05.05.2026
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҚарориАҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, мулкчилик шаклидан қатъи назар барча тиббиёт ташкилотлари фаолияти устидан ягона талаблар ва стандартлар асосида самарали назоратни таъминлаш, тиббий фаолиятни лицензиялаш ва аккредитациялаш тизимининг шаффофлигини ошириш ҳамда уни босқичма-босқич халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида, қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Қуйидагилар аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини оширишнинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:
(а) 2030 йилга қадар 3 000 дан ортиқ давлат тиббиёт муассасаларини лицензиялаш талабларига мослаштириш;
(б) барча давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари (кейинги ўринларда – тиббиёт ташкилотлари) учун ягона талаблар ўрнатиш;
(в) тиббиёт ташкилотларининг ахборот тизимларини ягона талаблар асосида Рақамли соғлиқни сақлаш платформасига интеграция қилиш;
(г) тиббий хизматларни кўрсатиш жараёнларига камида 75 та миллий аккредитациялаш стандартларини жорий қилиш;
(д) кўрсатилаётган тиббий хизматлар ва уларнинг сифатини электрон тизим орқали назорат қилиш механизмларини жорий этиш;
(ж) тиббиёт ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш ва аккредитациялаш тартибларини такомиллаштириш орқали кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш.
II. Тиббий хизматлар сифатини ошириш бўйича чоралар
2. Белгилансинки, 2026 йил 1 июлдан бошлаб:
(а) Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази” давлат муассасаси (кейинги ўринларда – Марказ) тиббий фаолиятни лицензиялаш бўйича ишчи орган сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан лицензия бериш ҳамда лицензиялаш билан боғлиқ бошқа барча функцияларни амалга оширади;
(б) тиббиёт ташкилотларида тиббий хизмат сифатини назорат қилиш бўйича алоҳида тузилма фаолиятини йўлга қўйиш лицензия талаб ва шартлари этиб белгиланади;
(в) тиббий фаолиятни лицензиялаш талаб ва шартларига риоя қилиниши ҳамда тиббий хизмат сифатини назорат қилиш бўйича:
(i) текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартиби жорий қилинади;
(ii) текширув ўтказаётган назорат қилувчи органга нисбатан илгари текширилган фаолият даври, предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказилмаслигига оид талаблар татбиқ қилинмайди;
(iii) ўтказиладиган профилактика тадбирлари тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларни кўздан кечириш орқали амалга оширилиши мумкин;
(г) тиббиёт ташкилотларини миллий аккредитациядан ўтказиш ваколати белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган тиббиёт соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотларига ҳам берилади.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
(а) давлат тиббиёт муассасаларига лицензия бериш орқали уларда лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш тизими жорий этилади. Бунда қуйидаги муддатларда лицензия олиниши мажбурий этиб белгиланади:
(i) республика даражасидаги давлат тиббиёт муассасалари – 2027 йил 1 апрелга қадар;
(ii) ҳудудий даражадаги давлат тиббиёт муассасалари – 2028 йил якунига қадар;
(iii) туман (шаҳар) даражасидаги давлат тиббиёт муассасалари – 2030 йил якунига қадар;
(б) 2028 йил 1 апрелдан бошлаб Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига миллий ёки Соғлиқни сақлашда сифат бўйича халқаро жамияти (ISQua) томонидан аккредитациядан ўтказилган ташкилотларнинг аккредитацияси (кейинги ўринларда – халқаро аккредитация)дан ўтмаган республика даражасидаги давлат тиббиёт муассасалари ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари билан тиббий хизматлар хариди бўйича шартнома тузиш тақиқланади;
(в) халқаро аккредитациядан ўтган тиббиёт ташкилотлари аккредитация жараёнлари (ташқи баҳолаш ва ўтказилган инспекция натижалари) тўғрисидаги маълумотларни Марказга киритиб боради;
(г) миллий ёки халқаро аккредитациядан ўтган тиббиёт ташкилоти лицензиясининг амал қилиш муддати миллий ёки халқаро аккредитациянинг амал қилиш муддатига мос равишда лицензияловчи орган томонидан автоматик тарзда узайтирилади.
III. Ягона талаблар асосида тиббий ахборот тизимини жорий қилиш
4. Белгилаб қўйилсинки, 2027 йил 1 апрелдан бошлаб:
(а) тиббий фаолиятни лицензиялашда тиббиёт ташкилотларининг ахборот тизимларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган ягона талабларга (стандартларга) мослаштирган ҳолда Рақамли соғлиқни сақлаш платформасига мажбурий тартибда бепул интеграция қилиш орқали маълумот алмашинувини таъминлаш шартлари киритилади;
(б) тиббиёт ташкилотлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини, шунингдек, лицензия талаб ва шартларига амал қилинишини Марказ томонидан ахборот тизимида масофавий баҳолаб бориш орқали назорат қилиш йўлга қўйилади.
5. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда:
(а) барча тиббиёт ташкилотлари ахборот тизимларига қўйиладиган ягона талабларни (стандартларни) тасдиқласин;
(б) ташхислаш ва даволаш стандартлари ҳамда клиник протоколларнинг электрон шаклидан фойдаланиш имконини берувчи маълумотлар базасини яратсин ва унинг доимий янгиланиб борилишини таъминласин.
IV. Марказ фаолиятини самарали ташкил этиш
6. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2028 йил якунига қадар Марказ Соғлиқни сақлашда сифат бўйича халқаро жамияти (ISQua) халқаро ташкилоти томонидан аккредитациядан ўтказилишини таъминласин.
7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Марказнинг асослантирилган ҳисоб-китобларига асосан Марказ фаолиятини самарали ташкил этиш, тиббиёт ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш бўйича ахборот тизимини ишлаб чиқиш, кадрлар тайёрлаш, хорижий мутахассисларни жалб этиш учун 2026 йилда вазирликка ажратилган Давлат бюджети маблағлар ҳисобидан Марказга 20 миллиард сўм ажратсин.
8. Соғлиқни сақлаш вазирлиги аккредитация ва лицензиялаш бўйича халқаро стандартлар асосида кадрларни тайёрлаш мақсадида
2026–2027 йилларда Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармасининг мақсадли стажировка дастурлари орқали Марказнинг 20 нафар, тиббиёт ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш билан шуғулланиш истагини билдирган ва ўз дастурини тақдим қилган тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларнинг 5 нафар ходимининг халқаро аккредитация ташкилотларида малака оширишини ташкил этсин.
9. Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Паркент кўчаси 51-уй манзилида жойлашган биносининг умумий фойдаланиш майдони 2 000 кв.м дан иборат биринчи, иккинчи ва учинчи қаватлари Марказга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул берилсин.
10. Марказга ўз фаолиятини жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш, белгиланган вазифаларни самарали бажариш учун малакали экспертлар, шу жумладан, хорижий мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, экспертлик ва таҳлилий хизматларни “таклиф сўрови” тартиб-таомили орқали харид қилиш ҳуқуқи берилсин.
V. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
11. Тиббиёт соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
12. Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки ой муддатда тиббий фаолиятни лицензиялашнинг янгиланган талаб ва шартларини назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда бемор хавфсизлиги ҳамда клиник протоколларга риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш ҳамда лицензия талабгорлари учун тизимлаштирилган тартибни жорий этиш назарда тутилсин.
13. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги:
(а) Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳ ташкил этсин ҳамда тиббиёт ташкилотларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланишга топширишга оид шаҳарсозлик ҳамда санитария қоидалари ва меъёрларини қайта кўриб чиқиб, уларни ўзаро уйғунлаштириш ва халқаро талабларга мослаштириш чораларини кўрсин;
(б) Адлия вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда тиббиёт ташкилотларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланишга топшириш бўйича шаҳарсозлик ҳамда санитария қоидалари ва меъёрларига қатъий риоя этилишини таъминлашга қаратилган механизмларни ва лойиҳа ҳужжатларини экспертиза қилишда давлат ташкилотлари масъулиятини оширишга қаратилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
14. Соғлиқни сақлаш вазирлиги уч ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ҳамда қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири Э.Э. Адилов белгилансин.
16. Мазкур қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш. Мирзиёев


