30.10.2025
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош директори Одри Азулени қабул қилди.
Ўзбекистон билан БМТнинг ушбу нуфузли институти ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбат аввалида Одри Азуле давлатимиз раҳбарини тарихий воқеа – ташкилот Бош конференциясининг 43-сессияси сўнгги 40 йилда илк бор ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги бош қароргоҳи ташқарисида ўтказилаётгани билан самимий табриклади.
Ўзбекистоннинг конференцияни юксак савияда ташкил этиш, шунингдек, уни амалий аҳамиятга эга тадбирлар билан бойитиш борасидаги кенг кўламли ишларига ижобий баҳо берилди.
Хусусан, ЮНЕСКОнинг Мактабгача таълим бўйича минтақавий маркази ишга туширилади, Беруний мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросими, Самарқанд шаҳрининг 3000 йиллиги муносабати билан махсус тадбир, шунингдек, музейлар, сунъий интеллект, гендер мавзулари бўйича форумлар ва бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорликда юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди. Биргаликда болалар таълими бўйича бутунжаҳон конференцияси ўтказилди, Парижда Берунийнинг 1050 йиллиги нишонланди, буюк аллома шарафига халқаро мукофот таъсис этилди.
Ўзбекистоннинг ташаббуси билан ЮНЕСКОнинг учта муҳим резолюцияси қабул қилинди. Ташкилотнинг махсус рўйхатларига Ўзбекистоннинг бир қатор янги объектлари ва маданий қадриятлари киритилди.
ЮНЕСКО билан шерикликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш, устувор йўналишларда янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик билдирилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти фан, таълим ва маданият соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришдаги катта хизматлари ҳамда халқимизнинг бой маданий меросини кенг оммалаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун Одри Азуле хонимга давлатимизнинг юксак мукофоти – “Дўстлик” орденини топширди.


