icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқи

30.10.2025

Ҳурматли Раис Жаноби Олийлари!

Ҳурматли Азуле Хоним Олиялари!

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Сизларни асрлар давомида маданиятлар ва цивилизациялар чорраҳасида жойлашган бетакрор Ўзбекистон диёрида самимий қутлашдан беҳад бахтиёрман.

Конференциямиз сўнгги 40 йил ичида илк бор ЮНЕСКО Бош қароргоҳидан ташқарида – кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд заминида бўлиб ўтмоқда. Бу бизга албатта катта ифтихор бағишлайди.

Фурсатдан фойдаланиб, анжуманимизда иштирок этаётган Сербия Президенти, ҳурматли Александр Вучич Жаноби Олийларига, Словакия Президенти, ҳурматли Петер Пеллегрини Жаноби Олийларига, ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле Хоним Олияларига, барча иштирокчи давлатлар делегацияларига чуқур миннатдорлик изҳор этаман.

Бундай нуфузли форумнинг мамлакатимизда ўтказилаётганини Ташкилотга аъзо давлатларнинг Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли, жадал ислоҳотларга бўлган юксак ишончининг ёрқин ифодаси, деб қабул қиламиз.

Шонли саксон йиллик юбилейини нишонлаётган ЮНЕСКО ўтган давр мобайнида таълим, илм-фан, маданият, санъат, ахборот соҳасида глобал ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик борасида жаҳондаги нуфузли институт сифатида ўзини намоён этиб келмоқда.

Ташкилотимизнинг дунё халқларининг миллий ўзлигини сақлаш, маданий меросини асраб-авайлаш, турли динлар ўртасида яқин мулоқотни кучайтиришдаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Анжуманимиз инсониятнинг тарих солномасига гуманистик ғоялар, нодир билимлар, цивилизациялараро мулоқот маркази сифатида кирган Самарқанд шаҳрида ўтказилаётганида чуқур рамзий маъно бор.

Бу қадимий кент азалдан башариятнинг буюк кашфиётлари бешиги, илм-фан, адабиёт ва маданият гуллаб-яшнаган маскан бўлган. Биргина мисол. Улуғ ҳукмдор ва аллома Мирзо Улуғбек барпо этган расадхона гумбазлари остида ноёб юлдузлар жадвали яратилган. Бу жадвал кейинчалик Коперник ва Кеплер каби машҳур олимларнинг илмий кашфиётлари очилишига хизмат қилгани тарихдан яхши маълум.

Уч минг йиллик шонли ўтмишга эга, Буюк ипак йўлининг дурдонаси бўлган, миллат ва элатларнинг тинчлик ва дўстлик макони – муаззам Самарқандга хуш келибсизлар!

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Шиддат билан ўзгараётган дунёда гуманитар соҳада глобал консенсус ва кўп томонлама ҳамкорлик механизмларининг заифлашаётгани, албатта, барчамизда жиддий ташвиш уйғотмоқда.

Геосиёсий кескинлик ва ҳарбий можаролар таъсирида сайёрамиздаги ноёб ёдгорликлар, муқаддас қадамжолар ва бебаҳо маданий мерос катта зиён кўрмоқда.

Давлатлар ўртасида билим ва технологиялар, рақамли ресурслардан фойдаланиш бўйича тафовут ортиб бормоқда. Бунинг натижасида имкониятлар тенгсизлиги ва қашшоқлик кучаймоқда. Бундай мураккаб вазият ЮНЕСКОнинг асосий вазифаларини тўлиқ амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларимизни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бирлаштиришни тақозо этмоқда.

Биз ЮНЕСКОнинг олижаноб ва эзгу мақсадларига қатъий содиқ эканимизни яна бир бор таъкидлаймиз. Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида уйғунлик кўприги, барча учун очиқ ва конструктив ҳамкорлик майдони бўлишга ҳамиша тайёр.

Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида сўнгги йилларда ўзаро ҳамкорликни янги сифат босқичига кўтариш учун изчил ҳаракат қилмоқда. Жумладан, 2027 йилгача бўлган беш йиллик ҳамкорлик дастури самарали амалга оширилмоқда. Буюк аждодларимиз – Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Амир Темур, Али Қушчи, Камолиддин Беҳзоднинг юбилейлари, Хоразм Маъмун академияси сингари илмий даргоҳлар, “Алпомиш” эпоси каби адабий ёдгорликларнинг тарихий саналари халқаро миқёсда кенг нишонланди.

Бутунжаҳон мероси рўйхатига кирган Хива, Бухоро, Шаҳрисабз ва Самарқанд шаҳарлари қаторига Зарафшон-Қорақум йўлаги бўйлаб жойлашган бебаҳо обидалар ҳам қўшилди. Бу рўйхатдан жой олган Ғарбий Тяньшань ва Турон чўлларининг табиий ҳудудлари ҳам минтақамизнинг ноёб биологик хилма-хиллигини яққол намоён этади.

Бундан ташқари, “Шашмақом”, Катта ашула, “Лазги” рақси, аския, кулолчилик ва наққошлик санъатлари, Наврўз айёми, атлас ва адрас ишлаб чиқариш анъанаси каби йигирмага яқин номоддий мерос намуналарини дунё халқлари муносиб эътироф этмоқда.

ЮНЕСКО шафелигида “Шарқ тароналари”, “Мақом санъати”, Бахшичилик, Ҳунармандчилик, Этноспорт фестиваллари мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистоннинг ташаббуси билан “Хива жараёни: Марказий Осиёда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш” резолюцияси, (2021 йил), “Кичик ёшдаги болаларга ғамхўрлик қилиш ва таълим бериш бўйича Тошкент декларацияси” ҳамда “Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни муносабати билан Тошкент декларацияси” (2023 йил) каби муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.

Республикамизда ЮНЕСКОнинг 8 та кафедраси, 24 та ҳамкор мактаби фаолият кўрсатмоқда. Тошкент ва Фарғона ЮНЕСКОнинг таълим шаҳарлари Глобал тармоғидан жой олди. Шунингдек, юзлаб маданий мерос объектлари илғор технология ва халқаро стандартлар асосида реставрация қилинди.

Ҳурматли дўстлар!

Самарқанддаги Бош конференция доирасида юртимизда қатор қўшимча тадбирлар ўтказилади. Жумладан, кўҳна Бухорода илк марта замонавий санъат биенналеси бўлиб ўтмоқда, пойтахтимизда ЮНЕСКО шафелигида Мактабгача таълимни ривожлантириш минтақавий маркази очилади, Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофотининг совриндорларини тақдирлаймиз, музейлар фаолиятида сунъий интеллектнинг ўрни ва аҳамиятига бағишланган халқаро анжуман ташкил этилмоқда, олий таълим соҳасидаги квалификацияларни тан олишга оид Глобал конвенцияга ҳам қўшиламиз.

Ташаббусларимизни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, халқаро тадбирларимизда фаол иштирок этиб келаётгани учун барча аъзо давлатларга алоҳида ташаккур изҳор этаман.

Азиз меҳмонлар!

ЮНЕСКОнинг глобал мақсадларига эришиш ва кўп қиррали ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Кун тартибидаги асосий масалалар бўйича қатор таклифларни илгари сурмоқчиман.

Биринчидан, инклюзив таълимни ривожлантириш ва соҳада сунъий интеллект технологияларини кенг қўллаш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланмоқда.

Жисмоний ва ижтимоий хусусиятларидан қатъи назар, ҳар бир болага таълим олиши учун тенг имкониятларни яратиб бериш жуда муҳимдир. Бу борада ЮНЕСКОнинг алоҳида эҳтиёжли болалар учун Инклюзив таълимни ривожлантириш платформасини жорий этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Таълим соҳасида ўзаро билим ва тажриба алмашиш учун халқаро мулоқот форматини яратиш мақсадида Жаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш бўйича режамизни қўллаб-қувватлайсиз, деб ишонамиз.

Ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган ва креатив фикрлайдиган янги авлодни тарбиялаш устувор вазифамиздир. Сунъий интеллектни таълим тизимига кенг жорий этиш мақсадида юртимизда ЮНЕСКО иштирокида “Сунъий интеллект – мактаб” намунавий лойиҳасини амалга оширишга тайёрмиз.

Шунингдек, ЮНЕСКО шафелигида барча қитъаларнинг етакчи олийгоҳлари, педагогика ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари иштирокида Сунъий интеллект этикаси бўйича халқаро экспертлар анжуманини ўтказишни таклиф этамиз.

Иккинчидан, инсониятнинг бебаҳо хазинаси бўлган жаҳон номоддий маданий меросини сақлаб қолиш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришимиз зарур.

Бундай ноёб мерос объектлари бўлган халқ оғзаки ижодиёти, қўлёзмалар, архивлар ва қимматли тарихий ҳужжатлар, маданий маълумотларни сақлаш, уларнинг барча учун очиқлигини таъминлаш мақсадида яратилган ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастурини ривожлантиришдан манфаатдормиз.

Дунё маънавий хазинасини жамлаган ушбу дастур яратилган санани ҳар йили нишонлаш мақсадида 19 ноябрни “Ҳужжатли мерос халқаро куни”, деб эълон қилишни, шунингдек, ЮНЕСКО тузилмасига кирадиган Рақамли мерос бўйича халқаро институтни ташкил этишни таклиф қиламиз.

Маълумки, қадимий Бухоро ҳунармандчилик бўйича ЮНЕСКО Ижодкор шаҳарлар тармоғининг аъзоси ҳисобланади. Биз ушбу шаҳарда 2027 йили мазкур йўналишда халқаро конгрессни қабул қилишга тайёрмиз.

Учинчидан, хотин-қизларнинг етакчилик қобилияти ва компетенциясини таъминлаш учун глобал дастурларни фаол ишга тушириш, айниқса, муҳимдир.

ЮНЕСКО статистика институти маълумотларига кўра, жаҳонда илмий ва маданий муассасалар раҳбарларининг 25 фоизи, таълим соҳаси бошқарувчиларининг 30 фоизи, тадқиқотчиларнинг 33 фоизи хотин-қизлардир. Бу эса аёллар ҳуқуқларини таъминлашда, афсуски, тенгсизлик ҳамон сақланиб қолаётганини тасдиқлайди.

Ваҳоланки, гендер тенглиги ЮНЕСКОнинг фундаментал, устувор вазифаларидан бири бўлиб, Ташкилотнинг барча ташаббуслари унга интеграция қилиниши зарурлиги белгилаб қўйилган. Бу борада аъзо давлатларнинг энг илғор тажриба ва амалиётини ўрганиш, билимлар алмашиш мақсадида Хотин-қизлар етакчилиги бўйича ЮНЕСКО академиясини ташкил этиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, Самарқандда барча қитъаларнинг машҳур тадқиқотчилари, санъат намояндалари, педагог ва ихтирочи хотин-қизларнинг Таълим, маданият ва фан соҳасидаги глобал форумини ўтказишни таклиф этамиз.

Тўртинчидан, иқлим инқирозига қарши биргаликда самарали курашиш ҳам долзарб масаладир.

Ўртача ҳароратнинг сезиларли даражада кўтарилиши, музликларнинг эриши, чўлланиш, тупроқ қатламлари емирилиши, урбанизация жараёнлари маданий мерос объектларининг ҳолатига жиддий таъсир ўтказмоқда.

Атроф-муҳитга масъулият билан ёндашаётган, “яшил” дастурларни муваффақиятли татбиқ этаётган шаҳарларни алоҳида эътироф этиш ва рағбатлантириш бўйича “ЮНЕСКОнинг Экологик пойтахти” глобал ташаббусини илгари сурамиз. Бундан ташқари, ЮНЕСКО Ижроия Кенгашининг “Глобаллашув ва иқлим ўзгаришлари шароитида маданий меросни асраб-авайлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида”ги резолюциясини ишлаб чиқиш тарафдоримиз. Мазкур масала бўйича Хива шаҳрида халқаро симпозиум ўтказишга тайёрмиз.

Бешинчидан, виртуал маконда нохолис ахборотларни тарқатиш, жамоатчилик фикрини чалғитиш, дискриминацияга қарши биргаликда самарали чоралар кўриш жиддий заруратга айланмоқда.

Рақамли трансформация муҳитида дунёқараши шаклланаётган ёш авлоднинг энг яхши ижодий ишлари, мультимедиа ғояларини ўзаро алмашиш учун Болалар маданий контенти халқаро фестивалини ўтказиш ташаббусини билдирамиз.

Маълумотларни таҳлилий идрок этиш, ёшларни манипуляциядан ҳимоя қилиш, ахборот шаффофлигини таъминлаш мақсадида ЮНЕСКОнинг Медиа саводхонликни ривожлантириш бўйича кенг қамровли стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

Яна бир масала. Дунёда динлараро зиддиятлар тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда бағрикенглик, ўзаро тушуниш ва тотувлик каби умуминсоний ғояларни кенг тарғиб этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Ислом маданияти ва маърифатини дунёга тараннум этиш орқали радикализм ва исломофобияга қарши самарали курашиш мумкин. Бу борада Ўзбекистонда амалга оширилган ноёб лойиҳалар – Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд тадқиқот марказлари салоҳиятидан биргаликда фойдаланишга чақирамиз.

Қадрли дўстлар!

Бугунги анжуман ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш, ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш бўйича глобал ҳамкорлик механизмларини кучайтириш борасида улкан амалий қадам бўлишига аминман.

Ҳеч шубҳасиз, ЮНЕСКОнинг боқий анъана ва қадриятларидан куч олаётган “Самарқанд руҳи” бизни умумий тараққиёт сари янада бирлашишга ундайди.

Бу эзгу йўлда барчангизга янги омад ва зафарлар, ЮНЕСКО сессияси ишига эса муваффақият тилайман.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo