icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига

25.10.2025

Ҳурматли ички ишлар тизими ходимлари!

Қадрли офицер ва генераллар, сержант ва сафдорлар!

Муҳтарам фахрийлар!

Сиз, азизларни 25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Ушбу қутлуғ айёмда, аввало, Ватан олдидаги муқаддас қасамёдингизга доимо содиқ қолиб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида ўз зиммангиздаги ғоят муҳим вазифаларни юксак масъулият билан адо этиб келаётганингизни алоҳида таъкидлашни истардим.

Сўнгги йилларда ички ишлар органларини чинакам халқчил тузилмага айлантириш борасида амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимиз натижасида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик муҳитини ишончли таъминлаш бўйича мустаҳкам замин яратилди.

2025 йилда “Ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш” барча даражадаги раҳбарлар учун энг устувор вазифа этиб белгиланди. Шу мақсадда жиноятлар содир этилиши нуқтаи назаридан вазияти оғир бўлган маҳаллаларга ички ишлар органлари билан биргаликда барча мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот тизимидаги олийгоҳлар бириктирилиб, уларнинг жойлардаги кундалик манзилли фаолияти ва хавфсиз муҳит яратишга қаратилган “ягона фаолият занжири” яратилди.

Ушбу тоифадаги маҳаллалар кичик ҳудудларга бирлаштирилиб, уларда “тезкор ёрдам” функциясини бажарадиган ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилди, мигрантлар ва ёшлар билан ишлаш бўйича алоҳида ташкилий-профилактик механизмлар шакллантирилди. Профилактика, тезкор-қидирув, патруль-пост, йўл-патруль ва қўриқлаш хизмати инспекторларининг биргаликдаги фаолияти йўлга қўйилиб, улар “маҳалла еттилиги” ва аҳоли билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар, ижтимоий дастурлар ҳамда ҳуқуқий-тартиботни мустаҳкамлаш борасидаги тадбирлар натижасида йил давомида жами маҳаллаларнинг ярмидан кўпида жиноят содир этилмади, ёшлар, аёллар ва ишсизлар ўртасида жиноятчиликнинг кескин камайишига эришилди.

Ўз навбатида, соҳада замон талабларига мос равишда самарадорликка эришишга қаратилган янгича ишлаш амалиёти қарор топмоқда. Хусусан, ички ишлар органларининг рақамли инфратузилмасида трансформация жараёнлари бошланди, жамоат хавфсизлигини таъминлаш амалиётига сунъий интеллект имкониятлари кенг татбиқ этилмоқда.

Қисқа муддатда вазирлик ва идораларнинг қирққа яқин маълумотлар базаси билан интеграциялашган “Хавфсиз шаҳар” ягона платформаси яратилди, 20 дан ортиқ янги ахборот тизимлари ишга туширилди, “Ягона мигрант” ахборот базаси ёрдамида узоқ вақт хорижда юрган шахслар билан манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилди.

Дунё миқёсида тобора кучайиб бораётган кибержиноятларнинг таҳдид ва таъсиридан мамлакатимизни ишончли ҳимоя қилиш, айниқса, аҳолимизнинг улардан жабрланишига йўл қўймаслик бўйича комплекс механизмлар жорий этилмоқда. Табиийки, бу соҳада замонавий профессионал кадрларга бўлган талабни оширмоқда.

Шу жиҳатдан 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги Академиясида дуал таълим жараёни ва инновацион педагогик технологиялар асосида “Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти” йўналишида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилгани муҳим қадам бўлди.

Ҳурматли соҳа ходимлари!

Жиноятларнинг барвақт олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш орқали халқимиз ҳаётини янада осойишта ва файзли қилишга қаратилган ҳаракатларимизни биз бундан буён ҳам устувор даражада изчиллик билан давом эттирамиз. Бунда “маҳалла еттилиги” имкониятларидан самарали фойдаланиш, оила, таълим муассасаси, маҳалла фаоллари ва давлат идоралари ўртасида узвий ҳамкорликни таъминлашга алоҳида эътибор бериш лозим.

Биз замон талабларини ҳисобга олиб, ички ишлар органларида жиноятчиликка қарши курашиш жараёнини рақамли технологиялар имкониятларини кенг жорий этган ҳолда ташкил этиш, киберфирибгарлик ва киберўғирликларга чек қўйиш бўйича ишларни янгича ёндашувлар асосида янада фаоллаштирамиз.

Бутун жаҳонда гиёҳвандлик балоси асосан вояга етмаганлар ва ёшларни ўз домига тортаётгани ҳаммамизни огоҳликка ундаши зарур. Ушбу иллатдан миллий генофондимизни асраш мақсадида уюшган наркожиноятчиликка бутунлай чек қўйиш борасидаги ҳаракатларимизни янги босқичга олиб чиқишимиз, тезкор-профилактик ва тергов фаолиятини манзилли ташкил этишимиз керак.

Ишончим комил, ана шу устувор йўналишларда сафарбарликни кучайтириб, биргаликда ҳаракат қилиб, ишимиз самарасини кескин оширсак, халқимизнинг чинакам розилигига эришамиз.

Азиз дўстлар!

Фурсатдан фойдаланиб, сиз, азизларга Ватанимиз ва халқимиз тинчлиги йўлидаги садоқатли ва фидокорона хизматингиз учун самимий миннатдорлик билдираман.

Ушбу шонли айёмда эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган мард ва жасур соҳа ходимларининг хотирасини ҳурмат билан ёдга олиб, уларнинг оилалари ва фарзандларига эзгу тилакларимизни йўллаймиз.

Ҳеч шубҳасиз, ички ишлар органлари ходимларининг меҳнатини муносиб қадрлаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, замонавий иш шароитлари, зарур техник воситалар билан таъминлаш, малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалалари доимо эътиборимиз марказида бўлиб қолади.

Сизларни бугунги шукуҳли байрам билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик, масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo