icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси – Янги Ўзбекистоннинг дурдонаси

19.03.2026

Президент Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасида якунига етган бунёдкорлик ишлари ва яратилган шароитлар билан танишди. 

Мажмуа давлатимиз раҳбари ташаббуси билан буюк муҳаддис бобомизнинг ислом оламида тутган юксак мавқеи, улкан салоҳиятига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди. Зиёратчиларга ҳар томонлама қулай шароит яратилди. 

Хусусан, мажмуа қошида туризм маркази очилди. Ёндош 15 гектар майдонда замонавий инфратузилма яратилиб, шинам меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва сервис нуқталари барпо этилди. Жумладан, 1 та тўрт юлдузли, 2 та уч юлдузли меҳмонхона, 22 та 176 ўринли оилавий меҳмон уйлари ҳамда автотураргоҳ қурилган. Мазкур объектлар тўлиқ коммуникация тармоқлари билан таъминланиб, ҳудудида ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.

Натижада Имом Бухорий мажмуаси илгари бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, ҳозир кунига 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга.

Мажмуанинг ўзи Самарқанднинг, янги Ўзбекистоннинг дурдонаси бўлиб қад ростлади. Унинг майдони 45 гектарни ташкил этади. 10 минг кишига мўлжалланган улкан масжид, маъмурият биноси, 154 устунли, миллий услубдаги муҳташам айвон қурилди.

Мажмуа таркибида энг илғор ахборот технологиялари асосида 9 павильондан иборат ноёб инновацион музей барпо этилди. У ислом оламида муҳаддислар султони дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини намоён этади. Шунингдек, музейда Қуръони каримда исмлари зикр қилинган 25 пайғамбар тарихи, Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажараси, Макка ва Мадинадаги ҳаёти, ҳадисларнинг жамланиши ва ёзилиши ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган.

Қадамжода 14 та мовий гумбаз, 75 метрлик 4 та минора унга улуғвор қиёфа бағишлаб турибди.

Давлатимиз раҳбари туризм маркази ва масжидда яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Маълумки, бир ярим минг йиллик ислом тарихини, илм-маърифатини юртимиздан етишиб чиққан буюк олиму уламоларнинг номларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу кунларда расман очилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам бу ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди.

Бутун мусулмон оламида ҳадис илми ҳақида гап кетса, ҳеч шубҳасиз, бизнинг диёримиз биринчилар қаторида тилга олинади. Чунки Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк ҳадисшунос олимлар айнан мана шу замин фарзандларидир.

Хусусан, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” китоби дунёда тан олинган энг мўътабар олтита ҳадис китобининг биридир. Ўн ёшидан бошлаб ҳадис илмини ўрганган аллома бобомиз 20 дан ортиқ асар ёзганлар. Улар то ҳануз дину диёнатимизни мустаҳкамлаш йўлида ислом умматига хизмат қилиб келмоқдалар.

Президентимиз ҳар гал Самарқандга келганида мажмуанинг қурилиш жараёни билан танишиб, бу жой фақат зиёрат эмас, илм-маърифат, тарбия ва ибрат маскани бўлиши, Имом Бухорийнинг буюк изланишлари, билими ҳамда камолоти зиёратчилар, айниқса, ёшлар учун эзгу намуна бўлиши кераклигини таъкидлаганди. 

– Ушбу бетакрор қурилиш янги Ўзбекистоннинг улкан имкониятларини яққол намоён этади. Зиёратгоҳ халқимиз учун, жаҳондаги барча мусулмонлар учун эзгулик ва маърифат нурини таратадиган қутлуғ масканга айланади деб ишонаман. Аминманки, бу даргоҳни зиёрат қилиб, унинг маънавий муҳитидан баҳраманд бўлган инсон, айниқса, ёшлар ислом динининг асл маъносини англаб етади, тўғри йўлдан адашмайди, – деди Президентимиз.

Шунинг учун ҳам Имом Бухорий мажмуасида маънавий-маърифий ишларни кенг йўлга қўйиш, уни чинакам тарбия ва ибрат мактабига айлантириш, бу ерда имом-хатиблар, маҳалла фаоллари учун малака ошириш дастурларини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Бу ердаги барча ишлар якунига етганини ҳисобга олиб, янги қурилган муҳташам масжидда Ҳайит намозини адо этиш таклиф қилинди, бу мўмин-мусулмонларимиз, бутун эл-юртимизнинг кўнглидаги иш, халқимизга муносиб Рамазон совғаси бўлиши 

Шунинг билан давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи якунланди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo