10.08.2017
Қадрли ватандошлар!
Муҳтарам дўстлар!
Аввало, сиз, азизларни – уста бинокорлар, меъмор ва лойиҳачиларни, пудратчи ташкилотлар вакиллари ҳамда фахрийларни, ушбу тизимга дахлдор барча юртдошларимизни мамлакатимизда илк бор нишонланаётган қутлуғ сана – Қурилиш соҳаси ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий табриклаб, барчангизга чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Ғоят масъулиятли ва шарафли касб бўлган қурувчилик ҳақида гап кетганда, аввало сизларнинг фидокорона меҳнатингиз билан бунёд этилган улкан корхона ва иншоотлар, шинам уй-жойлар, узоғимизни яқин қиладиган равон йўл ва кўприклар, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари, обод шаҳар ва қишлоқлар кўз ўнгимизда намоён бўлади.
Бир сўз билан айтганда, бугунги гўзал ва фаровон ҳаётимизни, мамлакатимизнинг келгуси тараққиётини қурилиш соҳасидан, сиздек олижаноб касб эгалари меҳнатидан айри ҳолда тасаввур этолмаймиз.
Азиз дўстлар!
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқлар қатори қурилиш соҳаси ҳам жуда катта ва шарафли ривожланиш йўлини босиб ўтганини кўплаб мисолларда кўриш мумкин.
Амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мустаҳкам ҳуқуқий-меъёрий, моддий-техник базага, улкан кадрлар салоҳиятига эга бўлган мазкур кўп тармоқли соҳа тараққиётимиз локомотивларидан бирига айланди, деб айтишга бугун барча асосларимиз бор.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда 24 мингга яқин қурилиш-пудрат ва 950 тадан зиёд лойиҳа ташкилотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган 8 мингта корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларда турли миллатга мансуб минг-минглаб малакали ишчилар, муҳандис-техник ходимлар, мутахассислар жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилмоқда.
Кейинги ўн йилнинг ўзида қурилиш соҳасида инвестиция лойиҳалари доирасида 196 триллион 6 миллиард сўмлик капитал қўйилмалар ўзлаштирилгани, марказлаштирилган молиявий манбалар ҳисобидан 20 мингдан зиёд объект, жумладан, 7 минг 440 та умумтаълим мактаби, 1 минг 824 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицей, 1 минг 951 та болалар спорти иншооти, 949 та шифохона ва 3 минг 708 та ичимлик суви объекти барпо этилгани, чет эл кредитлари эвазига 40 миллиард 3 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилгани сизларнинг бунёдкорлик меҳнатингиз жамиятимизга қандай катта наф келтираётганини яққол кўрсатиб турибди.
Бугунги кунда шаҳар ва қишлоқларимизда аҳолини замонавий уй-жойлар билан таъминлаш борасида олиб бораётган кенг кўламли ишларимизнинг аҳамиятини халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди. Бу йўналишда қабул қилган муҳим дастурларимиз айнан сизларнинг меҳнатингиз, маҳоратингиз туфайли ўз вақтида ва сифатли амалга оширилмоқда ва буни юртимиздаги кўплаб хонадон эгалари чуқур миннатдорлик билан эътироф этишмоқда.
Сўнгги ўн йилда 1 минг 308 та қишлоқ массивида намунавий лойиҳалар асосида 69 минг 557 та ҳар томонлама қулай уй-жойлар барпо этилиб, 83 минг 500 оиланинг яшаш шароити тубдан яхшиланди.
Биз халқимиз, айниқса, аҳолининг кам таъминланган қатламлари, ёш оилалар учун қулайлик яратиш мақсадида арзон ва шинам уй-жойлар қуриш дастурини амалга оширмоқдамиз. Ҳозирги кунда барча вилоятларимиз марказларида 191 та, Тошкент шаҳрининг Сергели туманида 102 та, қишлоқ жойларда эса 15 мингта ана шундай уй-жойлар жадал суръатлар билан барпо этилмоқда.
Уй-жойлар, турли бино ва иншоотлар билан бирга ҳудудларимизда ижтимоий инфратузилма объектлари, кўча ва майдонлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, таълим, тиббиёт муассасалари, боғ ва хиёбонлар, фавворалар, болалар майдончалари, дам олиш масканлари қурилаётгани одамлар учун қўшимча қулайликлар яратмоқда.
Сизларга яхши аён, юртимиз қадим-қадимдан бунёдкорлик анъаналари билан дунёга донг таратиб келган. Ана шу безавол анъаналарни давом эттириш ва замонавий меъморлик ютуқлари билан уйғунлаштириш асосида ўзбек қурилиш мактаби бугунги кунда ривожланишнинг янги босқичига кўтарилмоқда.
Қадрли дўстлар!
Сизларга маълумки, мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча соҳалар каби қурилиш соҳасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси марказий аппарати ҳамда ушбу йўналишдаги ташкилотларнинг таркибий тузилмасини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва фаолият самарадорлигини ошириш, ишчилар сонини оптималлаштириш, туман ва шаҳар босқичларида штатларни кўпайтириш сингари кенг кўламли ишларнинг барчаси, ишончим комил, соҳа ривожида янги уфқ ва истиқболлар очиб беради.
Ана шу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, яна бир муҳим масала – соҳада малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, ўқув жараёнларини қурилиш ва лойиҳа ишлари билан чамбарчас боғлиқ равишда олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу асосда Тошкент архитектура-қурилиш институти ҳамда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти, шунингдек, соҳа учун кадрлар тайёрлайдиган бир қатор касб-ҳунар коллежлари Қўмита тасарруфига ўтказилди. Шу билан бирга, Фарғона водийсида қурилиш соҳаси учун юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ташкил этилди.
Шу билан бирга, бугун олдимизда қурилиш соҳасида ҳал қилиниши лозим бўлган бир қатор долзарб масалалар тургани, уларга ечим топиш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш муҳим ҳаётий вазифаларимиздан бири эканлигини яхши англашимиз зарур.
Хусусан, мамлакатимизда мустаҳкам пойдеворга эга бўлган ва ҳар томонлама шаклланган замонавий қурилиш индустриясини яратиш, тармоқнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жаҳон стандартларига жавоб берадиган рақобатбардош қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш ва бу борадаги ишларни янада ривожлантириш, соҳага илғор технологияларни, метод ва ёндашувларни жорий этиш, шаҳарсозлик борасида конструктив ва архитектура-режалаштириш ечимларини оптималлаштириш, капитал қурилишдаги номутаносиблик ва муаммоларга барҳам бериш, самарасиз ишлаётган лойиҳа институтлари фаолиятини тубдан қайта ташкил этиш, замонавий илм-фан, ахборот технологиялари, архитектура ва дизайн ютуқларидан оқилона фойдаланиш жараёнини жадаллаштириш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш каби кечиктириб бўлмайдиган муҳим масалалар бугун ушбу соҳа вакилларининг ва мутасадди раҳбарларнинг устувор мақсадларидан бирига айланиши лозим. Бунинг учун эса қурилиш соҳасида меҳнат қилаётган барча ходимлардан чуқур билим, юқори касбий маҳорат, изланиш, ташаббускорлик ва фидойилик каби фазилатлар талаб этилади.
Бундай саъй-ҳаракатлар, албатта, ўзининг ижобий натижасини кўрсатади. Шундагина бунёдкорлик ишларимизнинг сифати ва самарадорлиги ортиб, жонажон Ватанимиз янада гўзал ва обод бўлади.
Азиз ва муҳтарам қурувчилар, соҳа ходимлари!
Сизларни касб байрамингиз билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, олижаноб фаолиятингизда ва шахсий ҳаётингизда ютуқ ва омадлар, оилаларингизга бахту саодат, файзу барака тилайман.
Ҳеч қачон чарчаманг, машаққатли ва шарафли меҳнатингизнинг роҳатини кўринг, азиз дўстлар!