icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон Республикасида уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

20.11.2025

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Уй-жой соҳасининг барқарор ривожланишини таъминлаш, уй-жой қурилиши ва уни сотиб олишнинг мувозанатлашган тизимини шакллантириш, мавжуд талаб ва эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда уй-жой қурилиши ҳажмини белгилаш ва соҳада давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, шунингдек, барқарор иқтисодий ўсиш, аҳоли сонининг ортиб бориши ва урбанизация жараёнларидан келиб чиқиб, ҳар бир фуқаро учун қулай яшаш шароитларини яратиш мақсадида қарор қиламан:

I. Мақсадлар

1. Ушбу Фармоннинг асосий мақсади этиб Уй-жой соҳасини барқарор ва мувозанатли ривожлантиришни таъминлаш, 2040 йилга қадар ҳар йили қурилаётган уй-жойлар сонини икки бараварга ошириб, 421 мингтага олиб чиқиш, ипотека кредити портфелини 10 баравардан ортиқ кўпайтирган ҳолда 56,7 млрд АҚШ долларига етказиш белгилансин.

2. Қуйидагилар уй-жой соҳасини барқарор ва мувозанатли ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин:

(а) йирик агломерацияларда уй-жой фондининг ўсиши ва шаҳар муҳитини ривожлантиришни таъминлаган ҳолда урбанизация жараёнларини қўллаб-қувватлаш;

(б) аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш ва “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш ишларини изчил давом эттирган ҳолда уй-жой фондида замонавий уй-жойлар улушини 2040 йилга қадар 50 фоизга етказиш;

(в) уй-жой бозорига банк молияси ва институционал инвесторлар маблағларини, шу жумладан, ипотека кредитидан фойдаланган ҳолда жалб этиш;

(г) улушли қурилишга сармоя киритаётган жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

(д) уй-жой қурилиши соҳасини “Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли” тамойили асосида комплекс ислоҳ қилиш ва уни амалга оширишдаги тўсиқларни бартараф этиш.

II. Дастурий ҳужжатлар ва уларни амалга ошириш механизмлари

3. Қуйидагилар:

(а) Ўзбекистон Республикасида 2040 йилгача бўлган даврда уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантиришнинг асосий йўналишлари (кейинги ўринларда – асосий йўналишлар) 1-иловага мувофиқ;

(б) Ўзбекистон Республикасида 2040 йилгача бўлган даврда уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича мақсадли кўрсаткичлар 2-иловага мувофиқ;

(в) Ўзбекистон Республикасида 2040 йилгача бўлган даврда уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантиришнинг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилансинки, Асосий йўналишлар урбанизация, уй-жой ва ипотека бозорини 2040 йилгача ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишнинг асоси бўлиб, ушбу соҳада ишлаб чиқиладиган барча янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар унга мувофиқ бўлиши лозим.

5. Қуриб битказилмаган уй-жойлар ҳамда саноат ҳудудларини биринчи навбатда қурилишга жалб этишни, шунингдек, экологик тоза маҳсулотлар ҳамда энергия тежовчи технологиялардан фойдаланган ҳолда уй-жой массивларининг муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмасини олдиндан барпо этишни назарда тутадиган комплекс қурилиш тамойили асосида уй-жойлар қурилишини ташкил этиш тартиби жорий этилсин.

6. Белгилансинки, комплекс қурилиш тамойили доирасида қуйидагилар таъминланади:

(а) комплекс қурилиш дастурларини фақат очиқ ва батафсил ишлаб чиқилган режалар асосида тайёрлаш;

(б) комплекс қурилиш учун ажратилган ер участкаларини хусусийлаштириш дастурларига киритиш ёки бошқа лойиҳаларга жалб этиш ҳамда уларнинг мақсадли йўналишини ўзгартиришга йўл қўймаслик;

(в) комплекс қурилиш лойиҳаларига киритиладиган ер участкалари, кўчмас мулк объектлари ва уларнинг ҳуқуқ эгалари тўғрисида тўлиқ маълумотларни тақдим этиш;

(г) лойиҳаларни амалга оширишда ҳудудларнинг келгусидаги ижтимоий эҳтиёжларини инобатга олувчи комплекс ёндашувдан фойдаланиш;

(д) кўчмас мулк объекти эгасининг у жойлашган ер участкасига ижара ёки мулк ҳуқуқида эгалик қилиш бўйича мутлақ ҳуқуқини кафолатлаш.

III. Амалий ва институционал чора-тадбирлар

7. Ўзбекистон Республикасида урбанизация, уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантиришни таъминлаш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш 4-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

8. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасида урбанизация, уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантиришнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

(а) аҳоли учун уй-жойга эга бўлиш имкониятини ошириш;

(б) уй-жой қурилишида реновация асосида қуриладиган уйлар улушини босқичма-босқич ошириб бориш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни турар жой билан таъминлаш;

(в) ортиқча уй-жой қурилиши ёки унинг етишмаслигининг олдини олиш.

9. Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси (кейинги ўринларда — Миллий қўмита) ташкил этилсин.

10. Белгилансинки, Миллий қўмита:

(а) урбанизация жараёнлари, уй-жой қурилиши, реновация ва ипотека соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, ушбу йўналишдаги дастурларни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади;

(б) ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамаси билан узвий ҳамкорликда ташкил этади ва амалга оширади. Бунда Вазирлар Маҳкамаси урбанизация жараёнларини давлат томонидан тартибга солиш, уй-жой қурилиши, реновация ва ипотека дастурларини ҳамда самарали давлат уй-жой сиёсатини амалга оширишда Миллий қўмитага ҳар томонлама кўмаклашади.

11. Қуйидагилар Миллий қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

(а) урбанизация жараёнларини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш;

(б) самарали ва барқарор уй-жой сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

(в) реновация дастурларини самарали амалга оширишни таъминлаш;

(г) “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ишларини мувофиқлаштириш, шу жумладан, ҳудудларни танлашда қонунчилик билан белгиланган мезонлар ва урбанизация тамойилларига риоя этилишини таъминлаш.

IV. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

12. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) Миллий қўмита тизимига ўтказилсин.

13. Адлия вазирлиги Миллий қўмита, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда:

(а) бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасини;

(б) бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасини;

(в) икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича таклифларни белгиланган тартибда киритсин.

14. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:

(а) бир ой муддатда Миллий қўмитанинг фаолиятини ташкил этиш учун талаб қилинадиган маблағларни 2025 йилда ажратсин. Бунда Миллий қўмитани мебель, компьютер ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминлаш учун маблағ ажратилишини назарда тутсин;

(б) 2026 йилдан бошлаб ҳар йили Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Миллий қўмита фаолиятини молиялаштириш учун зарур маблағларни назарда тутсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–14-сон Фармонига 5-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

16. Ушбу Фармоннинг самарали ижросини ташкил этиш учун масъул ва шахсий жавобгар этиб Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси белгилансин.

17. Фармон ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти 

Ш. Мирзиёев

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo