираман.

Сўзимнинг якунида барча иштирокчиларга самарали фаолият юритишлари ва қизиқарли фикр алмашишларини тилайман.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • «Ўзбекистон — 2030» стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo