10.08.2017
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 август куни Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чо Чунг Вонни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, ушбу нуфузли халқаро спорт ташкилоти раҳбарига Ўзбекистонда таэквондони, аввало, ёшлар ўртасида оммалаштиришга қўшаётган шахсий ҳиссаси ва амалий саъй-ҳаракатлари учун самимий миннатдорлик билдирди.
Бугунги кунда ушбу жанговар санъат тури билан 20 мингдан зиёд юртдошимиз шуғулланмоқда. 1993 йил Таэквондо миллий ассоциацияси ташкил этилди. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида фаолият кўрсатаётган таэквондо кафедрасида малакали мураббийлар тайёрланмоқда.
Сўнгги йилларда ўзбекистонлик спортчилар йирик халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, жаҳон ва қитъа чемпионатларида ғалаба қозонмоқда, Олимпия ўйинларида юқори ўринларни эгалламоқда.
Бутунжаҳон таэквондо федерацияси Ўзбекистонда спортнинг ушбу турини ривожлантиришга фаол кўмаклашаётганини қайд этиш керак. Бу борада биргаликда турли турнирлар ташкил этиб, мамлакатимизда замонавий инфратузилмани яратиш ва уни жиҳозлаш лойиҳаларида, шунингдек, миллий терма жамоамизнинг Жанубий Кореяда тайёргарлик кўриш ҳамда машғулот йиғинларини ўтказишда иштирок этмоқда.
Жорий йилнинг 11-13 август кунлари Тошкент шаҳрида мазкур халқаро ташкилот ташаббуси билан Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти кубоги учун биринчи Осиё минтақаси мусобақаси бўлиб ўтади.
Таэквондони оммалаштириш, Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасида шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссаси эътирофи сифатида Чо Чунг Вон Тошкент шаҳрининг фахрий фуқароси ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг фахрий фан доктори унвонига сазовор бўлди.
Учрашувда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакатимизда йирик халқаро турнирларни мунтазам ўтказиш, Бутунжаҳон федерациясининг давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий университетида ташкил этилаётган таэквондо факультети фаолиятини йўлга қўйишда, шунингдек, юртимиз ёшларини спортга кенг жалб қилишга қаратилган бошқа тадбирларда иштирок этиш масалалари муҳокама этилди.
Чо Чунг Вон Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ва Ўзбекистонда таэквондо ва бошқа спорт турларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаётгани учун чин дилдан миннатдорлик изҳор этди. Бутунжаҳон таэквондо федерацияси Ўзбекистон билан янги қўшма лойиҳалар ва кенг кўламли ҳамкорлик дастурларини амалга оширишдан манфаатдор эканини таъкидлади.