20.04.2026
Давлат ва жамоат арбоби, меҳнат фахрийси Рим Абдулович Гиниятуллин шу йилнинг 19 апрель куни 83 ёшида вафот этди.
Рим Гиниятуллин 1943 йил 18 сентябрда Жиззах вилоятининг Зомин туманида туғилди. 1963 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институтини (ҳозирги “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети) муҳандис-гидротехник йўналиши бўйича тугатди. Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон қурилиш вазирлигида оддий ишчи сифатида бошлаб, кейинчалик ушбу вазирликда уста, бош муҳандис вазифаларида хизмат қилди. У Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлигида бошқарма бошлиғи ўринбосари, бош бошқарма бошлиғи, сув хўжалиги вазири ўринбосари, Давлат режа қўмитаси раисининг ўринбосари, Давлат агросаноат қўмитаси раиси ўринбосари лавозимларида ишлаб, катта билим ва тажриба орттирди.
Моҳир ташкилотчи раҳбар 1989–1996 йилларда мелиорация ва сув хўжалиги вазири, 1996–1997 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари каби масъул лавозимларда фидокорона меҳнат қилиб, мамлакатимизда сув ва қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш орқали юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшди.
Р.А.Гиниятуллин Оролни қутқариш Халқаро жамғармасида турли раҳбарлик вазифаларида ишлаб, денгизнинг қуриши билан боғлиқ салбий оқибатларни юмшатиш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишда жонбозлик кўрсатди.
Умрининг сўнгги йилларида у Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнларида, хусусан, кўпмиллатли жамиятимизда тинчлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, кексалар ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда фаол иштирок этди.
Рим Гиниятуллиннинг мамлакатимизни тараққий эттириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвонлари, “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари билан мукофотланди.
Эл-юртимиз ўртасида обрў-эътибор топган тажрибали раҳбар, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Рим Абдулович Гиниятуллиннинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,
А.Арипов, С.Турдиев


