07.08.2017
Мамлакатимиз кино санъати бир асрдан зиёд тарихга эга бўлиб, ўзига хос тараққиёт йўлини босиб ўтди. Бу давр мобайнида ўзбек киносининг пойдевори яратилиб, у халқимизнинг маданий-маънавий ҳаётида муҳим ўрин эгаллади.
Мустақиллик йилларида миллий кинематография ривожига давлатимиз томонидан қаратилаётган катта эътибор натижасида соҳада муайян ютуқларга эришилди. Мазмун ва шакл жиҳатидан ранг-баранг кино асарлар яратилиб, улар томошабинлар эътиборини қозонди.
Айни вақтда бугун жаҳонда кечаётган глобаллашув жараёнлари, мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилашнинг устувор вазифалари барча соҳа ва тармоқлар қаторида кино санъати фаолиятини ҳам такомиллаштириш, соҳа ривожи учун янги имкониятлар яратишни талаб этмоқда.
Қайд этиш керакки, кинематография соҳасида норматив-ҳуқуқий базанинг мукаммал эмаслиги, кино ишлаб чиқарадиган етакчи корхоналар, жумладан “Ўзбекфильм”, “Қорақалпоқфильм” ҳамда “Илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар” киностудияларининг моддий-техник базаси жисмоний ва маънавий жиҳатдан эскиргани, кинофильмларни молиялаштириш тизимининг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги, кинотеатрлар ва малакали кадрлар етишмаслиги соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатмокда.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга асосланиб, халқимиз, аввало, ёшлар онгига миллий истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, она Ватанга муҳаббат туйғуларини сингдиришда катта таъсир кучига эга бўлган кино санъатининг ролини ошириш, “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг фаолиятини такомиллаштириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси таркиби 1-иловага мувофиқ;
Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури 2-иловага мувофиқ;
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги марказий аппаратининг тузилмаси 3-иловага мувофиқ;
“Ўзбеккино” Миллий агентлигининг “Қорақалпоқкино” агентлиги ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимларининг намунавий тузилмалари 4- ва 5-иловаларга мувофиқ;
“Республика кинофонди” давлат унитар корхонасининг тузилмаси 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги қошида Ўзбекистон кино арбоблари ижодий уюшмаси юридик шахс сифатида ташкил этилсин ва унинг тузилмаси 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директорига, зарур ҳолларда, “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг марказий аппарати, тизим ташкилотлари ҳамда “Қорақалпоқкино” агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
2. Ўзбеккино” Миллий агентлиги учун давлат буюртмасига асосан миллий кино маҳсулотларини яратиш йиллик ишлаб чиқариш ҳажмларининг қуйидаги прогноз кўрсаткичлари белгилансин:
2018 йилда - 20 та, 2020 йилдан бошлаб - 30 тадан тўлиқ метражли бадиий фильмлар ишлаб чиқариш;
2018 йилда – 40 қисмдан иборат 20 та, 2019 йилда - 50 қисмдан иборат 25 та ва 2020 йилдан бошлаб – 60 қисмдан иборат 30 та ҳужжатли, илмий-оммабоп, ўқув-услубий фильмлар, киносолномалар, киножурналлар ишлаб чиқариш;
мультипликацион фильмларни 2018 йилда 15 та, 2022 йилдан бошлаб ҳар йили 50 тадан ишлаб чиқариш;
ёш кино ижодкорларнинг 10 соатдан иборат қисқа метражли фильмлари, болалар учун юмористик киножурналлар суратга олиш;
давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқарилган фильмларни жаҳон бозорига чиқариш ва фестивалларда намойиш этиш учун чет тилларга субтитрлаштириш ва дубляж қилиш;
миллий кинематографиянинг энг сара асарларини тиклаш, реставрация қилиш ва замонавий форматга ўтказиш.
3. Миллий кинематография санъатини замон талаблари асосида ривожлантириш, ёш кино ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳузурида Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ташкил этилсин ва унинг маблағларини шакллантиришнинг манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
давлат буюртмаси ва Жамғарма маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқарилган фильмларнинг кинопрокатидан тушадиган маблағлар;
давлат буюртмаси ва Жамғарма маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқарилган фильмларни намойиш этиш мобайнида жойлаштириладиган тижорат эълонларидан тушадиган
маблағларнинг 10 (ўн) фоизига тенг миқдордаги мажбурий ажратмалар;
Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини қонун ҳужжатларига мувофиқ банк депозитлари шаклида ва бошқа шаклларда жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан кино ва бошқа маданий- ижтимоий тадбирларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш билан боғлик бўлган фаолиятидан олинадиган даромадлар;
юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
4.“Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг кинофильмлар намойишини самарали ташкил этиш, аҳоли, айниқса ёшларга маданий хизмат кўрсатиш учун шароит яратиш мақсадида мамлакатимиздаги мавжуд ёшлар марказлари, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, лицей ва коллежларнинг биноларидан фойдаланган ҳолда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳузурида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда таркибида кичик киностудиялари ва замонавий форматдаги кинозаллари бўлган минтақавий маданий-кўнгилочар комплекслар (кейинги ўринларда комплекслар деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ва “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” Давлат унитар корхонаси 2018 йил 1 январгача “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг техник топшириғи ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ҳар томонлама ўрганиш асосида комплексларнинг намунавий лойиҳасини ишлаб чиқсин, унинг майдонларида замонавий кинозалларни (2-қават), шунингдек, савдо-кўнгилочар объектларни (1-қават) жойлаштиришни назарда тутсин.
6. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда:
Кинематография соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш мақсадида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги қошида атоқли кино ижодкорлар дарс берадиган малака ошириш курсларини ва “Маҳорат мактаблари”ни ташкил этиш;
Мамлакатимизнинг ёш, истеъдодли ва истиқболли кино ижодкорлари малакасини ошириш мақсадида уларнинг тегишли етакчи хорижий таълим муассасаларида мунтазам равишда таҳсил олишига зарур шарт-шароитлар яратиш юзасидан 2018 йилнинг 1 январига қадар Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
Белгилаб қуйилсинки, мазкур бандда кўрсатилган чора-тадбирлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
7. “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида:
“Қорақалпоқкино” агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлимларини 1 тадан “Дамас” русумли автомашина билан таъминлаш;
“Қорақалпоқкино” агентлиги ва вилоятлар ҳудудий бўлимларига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан сақланадиган 4 тадан қўшимча штат бирлиги ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
8. Белгилаб қўйилсинки:
“Ўзбеккино” Миллий агентлигининг марказий аппарати,“Қорақалпоқкино” агентлиги ва ҳудудий бўлимларини сақлаш, шунингдек, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади;
Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмасини сақлаш харажатлари Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
миллий кино маҳсулотларини яратишнинг белгиланган йиллик ишлаб чиқариш ҳажмларининг прогноз кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги марказий аппаратига 3 та шахсан бириктирилган ва 1 та навбатчи хизмат автотранспортини сақлаш учун лимит ажратсин;
“Республика кинофонди” давлат унитар корхонасининг фаолиятини,
2020 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи молиялаштиришга ўтиш шарти билан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг параметрларида ижтимоий соҳага назарда тутилган маблағлар доирасида молиялаштирилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2017 йилги параметрлари доирасида “Қорақалпоқкино” агентлиги, вилоятлар Тошкент шаҳар ҳудудий бўлимларини 1 тадан “Дамас” русумли автомашина билан таъминлаш учун зарур маблағларни “Ўзбеккино” Миллий агентлигига ажратсин.
10. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги:
Адлия вазирлиги билан биргаликда давлат унитар корхоналари шаклида ташкил этиладиган минтақавий маданий-кўнгилочар комплекслар тўғрисидаги Низомни уч ой муддатда ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқариладиган кинофильмларнинг ғоявий-бадиий савияси, мазмун-моҳияти ҳамда профессионал даражасини ошириш мақсадида соҳа намоёндалари, тажрибали етук мутахассислардан иборат Бадиий кенгаш таркибини шакллантириб, унинг Низомини ишлаб чиқсин ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда икки ой муддатда тасдиқласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда:
мазкур қарор ижросини таъминлашга қаратилган, шу жумладан, Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси ва Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низомни тасдиқлашни назарда тутувчи ҳукумат қарорини қабул қилсин;
12. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда: қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин; ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.М.Султонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев