04.03.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 март куни Баҳрайн Подшоҳи Ҳамад бин Исо Ол Халифа билан телефон орқали суҳбатлашди.
Мулоқот давомида Яқин Шарқда кузатилаётган сўнгги жараёнлар, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка салбий таъсир кўрсатаётган масалалар муҳокама қилинди.
Муқаддас Рамазон ойида мусулмон уммати ҳамжиҳатлик, яқин биродарлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик тамойиллари асосида бир-бирига ҳамфикр ва мададкор бўлиши лозимлиги қайд этилди.
Мамлакат тинчлиги ва фуқаролар осойишталигига жиддий хавф соладиган, бегуноҳ инсонларнинг азият чекишига сабаб бўлаётган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, барча муаммоларни фақат дипломатик ва музокаралар йўли орқали ҳал этиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Мамлакатимиз етакчиси бундай мураккаб ва синовли шароитда Баҳрайн раҳбарияти ва халқи билан бирдам ва ҳамжиҳат эканлигини изҳор этди.
Ўз навбатида, Подшоҳ Ҳамад бин Исо Ол Халифа давлатимиз раҳбарига шундай синовли кунларда эътибор кўрсатиб, қилган телефон қўнғироғи, кўрсатган чин дўстлиги ва самимий қўллаб-қувватлови учун чуқур миннатдорлик билдирди.


