13.11.2025
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 14-16 ноябрь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.
Ташриф дастурига мувофиқ, олий даражадаги музокаралар ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши ўтказилиши кўзда тутилган.
Кун тартибидаги асосий мавзу – савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари, маданий-гуманитар лойиҳалар каби устувор йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш.
Минтақавий ва глобал сиёсатнинг долзарб масалалари, кўп томонлама форматлар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилади.
Халқаро саноат кооперацияси маркази ва қатор қўшма лойиҳаларни ишга тушириш, Ўзбекистон – Қозоғистон стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган.
Қозоғистон Республикаси Президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида ҳам иштирок этади.


