icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш янги босқичга олиб чиқилади

21.10.2025

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 21 октябрь куни давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Сунъий интеллект технологиялари иқтисодиётдан тортиб, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқарув тизимигача чуқур кириб бормоқда. Йил бошида 2030 йилга бориб, дунё иқтисодиётида сунъий интеллект ҳажми 15 триллион долларга етиши прогноз қилинган бўлса, ҳозирги таҳлиллар бу рақам 20 триллион доллардан ортишини кўрсатмоқда.

– Бугун инсоният янги цивилизация босқичига – сунъий интеллект даврига дадил қадам қўймоқда. Қайси соҳа бўлмасин, ким бу жараёнда қаттиқ изланиб, аниқ натижа қилса, бир қадам олдинда юрса, марра шуники бўлади”, - деди давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистонда ҳам сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилиниб, соҳанинг ҳуқуқий асослари яратилди. Қисқа даврда давлат хизматлари, банк-молия, жамоат хавфсизлиги, транспорт каби йўналишларда 30 дан ортиқ пилот лойиҳалар ишга тушди.

Ўтган йили Сунъий интеллектни 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Рақамлаштириш вазирлигида бу соҳа билан ишлайдиган алоҳида марказ ташкил этилди.

Натижада бир йил ичида мамлакатимиз сунъий интеллектга тайёргарлик бўйича халқаро индексда 17 поғона юқорилади, Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади.

Эндиликда вазирлар ва тармоқ раҳбарларини рақамлаштиришга масъул ўринбосарлари бир вақтни ўзида соҳада сунъий интеллектни ривожлантиришга ҳам жавобгар бўлиши белгиланди. Шаҳар ва туманларда ҳам ҳокимларнинг рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича маслаҳатчиси лавозими киритилади. Келгуси йилдан вазирлик ва ҳудудларда сунъий интеллектни жорий этиш ҳолатини баҳолайдиган рейтинг тизимини ишга туширилади

Хорижий экспертлар Ўзбекистоннинг сунъий интеллект соҳасидаги салоҳиятини 10 миллиард долларга баҳоламоқда. Буни имкониятга айлантириш ва дунёда сунъий интеллектга талаб ортиб бораётган ҳозирги даврда рақобатдош бўлиш учун 3 та энг асосий масала – инфратузилма, очиқ маълумотлар ва кадр тайёрлашга эътиборни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш, энергетика, банк-молия, божхона-солиқ, транспорт, тоғ-кон ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида сунъий интеллект бўйича 100 та лойиҳа режалаштирилган. Уларни амалга ошириш учун шунга мос қувватлар, замонавий супер-компьютерлар керак. Лекин ҳозирги мавжуд қувватлар фақат кичик лойиҳаларни ишга тушириш учун етади.

Шу боис, замонавий супер-компьютер кластерлари ва дата- марказларни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди. Бу йил 16 та супер-компьютер сотиб олиш учун 50 миллион доллар ажратилди. Кейинги йил бу маблағ 2 карра оширилади.

Соҳага инвестицияларни рағбатлантириш учун Қорақалпоғистонда имтиёзли режим жорий қилиниши белгиланди. Сунъий интеллект инфратузилмасига 100 миллион доллардан кўп сармоя киритган инвесторларга электр энергияси нархи 5 цент этиб белгиланади, IT-парк имтиёзлари татбиқ этилади, импорт ускуналари божхона тўловидан озод этилади.

Шу билан бирга, олис ҳудудларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш учун кейинги йилдан “спутник интернет” операторлари фаолияти йўлга қўйилади.Улар беш йилга ер, мол-мулк, фойда ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилади.

Вазирлик ва идоралардаги маълумотлар ҳар хил серверларда тарқоқ сақланаётгани, уларни форматлари турлича бўлгани сунъий интеллектни жадал ривожлантиришга тўсқинлик қилаётгани кўрсатиб ўтилди.  Шу боис, вазирлик ва идоралардаги 55 та, келаси йил қолган барча маълумотлар базаларини ягона дата-марказ ўтказиш топширилди.

– Сунъий интеллект дастурлари самарали ишлаши учун улар, аввало, ўзбек тилини мукаммал даражада тушуниши зарур”, - деди давлатимиз раҳбари.

Ўзбек тилидаги адабиётлар, маълумотлар, мақолалар, ҳисоботлар, илмий ишларни рақамлаштириш, сунъий интеллект миллий маданиятимиз ва қадриятларимизни ўзида ифодалай олиши учун “Ўзбек тили корпуси”ни яратиш зарурлиги қайд этилди.

Президент сунъий интеллект соҳасида кадрлар тайёрлашни энг аввало мактаблардан бошлаш кераклигини таъкидлади.

Шу муносабат билан кейинги ўқув йилидан “Информатика” фани ўқув дастурларига сунъий интеллектга оид мавзулар киритилади. Бунинг учун Массачусетс технологиялар институти билан ҳамкорликда махсус дарслик ишлаб чиқилади.

Ёшларнинг сунъий интеллектдан фойдаланишга доир ғояларини аниқлаш ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида  “Бир миллион сунъий интеллект етакчиси” лойиҳаси кенгайтирилади, бўйича миллий танлов ўтказилиб, энг юқори натижа кўрсатган ёшлар, уларнинг устозлари ва таълим ташкилотлари муносиб рағбатлантирилади.

Йиғилишда олийгоҳларда сунъий интеллект лабораторияларини ташкил этиш чоралари ҳам белгилаб олинди. “Янги Ўзбекистон” университетида “тармоқ – олийгоҳ – ҳамкор” тамойилида ишлайдиган “сунъий интеллект кластери” ишга туширилади. Олийгоҳларда сунъий интеллект, фин-тех, кибер-хавфсизлик, IT-муҳандислик, аэрокосмик ва булутли технологиялар каби йўналишлар учун давлат гранти квоталари 35 фоизга оширилади.

Талабаларни сунъий интеллектга қизиқишини ошириш мақсадида ҳар бир ҳудудда олийгоҳлар жамоалари ўртасида сунъий интеллект бўйича умуммиллий танлов ўтказилади. Мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлган “Сунъий интеллект соҳасидаги энг яхши стартап” танлови ўтказилади.

Умуман, соҳани ривожлантириш борасида етакчи компаниялар, хорижий экспертлар ва ватандошларимиз, йирик давлат корхоналари, банклар ва олийгоҳларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мақсадида Сунъий интеллект альянсини тузиш таклифи қўллаб-қувватланди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo