04.11.2025
Ҳурматли Раис Хоним Олиялари!
Ҳурматли Бош котиб Жаноби Олийлари!
Ҳурматли давлат ва ҳукумат раҳбарлари!
Қадрли биродарим, Қатар Амири Шайх Тамим Ол-Соний Аъло Ҳазратларига Бутунжаҳон саммитини юксак даражада ташкил этаётганлари ва самимий меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик изҳор этаман.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Жаноби Олийларига ушбу анжуманни ўтказишдаги улкан шахсий ҳиссаси учун алоҳида ташаккур билдираман.
Глобал ижтимоий тараққиёт учун муҳим платформа бўлган саммитнинг айнан Доҳа шаҳрида ўтказилаётгани катта рамзий маънога эга.
Қатар Давлати сўнгги йилларда ижтимоий инклюзивлик ва жадал тараққиётнинг глобал марказига айланмоқда. Бундай оламшумул ютуқлар билан Қатар халқини чин дилдан табриклайман.
Бугунги кунда ижтимоий фаровонликни таъминлаш, аҳоли турмушини яхшилаш борасида дунё ҳамжамияти ва миллий ҳукуматлар биргаликда ҳаракат қилаётгани эътиборга моликдир.
Ўзбекистон барқарор тараққиёт сари барча халқаро ҳамкорлик форматлари ва ташаббусларини доим қўллаб-қувватлайди.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Биз кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” деган тамойил устувор бўлган, ижтимоий адолат таъминланган, эҳтиёжманд аҳоли самарали ҳимоя қилинган жамият барпо этмоқдамиз. Бу йўлдаги қатъий позициямиз янги Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилди ҳамда мамлакатимизнинг ижтимоий давлат сифатидаги мақоми эълон қилинди.
Аввал тарқоқ бўлган ижтимоий ҳимоя дастурлари ягона тузилма – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги асосида бирлаштирилди. Янги ижтимоий ҳимоя моделимиз жамиятнинг қуйи бўғини бўлган маҳалладан бошлаб, ҳар бир хонадон ва оилани қамраб олмоқда.
Охирги йилларда камбағаллик даражасини 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартиришга эришдик. Биз бу йўлдаги ислоҳотларни бундан кейин ҳам давом эттирамиз.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Жаҳонда мураккаб иқтисодий-ижтимоий жараёнлар кечаётган ҳозирги шароитда қуйидаги таклифларни илгари сурмоқчиман.
Биринчидан, камбағалликка қарши курашишда халқаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш муҳим.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда 1 миллиард 100 миллион аҳоли камбағалликда умр кечирмоқда.
Ривожланаётган давлатларнинг ижтимоий дастурларига ресурсларни кенг жалб этиш мақсадида камбағалликка қарши курашишнинг янги молиявий архитектурасини яратиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз.
Бу борада ижтимоий тенгсизликни камайтириш, камбағалликни қисқартиришга амалий ёрдам берадиган Глобал ижтимоий адолат фондини таъсис этишни таклиф этамиз.
Иккинчидан, бандлик масаласини самарали ҳал этишда янги, замонавий механизмларни ишга тушириш долзарб аҳамиятга эга.
Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоботига кўра, 2024 йилда глобал ишсизлик даражаси 5 фоизни ташкил этди. Юқори технологиялар, сунъий интеллектнинг жадал кириб келаётгани дунёда миллионлаб иш ўринларининг йўқотилишига олиб келмоқда.
Бундай шароитда ҳукуматлар ва бизнес ижтимоий ҳамкор сифатида ходимларни қўллаб-қувватлашга катта аҳамият бериши зарур. Шу муносабат билан ижтимоий масъулият ва муносиб меҳнат бўйича глобал ташаббусни ишлаб чиқиш ҳақидаги таклифимизни маъқуллайсиз, деб ишонамиз.
Учинчидан, барча учун таълим имкониятларини кенгайтириш орқали ижтимоий муаммоларга самарали ечим топиш мумкин.
Ҳозирги даврда саводсизликнинг йиллик иқтисодий зарари 1,4 триллион АҚШ долларига тенг, деб баҳоланмоқда. Бу эса ёш авлодни ижтимоий ҳаёт ва меҳнат бозорида ўз ўрнини топишини қийинлаштирмоқда ҳамда тенгсизликнинг кескин ўсишига сабаб бўлмоқда.
Биз кеча ўтган Очлик ва қашшоқликка қарши кураш бўйича Глобал альянснинг илк учрашуви қарорларини тўлиқ маъқуллаймиз. Унинг келгуси саммитларидан бирини Ўзбекистонда ўтказишни ва таълим масаласини асосий кун тартиби сифатида белгилашни таклиф қиламиз.
Тўртинчидан, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини тизимли ҳимоя қилиш зарурати ортиб бормоқда.
Ҳозирги кунда дунёда 300 миллиондан ортиқ мигрантлар ўзга юртларда меҳнат қилмоқда. Афсуски, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар кўплаб учрамоқда.
Келгуси йили халқаро меҳнат ва миграция ташкилотлари билан биргаликда Ўзбекистонда Мигрантлар ва уларнинг оилаларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича халқаро форум ўтказиш ва Глобал дастур қабул қилишни таклиф этаман.
Бешинчидан, барчамиз иқлим ўзгаришининг ижтимоий ҳаётга таъсирини яққол сезиб турибмиз.
Экстремал об-ҳаво, чўлланиш, биохилма-хилликнинг йўқолиши, энг аввало, заиф қатламлар – деҳқонлар, мавсумий ишчилар, мураккаб экологик вазиятдаги минтақалар аҳолиси ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Иқлим ўзгаришига қарши курашни бандлик дастурлари билан уйғунлаштириш бўйича комплекс чораларни кўриш – жуда долзарб вазифа. Бу борада Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияси билан экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилинган Оролбўйи минтақасида Ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг янги моделини ишга тушириш ниятидамиз. Ва бу йўналишдаги тажрибамизни жаҳон ҳамжамияти билан ўртоқлашишга тайёрмиз.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Бугун биз қабул қилаётган қарорлар жаҳондаги миллионлаб одамларга ишонч ва умид бағишлаши, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга салмоқли ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Халқаро тараққиёт йўлида ижтимоий келишувни янгилаш, ҳар бир инсон учун муносиб ҳаёт тарзини яратиш бизнинг асосий бурчимиздир.
Шу маънода, бугун қабул қилинаётган Доҳа сиёсий декларациясини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Биз унда белгиланган тамойилларни ҳаётга тўлиқ татбиқ этишга тайёрмиз. Ҳеч шубҳасиз, ушбу тарихий декларация Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида умумий саъй-ҳаракатларни кучайтиришга хизмат қилади.
Сўзимнинг якунида барчангизга омад ва ютуқлар, Бутунжаҳон саммити ишига эса муваффақият тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.


