icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида

29.05.2026

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Кичик бизнес субъектлари учун солиқ режимини янада қулайлаштириш, қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилигини соддалаштириш орқали айланмадан очиқлаш ва бизнесни ўсишини рағбатлантириш мақсадида қарор қиламан:

I. Асосий мақсадлар

1. Қуйидагилар ушбу Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгилансин:

(а) бизнес ўсиши учун иқтисодий ва маъмурий қулайликлар яратиш;

(б) асосий солиқ ставкаларини оширмасдан шаффоф солиқ базасини кенгайтириш;

(в) рақамли сервислар ва солиқ солишнинг адолатлилик тамойилига асосланган хавфга йўналтирилган солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш;

(г) давлат, бизнес, ходимлар, истеъмолчилар, маҳаллий бюджетлар ва инвесторлар манфаатлари мувозанатини таъминлаш.

II. Бизнес ўсишини рағбатлантириш ва умумий солиқ режимига ўтишни юмшатиш

2. 2026 йил 1 июндан бошлаб солиқ солишнинг умумбелгиланган тартибига ўтиш учун белгиланган чегаравий миқдор базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн икки минг баравари этиб белгилансин.

III. Кичик ва ўрта бизнесни қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари

3. Белгилансинки, 2026 йил 1 июндан бошлаб:

(а) меҳмонхона ва умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан:

(i) алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотишда нақд пул тўловларини қабул қилишга рухсат берилади;

(ii) алкоголь маҳсулотлари харид қилинганда рақамли маркировка кодлари ушбу субъектларда якуний истеъмолга реализация қилинган деб эътироф этилади;

(б) умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун:

(i) айрим тоифадаги ходимларни меҳнат органларининг мобил иловаси орқали соддалаштирилган тартибда шу куннинг ўзида ва муайян муддатга расмийлаштириш ва иш ҳақини тўлаш тартиби жорий этилади;

(ii) тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш, тушумнинг нақд пулсиз шаклда тушган улушидан қатъи назар, тўланган солиқ суммасининг 40 фоизи миқдорида амалга оширилади;

(в) умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига тегишли бино ва иншоотларга ҳамда ер участкаларига туташ ҳудудлардан фойдаланишда тўланадиган ижара тўлови миқдори Солиқ кодексида белгиланган тартибда аниқланадиган ер солиғининг бир баравари миқдорида белгиланади.

4. 2027 йил 1 январдан бошлаб:

(а) алкоголь маҳсулотларини чакана сотиш ҳуқуқи учун ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқи учун йиғимлар бирлаштирилсин ва унинг ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида белгилансин;

(б) жисмоний ва юридик шахслар томонидан тадбиркорлик субъектларига умумий майдони 1 000 метр квадратдан кўп бўлган мол-мулк ижарага берилганда, солиқ солиш мақсадида ижара тўловининг энг кам ставкалари қўлланмайди, бундан Тошкент шаҳри мустасно;

(в) кичик бизнес субъектларига бухгалтерия ҳисобини юритувчи ташкилотлар ва солиқ маслаҳатчиларини жалб қилиш харажатларини икки баравар оширган ҳолда чегиришга рухсат берилсин.

IV. Қўшилган қиймат солиғи бўйича соддалаштирилган тартибни жорий этиш

5. Белгилансинки, 2026 йил 1 июндан 2030 йил 1 январга қадар асосий фаолият тури умумий овқатланиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳаси бўлган тадбиркорлик субъектларига, бундан давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналар ҳамда йирик солиқ тўловчилар мустасно, ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини танлаш ҳуқуқи берилсин.

6. Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибида:

(а) қўшилган қиймат солиғи ставкаси товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича барча айланмаларга нисбатан 6 фоиз этиб белгиланади;

(б) фойда солиғи ставкаси 0 фоиз этиб белгиланади ва солиқ ҳисоботини тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади;

(в) сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилмайди;

(г) солиқ солишнинг умумбелгиланган тартибида назарда тутилган:

(i) қўшилган қиймат солиғи бўйича мавжуд имтиёзлар, преференциялар ва тўланган солиқнинг бир қисмини қайтариб бериш тартиби қўлланмайди;

(ii) қўшилган қиймат солиғининг мавжуд салбий фарқ суммаси ҳисобдан чиқарилади;

(д) мазкур тартибдаги тадбиркорлик субъектларидан товарлар ва хизматларни сотиб олган харидорларга қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади.

7. Белгилансинки:

(а) тадбиркорлик субъектлари томонидан қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибига ўтиш ёки уни қўллашдан воз кечиш хабарнома юборилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан амалга оширилади;

(б) қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибидан умумбелгиланган тартибга ўтилганда, солиқ тўловчи бундай ўтиш санасида ўз балансида мавжуд бўлган товар-моддий захиралар ва узоқ муддатли активлар қолдиқларининг баланс қийматида ҳисобга олинган қўшилган қиймат солиғи суммаларини белгиланган тартибда ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади.

8. Солиқ қўмитаси бир ой муддатда электрон ҳисобварақ-фактуралар ва харид чекларида қўшилган қиймат солиғини 6 фоизлик ставка бўйича ҳисоблаш ҳамда унинг алоҳида ҳисобини юритиш тизимини жорий этсин.

V. Қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилигини яхшилаш

9. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

(а) қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномаси фақат ушбу солиқ тўловчилар ҳисобини юритиш мақсадида берилади ва таъсир чораларини белгилашга асос бўлиб ҳисобланмайди;

(б) қуйидагилар бекор қилинади:

(i) қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини вақтинча тўхтатиб туриш тартиби;

(ii) Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб киришни (импортни) амалга оширувчи юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни мажбурий тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси деб эътироф этиш;

(в) 2027 йил 1 январдан бошлаб солиқ хавфи даражаси паст бўлган ҳолларда қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммасини қайтаришда (қоплашда) инсон омили иштирокидаги жорий амалиётдан воз кечилади;

(г) солиқ тўловчида мазкур Фармон кучга киргунга қадар ҳосил бўлган ҳамда келишда ҳосил бўладиган 10 миллион сўмгача қўшилган қиймат солиғи бўйича салбий фарқ суммалари уларнинг аризаси талаб этилмаган ҳолда автоматик тартибда қайтариб берилади. Ушбу суммани қоплаб бериш билан боғлиқ солиқ текширувлари ўтказилмайди.

10. Солиқ қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йил 1 октябрга қадар электрон ҳисобварақ-фактуралар ва солиқ ҳисоботининг хавф даражасини реал вақт режимида баҳолаш натижасида қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммасини автоматик тарзда қайтариш (қоплаш) амалиётини жорий этсин.

VI. Кичик бизнес субъектларига маъмурий юкни камайтириш

11. 2028 йил 1 январга қадар кичик бизнес субъектларига солиқ органларининг “Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш” автоматлаштирилган дастури орқали аниқланадиган солиққа оид ҳуқуқбузарлик аломатларини мустақил тузатиш имконияти берилиб, қуйидаги солиқ текширувлари ўтказилмайди:

(а) солиқ хавфи суммаси беш юз миллион сўмгача бўлганда — солиқ аудити;

(б) солиқ хавфи суммаси юз миллион сўмгача бўлганда — сайёр солиқ текшируви.

12. Солиқ қўмитаси 2026 йил 1 июлдан бошлаб камерал солиқ текшируви талабномасига тушунтиришлар ва (ёки) тузатишлар тақдим этилганда солиқ тўловчиларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни фаоллаштириш жараёнини тўлиқ автоматлаштирсин.

VII. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

13. Мазкур Фармон норма ва қоидалари, агар уларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, дарҳол кучга кирсин.

14. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

15. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Солиқ қўмитаси раиси Ф.Х. Пулатов белгилансин.

16. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • «Ўзбекистон — 2030» стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo