03.05.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг йиғилиши доирасида Япония молия вазири Сацуки Катаяма бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) бошқарувчиси Нобумицу Хаяси ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) катта вице-президенти Масао Яҳара ҳам иштирок этишди.
Суҳбат аввалида юқори мартабали меҳмон мамлакатимиз етакчисига Япония Бош вазири Санаэ Такаичининг саломи ва самимий тилакларини етказди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил декабрь ойида Японияга амалга оширган ташрифи икки томонлама муносабатларда янги даврни бошлаб бергани таъкидланди.
Мулоқот чоғида иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий суръатлари алоҳида қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, Япониянинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Президенти мамлакатимиз молия тизимини модернизация қилиш, хусусан, ғазначилик соҳасига сунъий интеллектни жорий этиш, рақамли молия трансформацияси ва ушбу йўналишда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича бир қатор истиқболли таклифларни илгари сурди.
Қайта тикланувчи энергия, тиббиёт, ахборот технологиялари, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни жадаллаштиришга келишиб олинди.


