icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

19.11.2025

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 ноябрдаги “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–217-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:

I. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини йўлга қўйиш

1. Қуйидагилар:

(а) Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг (кейинги ўринларда – Экология қўмитаси) ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

(б) Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

(в) Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;

(г) Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тизимидаги давлат инспектори мақомига эга ходимларга махсус унвонлар бериш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ;

(д) Экополиция ходимларини 2025–2027 йилларда махсус техника ва транспорт воситалари билан таъминлаш бўйича дастур 5-иловага мувофиқ;

(ж) Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ислоҳотларни янада кучайтириш бўйича чора-тадбирлар дастури 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Экология қўмитасининг “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган таҳлилий назорат маркази” давлат муассасаси негизида “Экологик мониторинг миллий маркази” давлат муассасаси ташкил этилсин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

(а) Экология қўмитаси ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдор ҳисобланади;

(б) Экология қўмитаси ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади ҳамда унинг фаолиятига ушбу мансабдор шахсларнинг аралашуви тақиқланади;

(в) қонуности ҳужжатларида белгиланган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари, уларга тегишли ўзгартиришлар киритилгунга қадар, бевосита Экология қўмитаси томонидан амалга оширилади;

(г) Экология қўмитаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

(д) Экология қўмитасининг жорий фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси раҳбарлик қилади;

(ж) Экология қўмитаси раисининг 4 нафар ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади, мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий хизмат ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосарларига тенглаштирилади;

(з) Экология қўмитасининг мансабдор шахслари учун аввалги иш жойида берилган узоқ муддатли хизматлари, ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба даражалари, малака даражалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) учун устама ва қўшимча тўловлар сақланиб қолади;

(и) Экология қўмитасида ишланган давр ҳарбий ва махсус унвонларни бериш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади;

(к) давлат экологик назоратини амалга оширадиган ходимларнинг формали кийим-бош ва фарқлаш белгиларини харид қилиш билан боғлиқ харажатлар Экология қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

(л) Экополиция ходимларини махсус техника ва транспорт воситалари билан таъминлаш Экология қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

(м) Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги:

(i) директорлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

(ii) директор ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

(н) Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси, вилоятлар ва Тoшкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармалари (кейинги ўринларда – ҳудудий бўлинмалар) раҳбарлари Экология қўмитаси раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;

(о) ҳудудий бўлинмалар ва туман (шаҳар) бўлимлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тузилмасига кирмайди ҳамда ўз фаолиятини мустақил амалга оширади ва Экология қўмитаси олдида ҳисобдор бўлади;

(п) давлат органлари ва ташкилотлари экологик дипломатия бўлимлари ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш масалаларини мажбурий тартибда Экология қўмитаси билан олдиндан келишади;

(р) Экология қўмитасига муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва давлат ўрмон хўжаликлари тузилмаларини (намунавий тузилмаларини) тасдиқлаш ваколати берилади.

II. Соҳани рақамлаштириш ва экологик ишлаб чиқаришга ўтиш

4. Экология қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 сентябрга қадар Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ягона экологик онлайн платформа фаолиятини йўлга қўйсин.

5. Ягона экологик онлайн платформага қўйиладиган асосий талаблар 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича I ва II тоифага мансуб саноат корхоналари (кейинги ўринларда – I ва II тоифадаги корхоналар) 2026 йил 1 мартга қадар ўз ҳудудларида фон мониторинг станцияларини ўрнатиш ва уларни Экология қўмитасининг Экологик мониторинг миллий марказига интеграция қилиш чораларини кўрсин.

7. 2026 йил 1 мартдан бошлаб белгиланган муддатда фон мониторинг станцияларини ўрнатмаган ва уларни Экология қўмитасининг Экологик мониторинг миллий марказига интеграция қилмаган I ва II тоифадаги корхоналарга нисбатан компенсация тўловларини беш бараварга оширилган ҳолда қўллаш тартиби жорий этилсин.

8. Белгилаб қўйилсинки:

(а) 2026 йил 1 мартдан бошлаб табиатга зарар етказиш бўйича компенсация тўловларидан озод қилиш тарзида имтиёз бериш билан боғлиқ барча қонунчилик ҳужжатлари ва ҳуқуқий кучга эга кўрсатмалар ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади ҳамда ушбу масалада имтиёз бериш фақат қонун орқали амалга оширилади;

(б) экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилишни истисно қилиш ёки риоя этмасдан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, шу жумладан, давлат экологик экспертизаси хулосасини бериш, дарахт ва буталарни кесиш
ва кўчиришни назарда тутувчи Ҳукуматнинг қарор, фармойиш, баённома ва ёзма топшириқларини ҳамда идоравий ҳужжатлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳужжатларини қабул қилиш қатъий тақиқланади;

(в) Экополиция ходимларига жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни (электрошок қурилмаларини) ва хизмат қуролини (резина ўқли, тўр отувчи) қўллаш ҳуқуқи берилади ҳамда уларнинг махсус кийимига боди камералар ўрнатилади;

(г) қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилгунга қадар Экополиция ходимлари томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар ва хизмат қуролини қўллаш тартибига Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунида белгиланган асослар ва шартлар татбиқ этилади.

9. Белгилансинки, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб, ўрмон фондига кирмайдиган дарахт билан қопланган аҳоли пунктларининг (шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ аҳоли пунктлари) ер майдонларини олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратишга жамоатчилик томонидан тақиқ қўйиш бўйича ташаббус киритиш имкони яратилади. Бунда:

(а) фуқаро давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади;

(б) дарахт билан қопланган ер майдони жойлашган маҳалла аҳолисининг 10 фоизидан кам бўлмаган қисми тақиқ қўйишга розилик билдирган тақдирда, Экология қўмитаси томонидан ушбу майдонни олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратишга тақиқ қўйилади;

(в) Кадастр агентлиги тегишли ер майдони хусусий мулк ҳисобланмаслиги ёки бошқа ер тоифасига кирмаслигини ўрганиб, ижобий ҳолларда Экология қўмитаси томонидан ушбу майдонга қўйилган тақиқни рўйхатдан ўтказади.

III. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бошқарувини такомиллаштириш

10. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

(а) Экология қўмитаси тизимидаги мавжуд муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар умумдавлат аҳамиятига эга муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (кейинги ўринларда – табиий ҳудудлар) ҳисобланади ва уларга нисбатан қуйидаги тартиб жорий этилади:

(i) табиий ҳудудлар бошқаруви ва бўйсунуви бевосита Экология қўмитасида бўлади;

(ii) янги табиий ҳудудларни ташкил этиш ва мавжуд табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш қонуности ҳужжатлари билан амалга оширилиши мумкин;

(iii) табиий ҳудудларнинг фаолиятини тугатиш ёки улар ҳудудини қисқартириш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари билан амалга оширилади;

(б) маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан маҳаллий аҳамиятга эга табиат боғлари, буюртма қўриқхоналари, курорт табиий ҳудудлар ва ботаника боғлари ташкил этилиши мумкин ва уларга нисбатан қуйидаги тартиб жорий этилади:

(i) бошқаруви ва бўйсунуви туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан амалга оширилади;

(ii) уларнинг фаолиятини тугатиш ёки улар ҳудудини қисқартириш Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари қарорлари билан амалга оширилади.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2026 йил 1 ноябрга қадар 2 тадан маҳаллий аҳамиятга эга табиат боғларини ташкил этсин.

IV. Экология соҳасида молиявий барқарорлик

12. Экология соҳасидаги умуммиллий лойиҳалар, экологик муаммоларни бартараф этиш мақсадида ўтказиладиган тадқиқотлар ва амалга ошириладиган лойиҳалар дастурларини молиялаштириш учун Экология қўмитаси ҳузурида Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси (кейинги ўринларда – Махсус жамғарма) ташкил этилсин ва унинг даромадларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

(а) 2025 йилда республика бюджетидан ажратиладиган 900 миллиард сўм;

(б) 2026 йилда республика бюджетидан 8-иловага мувофиқ тадбирлар учун мақсадли ажратиладиган 548 миллиард сўм;

(в) 2026 йил 1 январдан бошлаб:

(i) Ўзбекистон Республикаси томонидан тасарруф этиладиган углерод бирликлари савдоси натижасида ҳосил бўладиган маблағларнинг 20 фоизи;

(ii) атроф табиий муҳитнинг ифлослантирилганлиги ва чиқиндиларнинг жойлаштирилганлиги учун компенсация тўловлари, табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик бузилишида айбдор бўлган жисмоний ва юридик шахслардан маъмурий ва суд тартибида ундириладиган жарималар, молиявий санкциялар ва пул маблағларидан 9-иловада белгиланган миқдорлардаги ажратмалар;

(iii) транспорт воситаларини “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимида расмийлаштирадиган жисмоний ва юридик шахслар томонидан тўланадиган утилизация йиғимининг 10 фоизи;

(г) 2027 йил 1 январдан бошлаб:

(i) пневматик резина шиналар ва покришкалар учун ҳамда келгусида янги жорий этиладиган утилизация йиғимларининг 100 фоизи;

(ii) транспорт воситаларини “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимида расмийлаштирадиган жисмоний ва юридик шахслар томонидан тўланадиган утилизация йиғимининг 90 фоизи.

13. Белгилансинки, мазкур қарорнинг 12-бандида назарда тутилган утилизация йиғимлари бўйича даромадлар Давлат бюджети даромадлари таркибида тўлиқ акс эттирилган ҳолда Махсус жамғармага ўтказиб берилади.

14. Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармасининг бошқарув кенгаши (кейинги ўринларда – Жамғарма кенгаши) 10-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин. Бунда:

(а) кейинги йиллар учун Махсус жамғарма ҳисобидан аниқ молиявий маблағлар кўрсатилган ҳолда амалга ошириладиган лойиҳалар дастури олдиндан ҳар йилнинг ноябрь ойида Жамғарма кенгашида кўриб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиб борилади;

(б) Жамғарма кенгаши Махсус жамғармага келиб тушган маблағлардан очиқлик ва жамоатчиликка ҳисобдорлик тамойиллари асосида фойдаланишни таъминлайди;

(в) Махсус жамғарманинг даромадларини шакллантириш ва маблағларидан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрация раҳбари томонидан белгиланади.

15. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йил якунига қадар 2025 йил учун республика бюджетида Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириқларига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича фоиз тўловлари учун харажатларда кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан Махсус жамғармага 900 миллиард сўм маблағ ажратсин.

16. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда юридик шахсларнинг Экология қўмитаси ҳузуридаги Яшил хайрия жамғармасига ажратиладиган ихтиёрий хайрия тарзидаги маблағлари ҳамда яшил боғларни барпо қилиш ва уларни парваришлаш тадбирлари учун йўналтирилган харажатларини фойда солиғидан озод қилиш бўйича қонун лойиҳасини киритсин.

17. Солиқ қўмитаси Экология қўмитаси билан биргаликда “Soliq” мобил иловаси орқали жисмоний шахсларга харид суммасининг ва республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга оширганлик учун харажатларнинг республика бюджетидан қайтариладиган қисмини ихтиёрий равишда дарахт кўчатларини экишга йўналтириш имкониятини яратсин.

V. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

18. Экология қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.Ш. Мирзиёева зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo