10.02.2026
Президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.
Илгари Навоий саноати деганда асосан Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоийуран”, “Навоийазот”, “Қизилқумцемент” каби йирик тармоқ корхоналари назарда тутилар, инвестиция ҳам, иш ўринлари ҳам, иқтисодий ўсиш ҳам айнан шу корхоналар фаолиятига боғлиқ эди.
Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва янги ўсиш нуқталарини аниқлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижасида 2025 йилда йирик тармоқ корхоналарига боғлиқ бўлмаган ҳудудий инвестициялар ҳажми 1,4 миллиард долларга етди. 2026 йилда ушбу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Шу билан бирга, ўтган йилда вилоятда макроиқтисодий барқарорлик таъминланди. Ялпи ҳудудий маҳсулот 168 триллион сўмни ташкил этиб, 7,7 фоизга ўсди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмида 8,3 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,7 фоиз, хизматлар соҳасида эса 13,7 фоиз ўсиш қайд этилди. 161 мингта янги иш ўрни яратилди, ишсизлик ва камбағаллик даражаси 4,2 фоизга тушди.
Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар бир туман ва шаҳарни уларнинг солиштирма устунликларидан келиб чиққан ҳолда ривожлантириш зарур.
Хусусан, Нурота ва Ғозғонда пардозбоп тошлар ва туризм, Томди ва Учқудуқда тоғ-кон саноати, Навбаҳорда тўқимачилик ва боғдорчилик, Конимехда яйлов чорвачилиги, Зарафшонда заргарлик ва ахборот технологиялари, Карманада кимё саноати ва маданий туризм, Навоий шаҳрида эса машинасозлик ва сервис соҳалари бўйича катта салоҳият борлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу билан бирга, саноат ривожи ҳудудлар кесимида номутаносиб экани қайд этилди. Вилоят бўйича жон бошига саноат маҳсулоти ҳажми 177 миллион сўмни ташкил этса-да, Томди, Нурота, Хатирчи, Навбаҳор ва Қизилтепа туманларида ушбу кўрсаткич республика ўртача даражасидан паст қолмоқда. Ваҳоланки, Томди ва Нурота мармар, кварц ва базальт каби табиий ресурсларга бой.
Шу муносабат билан Нурота туманида 50 гектар майдонда гранит саноат парки, қайта ишлаш кластери ва пардозбоп тошлар бозорини ташкил этиш, Хатирчи туманида 50 гектар майдонда кичик саноат зонасини ишга тушириб, 100 миллион долларлик юқори қийматли лойиҳаларни жойлаштириш таклифлари маъқулланди. Пардозбоп тошлар ишлаб чиқаришни бир неча баробар ошириш вазифаси қўйилди.
Ушбу қувватларни кадрлар билан таъминлаш мақсадида Навоий рақамли технологиялар техникумида тоғ-кон ва кимё саноати учун кадрлар тайёрлаш маркази ташкил этилади.
Умуман, жорий йилда вилоятга 4,2 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиб, экспорт ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш муҳимлиги қайд этилди.
Йиғилишда вилоятнинг кичик ва ўрта корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларни маҳаллийлаштиришга кенгроқ жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.
Қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳам мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди, зеро вилоятдаги 9 миллион гектар яйлов қўйчилик, туячилик ва йилқичиликни иқтисодиёт драйверига айлантириш учун етарли. Чорвачиликни ривожлантириш мақсадида 2026 йилда хориждан майда шохли мол, зотли туя ва отлар олиб келинади.
Умуман, вилоятдаги 3,3 миллион гектар яйлов лойиҳавий ёндашув асосида қишлоқ хўжалиги айланмасига киритилади. Хитойнинг чўлланишга қарши кураш тажрибаси асосида Навоийда чўлланишни бартараф этишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилади.
Вилоят таълим соҳасида ҳам республикада етакчи ҳудудлардан бири ҳисобланади. Олий таълим қамрови 71 фоизни ташкил этмоқда, ўтган йилда 10 та мактаб битирувчилари олийгоҳларга кириш бўйича 100 фоизлик натижага эришди.
Янги ўқув йилидан бошлаб Навоий ва Зарафшон шаҳарларида “Бир мактаб – бир IT синф” тамойили асосида ихтисослашган синфлар очиш таклиф этилди. Бунинг учун вилоятдан 100 нафар ўқитувчи IT ва сунъий интеллект йўналишларида пойтахтда ва хорижда малака оширади, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Зарафшон филиалида сунъий интеллект ва киберхавфсизлик йўналишида кундузги таълим дастури йўлга қўйилади.
Йиғилишда туризм соҳаси ҳам муҳокама қилинди. 2026 йилда Навоий вилоятига 600 минг хорижий ва 3 миллион маҳаллий сайёҳни жалб қилиш, 72 та янги жойлаштириш воситасини ишга тушириш ҳамда 500 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Бунинг учун туман ва шаҳарлар марказидаги 65 та маҳаллани боғловчи кўчалар, соҳил ва йўл бўйи ҳудудларида савдо, кўнгилочар ва дам олиш марказлари барпо этилади, шунингдек, туристик салоҳияти юқори бўлган 18 та маҳаллада меҳмон уйлари ташкил этилади. Халқаро йўллар бўйидаги 15 та маҳаллада савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти йўлга қўйилади.
Нурота туманида “Нақшлар ва нурлар” миллий каштачилик марказини ташкил этиш, Хатирчи туманида Лангар ва Ангидон маҳаллаларини туризмга ихтисослаштирган ҳолда ривожлантириш, Нурота ва Конимех туманларидаги 4 та қишлоқни туризм қишлоғига айлантириш режалаштирилган.
“Оғир” туман сифатида белгиланган Навбаҳор туманидаги “Сармишсой” ҳудуди атрофида дам олиш ва кўнгилочар маскан ташкил этиш бўйича мастер режа ишлаб чиқиб, сайёҳлар оқимини 3 каррага ошириш ҳамда 200 дан ортиқ иш ўрни яратиш имконияти мавжудлиги қайд этилди.
Навоий шаҳридаги Алишер Навоий боғи, Ёшлик кўли ва улар атрофидаги ҳудудлар бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги қайд этилиб, уларни яхлит ҳолда ривожлантириш орқали аҳоли учун қулай ва замонавий дам олиш шароитларини яратиш муҳимлиги таъкидланди.
Кармана шаҳрида туризмни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд. Самарқанддан Бухорога йўл олаётган туристларни қадимда Буюк ипак йўли бўйида жойлашган бу шаҳарда яна бир кун ушлаб қолиш имконияти бор. Шу муносабат билан Қосим шайх хонақоҳи ва Мирсаид Баҳром зиёратгоҳи, Эски шаҳар бозори ҳамда “Янги авлод” боғи негизида “Қадимий Кармана” маданият ва туризм марказини ташкил этиш таклифи қўллаб-қувватланди.
Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари тажрибасини ўрганиб, Навоий ҳудудининг катта қисмини эгаллаган чўл ва яйловларда туризмни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасини яхшилаш ишларини давом эттириш топширилди. Хусусан, Навоий, Зарафшон, Учқудуқ ва Зафаробод шаҳарларида таъмирталаб ҳолга келиб қолган 312 километр ичимлик сув ва 124 километр оқова сув қувурларини 2026-2028 йилларда босқичма-босқич янгисига алмаштириш режалаштирилган. Шунингдек, вилоятдаги барча мактаб, боғча ва тиббиёт муассасаларида замонавий санитария шароитларини яратиш вазифаси қўйилди.
Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбари билдирилган режа ва таклифларни маъқуллаб, уларнинг ижроси аҳоли ҳаётига аниқ ўзгаришлар олиб келиши лозимлигини таъкидлади ҳамда мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.


