16.11.2025
Тошкентда Марказий Осиё мамлакатларининг тарихий саммити якунланди.
Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Президентлари иштирокида ўтган Маслаҳат учрашувида давлат раҳбарлари Озарбайжон Республикасини ушбу форматга тўла ҳуқуқли иштирокчи сифатида қўшилиши тўғрисида қарор қабул қилдилар.
Учрашувда сўзга чиққан иштирокчи мамлакатлар етакчилари минтақавий шерикликни янада мустаҳкамлаш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурдилар. Якунда кўп томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Саммит доирасида 15 ноябрь куни давлатимиз раҳбари Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон билан учрашувлар ўтказди. Шу куни Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг мамлакатимизга давлат ташрифининг асосий тадбирлари бўлиб ўтди.
Тадбир дастуридаги воқеалар якунлангач, “Тошкент-Ҳумо” халқаро аэропортида давлатимиз раҳбари Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Озарбайжон Президентларини самимий кузатиб қўйди. Улар ўз юртларига жўнаб кетдилар.
Эртага, 17 ноябрь куни Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг мамлакатимизга давлат ташрифининг асосий тадбирлари бўлиб ўтади.


