icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашувдаги нутқи

17.10.2025

Ассалому алайкум, қадрли дўстлар, муҳтарам меҳмонлар!

Ҳурматли касаба уюшмалари фахрийлари ва фаоллари!

Сизлар билан мана шундай самимий, кўтаринки кайфиятда кўришиб турганимдан хурсандман.

Барчангизга, касаба уюшмаларининг кўп миллионли аъзоларига ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.

Биз бугунги кунда ўз олдимизга улкан марралар қўйиб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидан олдинга қараб дадил қадам ташлаяпмиз.

Дунёда геосиёсий ва иқтисодий кескинлик авж олиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда юртимизда тинчлик ва хотиржамликни мустаҳкамлаб, кўп миллатли халқимиз ҳаётини янада яхшилашга маҳкам бел боғлаганмиз.

Булар, албатта, ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ.

Қанчалик қийин бўлмасин, биргаликда қаттиқ меҳнат қилиб, турли синов ва машаққатлардан муносиб тарзда ўтиб бормоқдамиз. Бу борада меҳнаткаш ва бағрикенг халқимиз, ҳар бир юртдошимизнинг ўрни, қўшаётган ҳиссаси беқиёс, албатта.

Бугунги даврамизда ўз ҳаётини инсон меҳнатини, унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдек эзгу ишга бағишлаган, соҳада узоқ йиллар самарали хизмат қилиб, ҳурмат ва эътибор топган кўплаб одамларни кўриб турибман.

Инсон меҳнати, унинг қадр-қиммати қандай бебаҳо бойлик эканини сизлар ҳаммадан кўра яхши биласиз.

Юртимизда халқпарвар, ижтимоий давлат қуриш, инсон қадрини улуғлаш барча ислоҳотларимизнинг бош мақсадига айланган  ҳозирги кунда сиз, азизларнинг бой билим ва тажрибангиз биз учун жуда муҳим.

Фурсатдан фойдаланиб, ҳар бир корхона ва ташкилотга – ишчанлик муҳитини, меҳнат жамоаларига – рағбат ва адолат руҳини олиб кираётган касаба уюшмалари фаолларига чин дилдан миннатдорлик билдираман.

Азиз дўстлар!

Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Биз ўз ҳаётимизни ўзгартирмоқчи бўлсак, аввало, одамларнинг ҳақ-ҳуқуқини тан олишни ўрганишимиз керак”, деган эди.

Бу – ҳақ гап. Чиндан ҳам, ҳуқуқ ва эркинликлар таъминланган, одамлари эмин-эркин яшаб, меҳнат қилиб, даромад топадиган мамлакатда давлат ҳам, жамият ҳам албатта ривожланади. Шу боис, биз ислоҳотларни бошлаган илк кунлардан “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни амалга ошириш учун, аввало, иқтисодий-ижтимоий соҳаларни ривожлантиришни устувор вазифа сифатида белгилаб олдик.

Бу йўлдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли саккиз йилда иқтисодиётимизга 130 миллиард доллар инвестиция кириб келди, минглаб янги қувватлар ишга туширилди, миллионлаб доимий иш ўринлари яратилди.

Хусусий секторга кенг йўл очиб, чин юракдан ишлайман деган одамларга муносиб меҳнат шароитини яратиб берганимиз учун жон бошига даромад 3,5 минг долларга етди.

Ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш, меҳнатини муҳофаза қилиш, кафолатланган ижтимоий ҳимоядан фойдаланиши учун мустаҳкам қонуний асослар яратдик. Айниқса, янгиланган Конституциямиз, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилингани бу йўналишдаги муҳим қадамлар бўлди.

Парламентимиз ҳузуридаги Жамоатчилик эксперт кенгашлари таркибига касаба уюшмалари вакиллари ҳам киритилди. Бу эса қонунларни қабул қилишда ходимлар манфаати янада ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилмоқда.

Янги Ўзбекистонда эркин ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳам биз учун етакчи йўналиш бўлиб қолмоқда. Ижтимоий институтларни қўллаб-қувватлаш ҳажми 2017 йилга нисбатан 100 карра ошиб, бу йил 1 триллион 200 миллиард сўмга етди.

Айни вақтда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига аралашгани, жамоатчилик назорати натижаларини кўриб чиқмагани учун жавобгарлик белгиланди.

Бир сўз билан айтганда, миллий ҳуқуқ тизимимиз халқаро стандартларга мослашиб, инсон ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг барқарор кафолатига айланди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти стандартларини қабул қилаётган энг фаол давлатлар сафидан жой олаётгани дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Эътибор беринг, саккиз йил олдин ушбу ташкилотнинг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган ҳужжатлари сони 12 та бўлган бўлса, ҳозирги кунда 25 тага етди.

Ҳар бир ратификация орқали Ўзбекистон ўз зиммасига катта мажбурият олмоқда.

Нима учун ҳеч иккиланмасдан ўзимизга бундай улкан масъулиятни оляпмиз?

Чунки, барча ислоҳотларимиз замирида инсон қадрини улуғлаш мужассамдир. Ва бу – мамлакатимиз қўшилаётган халқаро ҳужжатлар мазмуни билан тўла ҳамоҳангдир.

Айнан инсон қадрига эътибор – барча ютуқларимиз асоси, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз!

Қадрли дўстлар!

Бир эслаб кўринг, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш узоқ йиллар биз учун энг оғриқли масала бўлиб келган эди. Фақат кучли ирода, қатъий позициямиз орқали биз бу мураккаб муаммони ижобий ҳал қилдик.

Янги Ўзбекистоннинг инсонпарварлик тамойилларига содиқ эканини кўрсатадиган бу ўзгариш ижтимоий ҳаётимизда мутлақо янги саҳифа очмоқда. Мамлакатимизнинг болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича илғор тажрибаси Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан намуна сифатида бошқа давлатларга тавсия этилгани ҳам шундан далолат беради.

Ўзбек пахтаси дунёдаги кўплаб нуфузли бренд компанияларнинг “қора рўйхати”дан чиқарилди. Cotton campaign ташкилоти Ўзбекистонга қўйилган тақиқни бутунлай бекор қилди. Европа Иттифоқи Ўзбекистонга ушбу сиёсий тузилма давлатлари бозорига имтиёзли кириб бориш имконини берадиган GSP+ тизимини тақдим этди. Миллий маҳсулотларимиз учун 26 та янги бозор очилди, Европага экспортимиз 5 карра ошиб, 1,5 миллиард долларга етди.

Илгари бундай рақамларни орзу ҳам қилолмас эдик. Бугун бу ишлар давом этмоқда. Масалан, кейинги ҳафтада Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги битимга имзо чекамиз. Бу – ташқи сиёсат, хавфсизлик, коррупция, терроризмга қарши курашиш ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан бирга, Европа давлатлари ҳамда мамлакатимиз ўртасида инвестиция ва савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Биз эришаётган ютуқлар халқаро миқёсда муносиб эътироф этилаётгани барчамизга мамнуният бағишлайди. 

Ўзбекистон саноқли давлатлар қаторида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Адолатли ўтиш жараёнлари учун иш ўринлари яратиш ва ижтимоий ҳимоя бўйича глобал акселератор” ташаббусида иштирок этмоқда; Халқаро меҳнат ташкилотининг “Ижтимоий адолат бўйича глобал коалицияси”да қатнашмоқда; мамлакатимиз ўтган йили ушбу ташкилотнинг Маъмурий кенгаши аъзолигига сайланди.

Халқаро майдонда Ватанимизга бўлган ҳурмат ва ишонч тобора ортиб, дунёнинг барча минтақаларида дўстларимиз, ҳамкорларимиз кўпаймоқда.

Буларнинг барчаси ислоҳотларимизга катта ишонч ва эътироф ифодаси эмасми?

Фурсатдан фойдаланиб, ана шу масалалар бўйича биз билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётган Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа нуфузли тузилмаларга миннатдорлик билдираман.

Ҳеч шубҳасиз, биз эришаётган натижаларда 8 миллионга яқин аъзога эга, энг халқчил ва катта нодавлат ташкилоти бўлган касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссаси бор.

Биз Ўзбекистонда касаба уюшмаларининг эркин ва мустақил фаолият юритиши учун барча шароитларни яратиб бердик ва мана шу принципларга ҳамиша содиқмиз. Касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини таъминлаш, уларнинг фаолиятига аралашмаслик бўйича сиёсатни бундан буён ҳам қатъий давом эттирамиз.

Шу ўринда касаба уюшмаларининг корхона ва ташкилотларда меҳнатга оид ҳуқуқларни ҳимоя қилишдаги жонбозлиги алоҳида эътирофга сазовор. Буни кейинги йилларда 500 мингга яқин ходимнинг қонуний ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, уларнинг фойдасига 267 миллиард сўм ундириб берилгани ҳам тасдиқлайди. Шунингдек, ишдаги бахтсиз ҳодисалар туфайли жабрланган 1 минг нафар ходимга 35 миллиард сўм товон пули тўлаб берилган. Бундан ташқари, ноҳақ бўшатилган 13 минг ходим ишга тикланган.

Тўрт йил олдин сизларнинг ташаббусингиз билан илк бор Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясини ташкил этдик. Бу касаба уюшмалари фаолиятида янги йўналиш бўлди.

Ишончим комил, олийгоҳ битирувчилари корхона ва ташкилотларда меҳнат ҳуқуқлари ҳимоячисига айланиб, бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади.

Умуман, касаба уюшмалари фаолиятининг янги қирралари нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам уларнинг ўрни ва нуфузи ортиб боришига хизмат қилмоқда. Федерация ташаббуси билан 2021 йилда Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари касаба уюшмалари кенгаши тузилди. 2023 йилда Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилотига асос солинди. 

Федерациямиз ўтган йили Халқаро касаба уюшмалари конфедерациясига аъзо бўлгани унинг дунёдаги мавқеини янги босқичга олиб чиқадиган тарихий воқеа бўлди. Федерациянинг ижтимоий ҳимоя, гендер тенгликни таъминлаш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, маданият ва спортни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Янги Ўзбекистонда ҳар бир инсонга муносиб меҳнат, касб соҳасида ўсиш, дам олиш ва саломатлигини тиклаши учун зарур шароит яратиш – ғоят муҳим масала.

Биз шу мақсадда ижтимоий давлатнинг янги моделини яратяпмиз. “Кучли касаба уюшмалари – кучли жамият асоси” деган ташаббус асосида сизлар бу жараёнда олдинги сафда бўлишингиз керак.

Энди, сизлар билан касаба уюшмалари фаолиятини янада ривожлантириш ва меҳнат муносабатларини яхшилаш бўйича келгуси вазифаларни белгилаб олсак, нима дейсизлар?

Биринчидан, одамларнинг ўз меҳнатидан манфаатдорлиги қанча ошса, ислоҳотлар самарадорлиги ҳам шунча юқори бўлади.

Яхши биласиз, 2023 йилдан биринчи марта минимал истеъмол харажатларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этдик. Янгиланган Конституциямизда пенсия, нафақа ва ижтимоий ёрдамлар миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.

Иқтисодиётимиз барқарор ўсиб бормоқда. Аҳолимизнинг турмуш фаровонлигини шунга мос равишда ошириш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини ҳам ҳар йили кўпайтириб боряпмиз.

Лекин, очиқ айтиш керак, бу масалалар кўпинча бир томонлама, яъни, давлат идораларининг ҳисоб-китоби ва таклифи билан ҳал қилинмоқда. Шу боис, келгуси йилдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига оид қонунчилик ҳужжатлари лойиҳасини ишлаб чиқишга Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссиясини ҳам (Касаба уюшмалари федерацияси, Бандлик вазирлиги, Иш берувчилар конфедерацияси) жалб қилсак, ўйлайманки, бу жуда тўғри бўлади.

Бу – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилашда ходимлар манфаатини кафолатли ҳимоя қилиш бўйича янгича ёндашув бўлади.

Шу ўринда бир ҳақиқатни яхши тушуниб олишимиз керак: инсон қадри, унинг ҳаёт сифати фақат иш ҳақи билан эмас, балки ижтимоий муҳит билан ҳам белгиланади. Бунинг учун ходимларни уй-жой, сифатли таълим, тиббиёт ва транспорт хизматлари билан кафолатли таъминлаб, энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларига етадиган даромад топишига шароит яратиб беришимиз зарур.

Бир сўз билан айтганда, ҳар бир ишчи, ҳар бир оила ўз ҳаётида сифат даражасини ҳис этиши, давлат ва жамият эса буни кафолатлаши лозим.

Касаба уюшмалари бу ишларда фаол иштирок этади, деб ишонаман.

Иккинчидан, глобаллашув ва рақамли тараққиёт шароитида меҳнат муносабатлари соҳасида янги шакллар ҳам кенг оммалашмоқда.

Имконият ва шароит яратиб берганимиз туфайли бугунги кунда 6 миллионга яқин аҳоли ўзини ўзи банд қилиб, рўзғор тебратмоқда. Масалан, ҳозирги вақтда одамларимиз IT дастурчиси, веб-дизайнер, ҳунарманд, такси ҳайдовчиси, курьер каби ўнлаб касбларда платформали бандлик асосида ишламоқда. Кўплаб фуқароларимиз, айниқса, хотин-қизлар масофадан туриб меҳнат қилишни ўрганди.

Бундан ташқари, биз маҳалла институтини тубдан ислоҳ қилиб, барча даражадаги раҳбарлар энг қуйи бўғинга тушиб ишлайдиган халқчил тизим яратдик.

Маҳаллаларни драйвер соҳаларга ихтисослаштириш ҳисобидан 1,5 миллион оила ўз хонадонида ишлаб, даромад олмоқда.

Бугун ушбу йўналишлар иқтисодий тараққиётимизнинг бир қисмига, уларда фаолият юритаётган одамлар эса меҳнат муносабатларининг тенг ҳуқуқли субъектига айланмоқда.

Энди, Касаба уюшмалари ҳам маҳаллалар билан яқиндан ишлайдиган самарали тизимни йўлга қўйса, ўйлайманки, тўғри бўлади.

Бандлик вазирлиги (Б. Зоҳидов) ҳам касаба уюшмалари билан бирга платформаларда фаолият юритаётган одамларимизнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш; уларнинг ҳаёти, хавфсизлигини суғурталаш бўйича асосланган таклифларни Ҳукуматга киритса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Учинчидан, касаба уюшмалари ўтган даврда хотин-қизлар меҳнатини муҳофаза қилиш бўйича катта тажриба тўплади.

Хусусан, улар “Аёллар дафтари” орқали 4,5 миллион нафар эҳтиёжманд, кам таъминланган опа-сингилларимизга ёрдам кўрсатишда бош-қош бўлди.

Хотин-қизларнинг фаол ижтимоий қатлам бўлиб шаклланишида касаба уюшмаларини етакчи кучга айлантириш учун бугун барча имкониятлар мавжуд. Бу борада “Касаба уюшмалари – аёллар манфаати йўлида” деган шиор асосида янги тизимни йўлга қўйишни таклиф этаман.

Ушбу тизим доирасида Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссия ва Федерация меҳнат бозорида хотин-қизлар учун тенг имкониятлар яратиш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига ва ижтимоий фаоллигини оширишга кўмаклашиш бўйича янги ёндашувларни жорий этса; уй-жой ва яшаш шароитини яхшилашга, тиббий, психологик, ҳуқуқий ёрдамга муҳтож, тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларни ҳам “Аёллар дафтари” орқали қўллаб-қувватлашни йўлга қўйса; қишлоқ жойларда аёллар бандлиги ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастурларини янада кенгайтирса; ҳар йили меҳнат жамоаларидаги гендер аудит натижаларини муҳокама қилиб, иш берувчилар билан биргаликда хотин-қизларга янада қулай меҳнат шароитларини яратса; 14 та тармоқ касаба уюшмалари бўйича гендер тенгликни таъминлаш учун манзилли стратегиялар ишлаб чиқиш чораларини кўриб борса, ўйлайманки, ҳурматли аёлларимиз мамнун бўлади.

Тўртинчидан, касаба уюшмалари – меҳнат муҳофазаси бўйича жамоатчилик назоратини олиб борадиган энг катта ташкилот.

Сўнгги беш йилда улар томонидан корхона ва ташкилотларда 152 мингта қонун бузилиши аниқланган. Аслида бундай ҳолатлар анча кўп.

Мисол учун, судлар томонидан уч йилда 48 мингдан зиёд меҳнат низолари кўриб чиқилган. Касаба уюшмалари яраштирувчи, муросага келтирувчи бўғин сифатида иш берувчи ва ходим ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилишда фаоллик кўрсатса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Шу билан бирга, иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқ. Масалан, бахтсиз ҳодисалар ҳисоби ва уларнинг сабабини ўрганиш ўттиз йил олдин қабул қилинган ҳукумат қароридаги эскирган нормалар асосида қоғозда юритилмоқда.

Бугун, барча соҳалар рақамлашаётган бир пайтда сунъий интеллектни жорий этиб, бундай ҳолатларни тезкорлик билан аниқлаш кераклигини сизлар, албатта, яхши тушунасиз.

Бандлик вазири Б. Зоҳидов, соғлиқни сақлаш вазири А. Худаяров, рақамли технологиялар вазири Ш. Шерматов Касаба уюшмалари билан бирга икки ой муддатда бахтсиз ҳодиса ва касбга оид касалликларга чалиниш ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни олишнинг ягона тизимини ишга туширсин; бундай ҳодисалар ҳисоботини юритиш, сабабларини таҳлил қилиш ва уларга ечим топиш бўйича қарор лойиҳасини киритсин.

Бешинчидан, ҳозирги вақтда Федерация таркибида 14 та тармоқ касаба уюшмаси фаолият юритмоқда.

Афсуски, тегишли тармоқларда меҳнат қилаётган ходимлар ҳуқуқларини ишончли таъминлайдиган ташаббусларни илгари суришда уларнинг овози эшитилмаяпти.

Кўряпсизлар, иқтисодиётимизга янги-янги соҳа ва йўналишлар, шунга мос тарзда янги касблар, замонавий технологиялар жадал кириб келмоқда. Ана шундай шароитда тармоқ касаба уюшмалари вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилиб, уларнинг олдига аниқ вазифалар қўйиб бориши керак эмасми?

Шунинг учун, вазирлик ва идоралар ҳамда тармоқ касаба уюшмалари коллегиал органларининг қўшма йиғилишини доимий равишда ўтказиб борадиган тизимни йўлга қўйишни таклиф этаман.

Ишончим комил, бундай мулоқот шакли “давлат – иш берувчилар – меҳнат жамоалари” ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаб, самарали механизмга айланади.

Олтинчидан, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2030 йилгача мўлжалланган дастур ишлаб чиқилмоқда.

Бундан кўзланган асосий мақсад – меҳнат соҳасида инсон қадрини ошириш, барча фуқаролар учун адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишдан иборат.

Шу боис, Касаба уюшмалари, Бандлик вазирлиги, Иш берувчилар конфедерацияси дастурда муносиб бандлик, меҳнат муҳофазаси, ижтимоий суғурта, гендер тенглик, ёшлар ва инклюзивлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиши зарур, деб ҳисоблайман.

Бундан ташқари, рақамлаштириш, сунъий интеллект ва “яшил” иқтисодиёт жадал ривожланаётган шароитда меҳнат муносабатлари ҳам шунга мос равишда йўлга қўйилиши керак.

Ишлаб чиқилаётган “Муносиб меҳнат” дастури жадал ўсиб бораётган иқтисодиётимизни ижтимоий адолат билан уйғунлаштирадиган стратегик “йўл харитаси” бўлади.

Еттинчидан, турли сабаблар билан ишсиз қолган, меҳнат жараёнида касаллик ёки ногиронликка чалинган одамларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш кафолатларини кучайтириш ҳам долзарб вазифадир.

Шу боис, тўғридан-тўғри амал қилувчи “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонун қабул қилинишини тезлаштириб, унда ижтимоий суғурта жамғармасини шакллантиришда иш берувчи ва ходимлар иштирокини аниқ белгилаб берсак, ўйлайманки, адолатдан бўлади.

Яна бир масала – ахборот коммуникациялари шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда одамларга ишончли маълумотларни ўз вақтида, тўғри етказиш жуда муҳим.

Касаба уюшмаларида бунинг учун имконият ҳам, шароит ҳам, салоҳият ҳам етарли.

Энг катта аудиторияга эга бўлган касаба уюшмалари ҳалол ва фидойи меҳнатни тарғиб қилиш ҳамда меҳнат муносабатларида қонунийликни таъминлашга оид ахборотларни жамоатчиликка биринчилардан бўлиб етказиб бориши керак.

Қадрли меҳмонлар!

Касаба уюшмалари тизимидаги 30 дан ортиқ санаторий ва 100 дан зиёд болалар оромгоҳлари ходимлар ва уларнинг фарзандлари саломатлигини тиклаб, ҳордиқ чиқаришлари учун хизмат қилмоқда.

Сўнгги беш йилда санаторийларда 900 мингга яқин аҳоли ўз саломатлигини тиклади, оромгоҳларда эса 800 минг бола дам олди.

Яқинда Иссиқкўлда “Бўстон-Резорт” пансионати ишга туширилгани юртдошларимиз учун яна бир қулайлик бўлди. Шу билан бирга, бу Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари мустаҳкамланиб бораётгани рамзига айланди.

Айни вақтда касаба уюшмалари инфратузилмаси аҳолимиз эҳтиёжларини тўлиқ қамраб олмаяпти, десак, буям ҳақиқат бўлади.

Бу масалада ҳокимлар ҳам четда турмаслиги керак. Улар ҳар йили ўз ҳудудида касаба уюшмалари билан биргаликда ёки давлат-хусусий шериклик ёрдамида замонавий лойиҳалар асосида биттадан санаторий ва оромгоҳ қуриш бўйича алоҳида дастур тасдиқласа, ўйлайманки, тўғри бўлади.

Азиз дўстлар!

Ҳаёт бир ҳақиқатни доимо таъкидлаб келади: тарихни пухта билмасдан туриб, келажакни барпо этиб бўлмайди. Шу боис, ҳар бир ташкилот ва муассаса тарихини ўрганиш, уларда меҳнат қилган инсонларни ёдга олиш, эзгу ишларини келажак авлодларга етказиш барчамизнинг бурчимиз.

Шу мақсадда олимларимиз, соҳа фахрийлари ва фаоллари томонидан ўтказилган ўрганишлар юртимизда касаба уюшмалари ҳаракатига 1905 йилда асос солинганини исботлади.

Бундан тўрт йил олдин Тошкент шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тарихи музейи соҳага оид маълумот ва экспонатлар билан халқимизни таништиришда муҳим роль ўйнамоқда.

Шу боис, бу йил бутун мамлакатимиз бўйлаб касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик юбилейи кенг нишонланмоқда. Мана шу қутлуғ сана муносабати билан меҳнаткаш халқимизга чуқур ҳурмат ва эҳтиром ифодаси сифатида ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари”ни ташкил этишни таклиф қиламан.

Ҳозир топшириқ бераман, вилоят ҳокимлари сизлар билан маслаҳатлашиб, икки ҳафта ичида жойини ажратиб беради. Касаба уюшмалари федерацияси – Тошкент шаҳрида, 14 та тармоқ касаба уюшмалари – вилоят марказларида ушбу боғларни ташкил қилишга ўзлари бош-қош бўлиб, уларни сўлим гўшага айлантирса, бу ҳам меҳнатсеварликнинг рамзий ифодаси бўлиб хизмат қилади.

Корхона ва ташкилотлардаги касаба уюшмалари ҳам ишхонасида, ходимлари яшайдиган маҳаллаларда дарахт эктириб, яшил ҳудудларни кенгайтирса, тозалик ва ободончилик ишларини ташкил қилса, ўйлайманки, меҳнат жамоаларидаги муҳит мутлақо бошқача бўлади.

Ҳурматли ватандошлар, қадрли дўстлар!

Бугунги мулоқотимизда айтилган таклиф ва ташаббуслар соҳа ривожи учун фойдали бўлди, деб ўйлайман.

Биргаликда бошлаган ишларимиз ҳар бир меҳнат жамоаси, ҳар бир ходим ва унинг оиласи учун манфаатли бўлаётганига яна бир бор амин бўлдим.

“Инсон қадри учун”, деган эзгу ғоя бундан буён ҳам Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Фурсатдан фойдаланиб, сиз, азизларни Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллик юбилейи ва яқинлашиб келаётган Касаба уюшмалари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда ютуқ ва омадлар, оилаларингизга бахт-саодат, файзу барака тилайман.

Эл-юртимиз доимо тинч ва обод бўлсин!

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo