icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди

13.02.2026

13 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш аввалида ўтган йилги макроиқтисодий натижалар қайд этилди. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажми 7,7 фоизга ўсиб, 147 миллиард доллардан ошди. Иқтисодий ўсишнинг ярмидан кўпи хизматлар ҳисобига таъминланди. Қишлоқ хўжалигида гектаридан ўртача даромад 4,5 мингдан 5 минг долларга кўпайди, меҳнат унумдорлиги 4,7 фоизга ошди.

Иқтисодиётга илғор, энергия тежамкор технологиялар кириб келаётгани ҳамда юқори қўшилган қиймат берадиган лойиҳалар кўпайиб бораётгани натижасида бир йил ичида бир долларлик қўшилган қиймат яратишга сарфланган энергия харажатлари 15 фоизга камайди.

Президентимиз 2026 йил учун белгиланган кўрсаткичларга тўхталиб, 6,6 фоизли иқтисодий ўсиш орқали ялпи ички маҳсулот ҳажмини 167 миллиард долларга етказиш режаси геосиёсий вазият ва иқтисодий тебранишларни инобатга олган ҳолда шакллантирилган эҳтиёткор прогноз эканини таъкидлади.

Шу билан бирга, ҳар бир вазир, ҳоким ва тармоқ раҳбари соҳасига янгича бошқарув олиб кириб, ресурслардан самарали фойдаланса, анъанавий экспорт бозорларига боғланиб қолмасдан янги йўналишлар очса, рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича мутахассисларни жамлаб, инновациялар киритса, ёшларни жалб этиб, “стартап клуб”лар ташкил этса, иқтисодий ўсишни янада юқори суръатларда таъминлаш учун барча имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда стратегик корхоналар самарадорлиги ва харажатларни қисқартириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Миллий инвестиция жамғармасини бошқаришга жалб этилган “Franklin Templeton” компанияси таҳлилига кўра, корпоратив маданиятни кучайтириш, логистика, рақамлаштириш ва энергия самарадорлигида катта захиралар мавжудлиги қайд этилди. 19 та стратегик корхона раҳбарларига харид тизими, логистика, рақамлаштириш ва энергия самарадорлиги бўйича кескин чоралар кўриб, таннархни 10-15 фоизга қисқартириш вазифаси қўйилди.

– Иқтисод қилиш режаси ишлаб чиқаришни камайтириш ҳисобидан эмас, балки маҳсулот таннархини қисқартириш орқали таъминланиши шарт, – деди Президентимиз.

Шунингдек, стратегик корхоналарни “Ягона ғазначилик” ахборот тизими билан қамраб олиш, харидларни риск-таҳлил асосида тоифалаш орқали самарасиз харажатларга чек қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Ҳудудий саноатни ривожлантиришдаги камчиликлар кескин танқид қилинди. Уч йилда республика саноати 21 фоиз ўсган бўлса-да, қатор туманларда бу кўрсаткич 10 фоизга ҳам етмагани, айрим ҳудудларда кредит ресурслари ва инвестицияларнинг ўсиши саноат ўсишига мутаносиб таъсир кўрсатмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига 12 та туманга бориб, бир ой жойида ишлаш, ишлаб чиқариши пасайган корхоналарни “оёққа турғазиш” ва ушбу туманларда саноат ўсишини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Умуман, республика саноатини камида 8,5 фоизга ўстириш бўйича тармоқбай ва ҳудудбай режаларни тасдиқлаш, биринчи чорак якунида аниқланган муаммолар ва уларнинг ечимига қараб, раҳбарлар фаолиятига баҳо бериш белгиланди.

Юртимизда йилига 650 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга 4 та йирик корхона мавжудлиги, бу йил 300 дан зиёд маҳаллий корхоналар билан кооперация асосида яна 763 та детал ишлаб чиқаришни бошлаш ҳамда автомобиль ишлаб чиқаришни 510 мингтага етказиш зарурлиги таъкидланди. Аҳоли талабини рағбатлантириш мақсадида автокредит ставкаларини пасайтириш ва ҳажмини ошириш чораларини кўриш топширилди.

Инвестицияларни жалб этиш ва лойиҳаларни самарали амалга ошириш бўйича янги бошқарув ёндашувлари белгиланди.

Жорий йил 50 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келиш режаси қўйилгани, янги лойиҳалар биринчи навбатда юқори қўшилган қийматли ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришга, ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда юқори даромадли иш ўринлари яратишга хизмат қилиши зарурлиги таъкидланди.

Вазирлар ва ҳокимларга 2026 йилги инвестиция дастурига киритилаётган ҳар бир лойиҳанинг бозори, экспорти, қўшилган қиймати ва яратадиган иш ўринларини тўлиқ таҳлил қилиш топширилди.

Эндиликда инвестиция лойиҳалари билан ишлашда лойиҳани ишга тушириш билан чекланиб қолмасдан, унинг тўлиқ ишлаши, юқори қўшилган қиймат яратиши ва ташқи бозорга чиқиши бўйича ҳам қатъий назорат ўрнатилади. Шу мақсадда дастурга кирган ҳар бир лойиҳани ишга тушгандан кейин уч йил давомида мониторинг қиладиган “Ягона миллий лойиҳа бошқаруви” платформаси яратилади.

Ўтган йили турли ташкилий муаммолар сабаб 55 та йирик лойиҳа кечиккани қайд этилиб, бу йил қиймати 165 миллиард долларлик 377 та стратегик лойиҳа алоҳида назоратга олиниши белгиланди.

Шунингдек, хорижий ташрифлар доирасида 135 миллиард долларлик келишувларга эришилгани, жорий йилнинг ўзида Туркия билан 9 миллиард, Покистон билан 1 миллиард 428 миллион долларлик инвестиция битимлари имзолангани маълум қилинди.

Инвестицияларнинг кўпайиши ҳисобига қурилиш ҳажмини ошириш вазифаси қўйилди. Мутасаддиларга жорий йилги қурилиш ҳажмини 400 триллион сўмга олиб чиқиб, соҳада камида 17 фоиз ўсишни таъминлаш топширилди. Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси учун бюджетдан 40 триллион сўм ажратилаётгани қурилиш, қурилиш материали, металлургия ва электротехника корхоналари учун катта бозор экани қайд этилди.

Шу билан бирга, ҳудудлардаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари назоратини кучайтириш, Қорақалпоғистон, Самарқанд ва Фарғонада буюртмачи хизматларига тажриба тариқасида хусусий секторни жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Энергия самарадорлигини ошириш масалалари бўйича ҳам аниқ кўрсатмалар берилди.

Кичик ва ўрта корхоналарнинг йиллик энергия истеъмоли катталиги ҳисобга олиниб, бу тоифадаги корхоналарда энергия самарадорлик бўйича янгича тизим жорий этилиши ва уч йиллик дастур ишлаб чиқилиши белгиланди. 2026 йилда кичик ва ўрта корхоналарда 100 миллион куб метр газ ва 500 миллион киловатт-соат электрни тежаш чораларини кўриш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, республикадаги 917 мингта ёритиш чироқларининг йилига 330 миллион киловатт-соат электр сарфлаётгани ва кундуз куни ҳам ёниқ қолиш ҳолатлари учраётгани кўрсатилиб, ёритиш устунларига кичик қуёш панели, батарея ҳамда кун ёришишига қараб, ўзи ўчиб-ёнадиган датчик ўрнатишни бошлаш топширилди.

Йиғилишда давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар улушини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, 300 триллион сўмлик давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар улуши 68 фоизга етган бўлса-да, Олмалиқ комбинати, “Ўзтрансгаз”, “Миллий электр тармоқлари”, “Uzbekistan Airports” ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” тизимларида бу кўрсаткич 40 фоизга ҳам етмаётгани кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, тадбиркорлар давлат хариди, экспертиза ва сертификатлаш жараёнларида бюрократия кўплиги, айрим раҳбарлар эса “чет элники сифатлироқ” деган эски қарашдан ҳали ҳам воз кечмаётганини айтмоқда.

Энди вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар ҳар бир лойиҳада музокара, тендер, қурилиш ҳамда хомашё таъминотининг барча босқичларида маҳаллий маҳсулотлар улушини кўпайтиришга шахсан жавоб бериши белгиланди.

Иқтисодий ўсишни ташқи бозорлар ҳисобидан таъминлаш масаласи йиғилишнинг алоҳида йўналиши бўлди.

Президентимиз “ички бозордаги талабнинг ўзи билан юқори иқтисодий ўсишни таъминлаб бўлмаслиги”ни таъкидлаб, вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларнинг асосий вазифаси янги маҳсулотлар билан янги бозорларга кириб бориш бўлиши зарурлигини қайд этди.

Ўтган йили экспорт 22 фоизга ўсиб, 24 миллиард долларга етган бўлса-да, кўп раҳбарлар экспортда эскича иш услубидан воз кеча олмаётгани мисоллар билан кўрсатиб ўтилди. Эндиликда экспорт бўйича талаб фақат ҳажм эмас, балки янги маҳсулот ва янги бозорлар бўйича ҳам бўлиши белгиланди.

Ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, инфляцияга таъсир қилувчи омилларни олдиндан аниқлаб, амалий ечим топиш вазифалари ҳам белгилаб берилди.

Январь ойида йиллик инфляция 7,2 фоизни ташкил этгани, инфляциянинг 45 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобига, айниқса, 13 фоизи гўшт нархи ҳисобидан шакллангани қайд этилди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тармоқ бозорлари ва меҳнат унумдорлиги марказига инфляция бўйича ички ва ташқи хатарларни олдиндан аниқлаб бориш, ҳар ҳафта туман ва шаҳар бозорларини таҳлил қилиш, талаб прогнозини шакллантириш ҳамда ҳар чоракда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари балансини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Кейинги ҳафтадан муборак Рамазон ойи бошланиши муносабати билан ички бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим экани таъкидланиб, деҳқон бозорлари ва йирик савдо комплексларида арзонлашган озиқ-овқат ярмаркаларини бошлаш бўйича топшириқ берилди.

Қишлоқ хўжалигида ҳам нарх барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган вазифалар кўрсатиб ўтилди.

Гўштда импортга қарамликни қисқартириш учун озуқа базасини мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди. Муборак туманида 5 минг гектар ер фойдаланишга киритилиб, маккажўхори экиш бошлангани намуна сифатида келтирилди. Жорий йил қўшимча 60 минг гектарда шу ишларни ташкил қилиш топширилди. Бу орқали қўшимча 350 минг чорва учун кафолатланган озуқа базаси яратилиши таъкидланди.

Шунингдек, ўтган йили 772 минг тонна картошка импорт қилингани қайд этилиб, жорий йилда 4,5 миллион тонна картошка ҳосили олиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo